Хитой ва Марказий Осиё давлатлари сиёсий партияларининг “Ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ривожланиш йўлидан қатъий бориш: сиёсий партияларнинг вазифаси ва масъулияти” мавзусидаги учинчи форуми видеконференц алоқа шаклида ўтказилди.
Мазкур анжуман жорий йил 25 январь куни дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллигига бағишлаб ташкил этилган Марказий Осиё ва Хитой давлат раҳбарларининг видеоанжуман шаклидаги учрашувида эришилган келишувга мувофиқ ташкил этилди.
Тадбирда Хитой Коммунистик партияси, Марказий Осиё мамлакатлари парламентлари ва сиёсий партияларидан 60 га яқин делегат қатнашди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда Хитой ва Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди. Хусусан, парламентлараро ҳамда сиёсий партиялар ўртасидаги алоқалар жадал тус олмоқда, ҳар томонлама стратегик шериклик янада мустаҳкамланмоқда.
Форумда Марказий Осиё давлатлари ва ХХР ўртасидаги 30 йиллик ҳамкорлик натижаларига, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган минтақавий ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилди. Кўп қиррали ҳамкорликка оид долзарб масалалар, истиқболдаги устувор йўналишлар юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери биринчи ўринбосари Акмал Саидов мамлакатимизнинг Хитой ва Марказий Осиё давлатлари билан кўп томонлама стратегик муносабатлари, хусусан, парламентлараро алоқалар изчил ривожланаётганини таъкидлади. Анжуманда юртимиздаги бешта сиёсий партия вакиллари ҳам қатнашиб, маъруза қилди.
Иштирокчилар фикрича, ушбу форум ер юзининг салмоқли қисмини эгалллаган давлатлар ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий, маданий-маърифий алоқалар ривожини янги поғонага кўтаради. Жумладан, парламентлар фаолиятида қонун ижодкорлигини такомиллаштиришга хизмат қилади, ҳужжатларни янада мукаммал ишлаб чиқиш имкониятини кенгайтиради, партиялараро алоқаларни янги босқичга олиб чиқади. Сиёсий партияларнинг ўзаро тўғридан-тўғри мулоқотга киришиш механизмини шакллантиришга ёрдам беради.
Онлайн учрашувда Марказий Осиё ва Хитой халқларини янада яқинлаштириш, маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Форум якунида томонлар учун долзарб ва муҳим бўлган масалаларга доир умумий ёндашувлар баён қилинди, таклифлар билдирилди.
Улуғбек Маҳмирзаев, ЎзА мухбири