“Навоийазот” АЖда мавжуд ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда янги қурилиши режалаштирилаётган қўшма корхоналарни азот ва кислород билан узлуксиз таъминлаш мақсадида ҳавони тақсимлаш қурилмасини барпо этиш режалаштирилган.

Жорий йилнинг 2-3 май кунлари бўлиб ўтган учинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида дунёнинг илғор компаниялари ҳисобланган “Linde”, “Orascom”, “DataVolt”, “Bonafarm”, “PASHA holding” ва бошқа шериклар иштирокида янги йирик лойиҳаларга старт берилди.

Корхонада амалга оширилиши режалаштирилган ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 66,6 миллион доллар бўлиб, Германиянинг “Линде” компанияси билан ҳамкорликда барпо этилади.

– Лойиҳа 2024-2026 йиллар давомида амалга оширилиши режалаштирилган, – дейди корхона бошқарма бошлиғи ўринбосари Шариф Кенжаев. – Лойиҳа тўлиқ ишга тушгандан кейин 30 та янги иш ўрни яратилиб, йилига 224 млн. м3 газсимон азот, 200 млн. м3 кислород ишлаб чиқарилади. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар миқдори 52,6 миллион долларни ташкил этади. Лойиҳани жойлаштириш бўйича 2,1 га ер майдони ажратилган ва лойиҳа бош режаси олинган.

Шунингдек, форум доирасида 300 мВтли қуёш фотоэлектростанциясини қуриш лойиҳасига ҳам старт берилди.

Хитойнинг “Sinoma energy” компанияси билан ҳамкорликда амалга ошириши кутилаётган станцияни 2025 йилга қадар барпо этиш кўзда тутилган.

Лойиҳанинг дастлабки қийматини 280 миллион доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредит маблағлари ташкил этиб, 35 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Мазкур лойиҳа табиий ресурсларни тежаш, ишлаб чиқариш жараёнида муқобил энергия манбаларидан янада самарали фойдаланиш имконини беради.

А.Бўриев, ЎзА мухбири