Сайлов жараёнининг муҳим босқичи – сайловолди ташвиқоти бошланмоқда

Сайлов жараёнининг муҳим босқичи – сайловолди ташвиқоти бошланмоқда
Марказий сайлов комиссияси халқаро матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.
photo5364201895876472073.jpg
Видеоконференц-алоқа шаклида ўтказилаётган мажлисда Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари ва масъул ходимларидан ташқари, округ сайлов комиссиялари раҳбарлари, тегишли вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, барча вилоятлар ҳокимликлари, жамоат ташкилотлари, жумладан, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда дастлаб Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек Давлетовнинг вазирлик томонидан Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлиги доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги ахбороти тингланди.
photo5364201895876472077.jpg
Р.Давлетовнинг маълумот беришича, вазирлик томонидан шу вақтга қадар 6 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари ташкил этилди. Вазирлик тизимида “Адлия чорлови” мавзуидаги лойиҳа ташкил этилди. Бунда кўчалар, аҳоли гавжум жойлар ва ОАВ орқали сайловга чорловчи ижтимоий рекламалар, баннерлар ва билбордлар ўрнатилади. Айни пайтда вазирликнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ва “Ҳуқуқий ахборот” телеграм канали орқали “Сайлов алифбоси” рукни ташкил этилиб, сайловга оид тушунчалар изоҳи содда, лўнда ва тушунарли тарзда мунтазам бериб борилмоқда.
Мажлисда Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни рўйхатга олиш ҳамда Марказий сайлов комиссиянинг шу йил 11 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасида Сайлов қонунчилиги тарғиботи ойлигини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларнинг ижросига доир масалалар кўриб чиқилди.
photo5364201895876472081.jpg
Қонунчилик палатаси депутатлигига 2019 йил 22 декабрь куни бўлиб ўтадиган сайловда иштирок этишга ижозат берилган жами бешта сиёсий партия қонунда белгиланган муддатларда ўзининг қурултой ва съездларини ўтказди. Мазкур тадбирларда партиялар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар кўрсатилди.
Шундан сўнг сиёсий партияларнинг раҳбарлари депутатликка номзодларни рўйхатга олишни сўраб, Марказий сайлов комиссиясига мурожаат қилди. Марказий сайлов комиссияси экспертлари томонидан депутатликка номзодларни рўйхатга олиш учун тақдим этилган ҳужжатларнинг қонунчиликка мувофиқлиги Сайлов кодексида белгиланган муддатларда синчиклаб текшириб чиқилди.
Таъкидландики, сиёсий партиялар томонидан Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни кўрсатиш бўйича барча тадбирлар қонунчилик талабларига қатъий мувофиқ ҳолда, ошкоралик ва очиқлик муҳитида амалга оширилган.
Марказий сайлов комиссияси текшириш якунларига кўра ва Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексининг 14-моддасига мувофиқ, сайловда иштирок этувчи Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон Экологик партияси томонидан кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларни рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Рўйхатга олинган 750 номзоднинг барчаси олий маълумотли. Шулардан 310 нафари ёки 41,3 фоизи хотин-қизлардан иборат. Бу 2014 йилнинг декабрида ўтган сайловлардагидан қарийб 10 фоиз (31,8) кўпдир. Номзодлар орасида ҳуқуқшунослар 6,9, иқтисодчилар 19,1, шифокорлар 12,4 фозини ташкил қилади. Депутатлик мандати учун 22 фан доктори ва 52 фан номзоди кураш олиб боради. Номзодлар орасида навқирон авлод вакиллари сезиларли даражада кўпайган 25-40 ёшлар орасидагилар 32,2 фоизни ташкил қилади.
Рўйхатга олинган депутатликка номзодларнинг рўйхати матбуотда эълон қилинади.
Мажлисда депутатликка номзодлар рўйхатга олиниши билан сайлов жараёнининг муҳим босқичи – сайловолди ташвиқоти бошланиши таъкидланди. Бу жараён сайлов қонунчилиги талаблари асосида амалга оширилади.
Мамлакатимиз сайлов қонунчилигига биноан сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун барча шарт-шароитлар таъминланган. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партияларга, депутатликка номзодларга Сайлов кодекси ва
Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов бўйича сайлов кампанияси даврида сайловолди ташвиқотини амалга оширишда депутатликка номзодлар, сиёсий партияларнинг оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишига оид ҳужжатлари асосида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг ва кенг имкониятлар яратилади.
Сиёсий партияларга, депутатликка номзодларга сайловолди ташвиқоти даврида оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг шарт-шароитлар яратиш, сиёсий партияларнинг ўзининг келгуси фаолият дастури билан чиқиш ҳуқуқини таъминлаш мақсадида, уларнинг оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари қонунчиликда назарда тутилган тартибда белгилаб қўйилди.
Мажлисда Марказий сайлов комиссияси ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

 

Инобат АҲАТОВА, Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА