Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида мактаб таълимини ислоҳ қилиш бўйича йил бошида белгиланган топшириқлар ижроси, йил якунига қадар устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш давом этмоқда.

Таъкидланганидек, ҳамма вилоятларда Президент мактаблари очилди, уларда замонавий илғор методикалар асосида таълим берилмоқда. Хусусий мактабларда ҳам бундай илғор методикалар жорий қилинаяпти.

–Савол туғилади, қайси ҳоким ўз мактабларида ушбу илғор методикаларни жорий қилиш бўйича ишлаяпти? Афсуски, ҳозирча бундай ташаббуслар йўқ,– деди Президент. Шунингдек, республика бўйича айни пайтда 120 та мактаб юқори коэффициентда ишламоқда.

Бундан ташқари, кўплаб мактаб филиалларининг аҳволи мутлақо бугунги кун талабига жавоб бермайди.

Мактабларни компьютер билан таъминлаш бўйича маблағлар ажратилган бўлса-да, Қорақалпоғистон, Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Наманган ва Тошкент вилоятларида ишлар суст кетаётгани танқид қилинди.

Олис ва чекка ҳудудлардаги ҳамда “оғир” шароитдаги мактабларда таълим сифатини ошириш билан боғлиқ ишлар қониқарсизлиги кўрсатиб ўтилди.

Президент келгуси устувор вазифаларни белгилаб берди.

Энг аввало, мактаб ўқитувчиларини янги методика асосида қайта тайёрлаш бўйича умуммиллий лойиҳа бошланади.

Ушбу янги тизим доирасида келгуси 3-4 йилда мактаблардаги барча синф ўқитувчилари янги методика асосида ўқитилади. Бунинг учун:

– 1 июнга қадар ҳар бир ҳудуддаги Малака ошириш марказлари негизида Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий таълим марказлари ташкил этилади;

– ушбу марказларга математика, физика, кимё, биология, IT каби аниқ ва табиий фанлар бўйича хориждан энг малакали мутахассислар жалб қилинади;

– хорижий мутахассислар ёрдамида олийгоҳ, миллий таълим марказлари ва мобиль гуруҳларнинг муаллимларидан иборат ҳар бир вилоят кесимида “тренерлар гуруҳлари” шакллантирилади;

– мазкур тренерлар эса жойларда мактаб ўқитувчиларининг бевосита малакасини ошириб боради. Уларнинг ойлик иш ҳақига 100 фоизгача устамалар тўланади.

Умуман, юқоридаги янги тизимларни жорий қилиш учун 100 миллион доллар қўшимча маблағ йўналтирилади.

ЎзА