Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаев 16 март куни Қозоғистон халқига мурожаатида тақдим этган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш бўйича умуммиллий тадбирлар режасини тасдиқлади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати маълум қилмоқда.
«Янги Қозоғистон: янгиланиш ва модернизацияланишга йўл», деб номланган умуммиллий тадбирлар режасини Қозоғистон Республикаси ҳукумати ўз вақтида ва оғишмай таъминлайди.
Шунингдек, давлат раҳбари томонидан Қозоғистон халқига йўлланган мурожаатнинг ҳар бир қисми бўйича тизимли ахборот-тушунтириш ишлари олиб борилади», – дейилади Президент фармонида.
Умуммиллий тадбирлар режаси конституция қонунларига ва Президент ваколати масаласи бўйича қонунларга ўзгартириш киритишни, парламентнинг иккала палатаси, маҳаллий вакиллик ташкилотлари, жойлардаги раҳбарлар, партия тузилмаларини шакллантириш тартиблари ва вазифаларини белгилаб берадиган сиёсий ислоҳотларни назарда тутади.
Бундан ташқари, янги учта вилоятни ташкил этишни кўзда тутувчи мамлакатнинг маъмурий-ҳудудий тузилмаси ўзгаради. 16 март куни Тоқаев мамлакат халқига «Янги Қозоғистон: янгиланиш ва модернизацияланишга йўл» деб номланган мурожаатини йўллаган эди. Президент ушбу мурожаатида Қозоғистонни ривожлантиришнинг сиёсий моделини яратиш бўйича режасини тақдим этганди. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, бу ерда гап бошқарувнинг суперпрезидентлик шаклидан кучли парламентга эга бўлган президентлик республикасига ўтиш ҳақида бормоқда.