Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Ялпи мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб бормоқда.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилаётган мажлисда сенаторлар, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этмоқда.

Олий Мажлис Сенати Раиси ялпи мажлисни кириш сўзи билан очар экан, яқинда “Cotton Campaign” халқаро коалицияси томонидан ўзбек пахтасига қўйилган тақиқ олиб ташланганига алоҳида тўхталиб ўтди:

— Мамлакатимизда сўнгги йилларда инсон хуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг мутлақо янги тизими яратилди. Хусусан, меҳнат соҳасидаги миллий қонунчиликни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, аҳолининг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги соҳасига бозор иқтисодиёти тамойилларини кенг татбиқ этиш, тармоқни механизациялаштириш борасидаги ислоҳотлар амалга оширилди. Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро миграция ташкилотининг қатор конвенция ҳамда баённомалари ратификация қилинди. Болалар меҳнатидан ва мажбурий меҳнатдан фойдаланганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтириш энг самарали чора-тадбирлардан бири бўлди.

2019 йилда Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий ва ҳудудий комиссиялар ҳамда ушбу масалалар бўйича Миллий маърузачи институти ташкил этилди.

Аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, инсон манфаатларини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар юксак самара бераётгани Халқаро меҳнат ташкилоти, АҚШ Давлат департаменти ва Меҳнат вазирлиги, Европарламент, қатор халқаро нодавлат ташкилотлари, шунингдек, “Cotton Campaign” халқаро коалициясининг кузатув ва мониторинг ишларида ўз аксини топмоқда.

Халқаро ташкилотлар билан очиқлик тамойилига асосланиб ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича олиб борилган изчил фаолият натижасида Ўзбекистонда тизимли мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилди.

Натижада ўзбек пахтасидан бойкотнинг олиб ташланишига эришилди. Бу эса биринчи навбатда, текстил саноатида дунёдаги етакчи корхоналарнинг Ўзбекистон бозорига кириб келишига имкон яратади. Янги иш ўринларини яратиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида халқаро стандартларни жорий этиш, тўқимачилик маҳсулотларининг экспорт ҳажмини оширишга ҳамда соҳада халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади, — деди Танзила Норбоева.

Муҳтарама Комилова, ЎзА