Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 декабрда эълон қилинган “Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, агентлигимиз томонидан жаҳондаги етакчи ахборот агентликлари билан ахборот алмашиш соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Бугун айни йўналишда навбатдаги қадам қўйилди. Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА ва Туркиянинг Анадолу агентлиги – АА ўртасида Ҳамкорлик битими имзоланди.

Давлатларимиз ўртасидаги мавжуд яқин алоқаларга таяниб, икки мамлакатда ҳамда жаҳонда юз бераётган воқеалар тўғрисида мунтазам ишончли маълумот алмашиш мақсадида йўлга қўйилаётган ҳамкорликни таъминловчи ушбу муҳим ҳужжатни ЎзА номидан Бош директор Абдусаид Кўчимов ва АА томонидан Анадолу ахборот агентлиги бошқаруви кенгаши раиси – Бош директор Сердар Карагўз имзоладилар.

Маълумки, ЎзА давлатимизнинг ягона расмий ахборот манбаи ва мамлакатдаги етакчи ахборот агентлигидир. Худди шундай, “Анадолу” ҳам қардош Туркиянинг асосий ахборот узатувчи органи ҳисобланади.

Бугунги кунда ЎзА Ўзбекистон Республикаси давлат органлари фаолияти ва мамлакатдаги муҳим ижтимоий-сиёсий воқеаларни батафсил ёритиб келмоқда. Агентликнинг вилоятлардаги мухбирлари тармоғи юртимизнинг барча ҳудудларидаги ўзгаришлар, янгиликлар ҳақида тезкор ва ҳаққоний ахборот узатиш имконини бермоқда. ЎзА янгиликлари, таҳлилий мақолалари ва бошқа турли жанрлардаги материаллари ўзбек, рус, инглиз, француз, немис, испан, араб, қозоқ ва хитой тилларида тарқатилади.

Қароргоҳи Анқара шаҳрида жойлашган “Aнадолу” бугунги кунда ҳақли равишда дунёнинг етакчи ахборот агентликларидан бири сифатида эътироф этилади. 30 дан зиёд давлатда бўлимлари очилган АА турк, албан, инглиз, араб, босния, курд, македон, форс, рус, француз тилларида фаолият юритади.

Ишончимиз комилки, мазкур битимнинг имзоланиши янги босқичга кўтарилаётган Ўзбекистон ва Туркия Стратегик шериклигини, халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик риштасини янада мустаҳкамлашга, хорижий давлатларда мамлакатларимиз ҳақида холис ахборот тарқатиш ва юртимиз обрў-эътиборини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА