Президент раислигида видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

–Ҳар бир вилоятда йирик цемент корхоналари ва хусусий корхоналар билан биргаликда йўл қуриш ва эксплуатация кластерларини ташкил этиш орқали ички йўлларнинг эгасини топиш бўйича топшириқ берган эдим. Бу борада Қорақалпоғистон, Жиззах, Қашқадарё ва Навоийдаги ишлар аҳволи қолган ҳудудларга қараганда ҳали суст, – деди Президент.

Бу ҳудудлар ҳокимларига масаланинг ичига кириб, жиддий шуғулланиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Умуман, 2022 йилда 2 минг 300 километр, шу жумладан, Андижонда 270 километр, Фарғонада 200, Қашқадарё ва Тошкент вилоятида 190, Навоий, Наманган ва Самарқандда 180, Бухоро, Жиззах ва Сурхондарёда 170, Қорақалпоғистон ва Хоразмда 160, Сирдарёда 150 километр цемент-бетон қопламали ички йўлларни барпо этиш вазифаси қўйилди.

Бунинг учун 2022 йилда цемент ишлаб чиқариш ҳажми 3,5 миллион тоннага кўпаяди. Яъни, жорий йил якуни билан маҳаллий цемент ишлаб чиқариш ҳажми 18 миллион тоннага етади. Бу билан ички эҳтиёжлар тўлиқ қопланиши таъкидланди.

Бош прокуратурага янги қурилаётган цемент-бетон қопламали йўллар сифати устидан қатъий назорат ўрнатиш топширилди.

Шу билан бирга, Бухоро, Сирдарё, Хоразм вилоятларида цемент корхоналари мавжуд эмаслиги кўрсатиб ўтилди. Шу муносабат билан “Ўзбекистон темир йўллари” ушбу вилоятларда йўл қуриш учун темир йўл орқали цемент ва шағал ташишга 50 фоиз чегирма берадиган бўлди.

Йиғилишда йўл кластерлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 1 майдан бошлаб йил якунига қадар импорт қилинаётган цемент-бетон қопламали йўл қуриш техникалари божхона божи ва утилизация йиғимидан озод қилиниши белгиланди.

Мазкур ишларга қўшимча 500 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Жорий йилда халқаро молия ташкилотларидан 80 миллион, келгуси йилда бу ишларни кенгайтириш учун 200 миллион доллар маблағ жалб қилиш чоралари кўрилади.

ЎзА