Боку Россия ва Украина ўртасида ўтказиладиган учрашувга мезбонлик қилишга тайёр, дея маълум қилди Озарбайжон Президенти ёрдамчиси – Президент маъмуриятининг ташқи сиёсат масалалари бўлими раҳбари Ҳикмат Ҳожиев
“Риа Новости” агентлиги хабарига кўра, Ҳикмат Ҳожиев Анталияда бўлиб ўтган дипломатик форумда икки томонлама учрашувга Озарбайжон пойтахти Боку мезбонлик қилиши мумкинлигини таъкидлаган.
У, қолаверса, Боку Россия-НАТО делегациялари ўртасида бўлиб ўтган қатор учрашувларда музокара майдони вазифасини бажарганини эслади, бу борада тажриба юқори эканини алоҳида қайд этди.
– Украина томонидан шундай таклиф бўлганди. Биз бундай учрашувга мезбонлик қилишга тайёрмиз, илгари Бокуда Россия ва НАТО делегациялари ўртасида ҳам учрашув бўлиб ўтарди, – деган президент ёрдамчиси. – Биласиз, Озарбайжон НАТОга аъзо эмас, қайтанга Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) аъзоси, Қўшилмаслик ҳаракатига ҳам раислик қилади. Шундай экан, Боку иккала томон учун ўзи тўғри деб билган таклифни беряпти.
Ҳикмат Ҳожиев нутқи чоғида, шунингдек, Озарбайжон томонларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини қўшимча қилган.