Темирйўлчилар шарафланди

Пойтахтимизда темирйўлчиларнинг касб байрамига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Темирйўлчилар маданият саройида ташкил этилган тадбирга соҳа вакиллари, илғор ходимлар, меҳнат фахрийлари, тегишли вазирлик ва идоралар мутасаддилари таклиф этилди.
Ўзбекистон темир йўлларини модернизация қилишга жиддий эътибор қаратилиб, тизимда изчил ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, транспорт вазири О.Раматов, Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев, “Ўзбекистон темир йўллари“ давлат акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Ҳ.Ҳосилов ва бошқалар соҳа ходимларини касб байрами билан табриклади.
photo5341372121768635233.jpg
“Ўзбекистон темир йўллари“ АЖ ахборот хизмати маълумотига кўра, ҳозирги кунда мамлакатимизда темир йўлларнинг умумий узунлиги қарийб 7000 километрдан зиёдни ташкил этади. Ўтган вақт мобайнида қарийб 4,5 минг километр темир йўл қайта таъмирланди, 2100 километр янги пўлат излар ётқизилди, 2680 километр темир йўл тўлиқ электрлаштирилди. 2018 йилда жами 94,8 миллион тонна юк, шунингдек, 22,6 миллион йўловчи ташилди. 2019 йил 1 январь ҳолатига кўра, юк ташиш айланмаси 22,9 миллиард километрни, йўловчи ташиш айланмаси эса 4329 километрни ташкил этди.
Таъкидлаш керак, йўловчилар учун халқаро талаблар даражасида хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш, кўплаб қулайликлар яратиш борасида ҳам тармоқда мақтовга арзигулик ишлар амалга оширилди. Жумладан, ўтган йиллар давомида замон талабалари даражасидаги 18 вокзал янгидан қуриб фойдаланишга топширилди. 20 вокзал эса жаҳон стандартларига мос капитал таъмирланди.
photo5343670826920160106.jpg
Мамлакат ягона темир йўл тизимини барпо этиш, йўловчи ва юк ташиш ҳажмини оширишга қаратилган кўплаб йирик лойиҳалар “Навоий – Учқудуқ – Султонувайстоғ – Нукус”, “Тошғузор – Бойсун – Қумқўрғон”, “Ҳайратон – Мозори Шариф”, “Ангрен – Поп”, “Бухоро –Мискин” йўналишида ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.
Ҳозирги кунда “AFROSIYOB” юқори тезликда ҳаракатланувчи замонавий поезди орқали “Тошкент – Самарқанд“, “Тошкент – Қарши“, “Тошкент – Бухоро“ ва “Тошкент – Шаҳрисабз“ йўналишларида қатновлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга “Поп – Наманган – Андижон“ темир йўл линиясида электрлаштириш, “Андижон – Савай – Хонобод“ йўналишида модернизация ишлари давом этмоқда. Шунингдек, Оҳангарон ва Маҳтумқули кўчалари кесишмасида шу кунгача ҳали юртимизда қўлланилмаган 3 поғонали йўл ўтказгич, “Тошкент – Шарқий аэродром“ базаси асосида замонавий фуқаролик авиацияси аэропорт комплексини қуриш лойиҳаларида ҳам иш қизғин олиб борилаяпти.
photo5343670826920160108.jpg
Акциядорлик жамияти заводларида бир неча хил турдаги янги йўловчи ва юк вагонлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилаётир. Айниқса, “Андижон механика заводи” шўъба корхонаси, “Тошкент механика заводи” акциядорлик жамияти, “Ўзтемирйўлмаштаъмир” унитар корхонаси, “Тошкент йўловчи вагонлари қуриш ва таъмирлаш заводи” акциядорлик жамияти, “Қуюв механика заводи” шўъба корхоналари бунда фаол ҳисса қўшмоқда. Йўловчи поездларимиз таркиби тармоқдаги “Тошкент йўловчи вагонларини қуриш ва таъмирлаш заводи” акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилаётган замонавий русумдаги вагонлар билан тўлдириб борилмоқда.
Айни кунда ҳам тармоқда бундай бунёдкорлик яратувчилик ишлари жадал давом этаяпти. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 29 ноябрдаги тегишли қарорига мувофиқ узунлиги 7,1 километр бўлган Тошкент метрополитенининг Сергели линияси қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича бунёдкорлик ишлари қизғин олиб борилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 170,1 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Мазкур қарорга кўра янги линияни 2020 йилга қадар қуриб фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.
Мутахассисларнинг фикрича, Сергели метро линияси бугунги кунгача Марказий Осиёда қўлланилмаган бутунлай янгича эстакада усулида бунёд этилмоқда. Яъни мазкур йўл кўприксимон тарзда қурилади, поездлар ер устида ҳаракатланади. “Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг иккинчи босқичи қурилиши” лойиҳасининг эса умумий қиймати – 124,8 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Барпо этилаётган янги йўлнинг умумий узунлиги 2,93 километрдан иборат.
photo5343670826920160110.jpg
Шунингдек, Президентимиз ташаббуси билан пойтахтимизда яна бир йирик лойиҳа – Ер усти ҳалқа метро линияси қурилиши амалга оширилмоқда. Умумий узунлиги 52,1 километрдан иборат мазкур метро йўналишининг 50,5 километри баландлиги 6 метрлик эстакадалар орқали ўтказилади. Лойиҳа беш босқичда амалга оширилади. Дастлаб Тошкент метрополитенининг “Дўстлик“ бекатидан Қўйлиқ бозоригача бўлган қисми қурилади. 11 километрлик масофада 8 бекат бунёд этиш мўлжалланган.
Иккинчи босқичда Қўйлиқ бозори билан “Олмазор“ бекати боғланади. Сўнгра бу ердан “Беруний“ бекатигача бўлган масофада қатновлар йўлга қўйилади. Кейинги босқичда “Беруний“дан “Бодомзор“ бекатигача қурилиш ишлари олиб борилиб, сўнгги босқичда “Дўстлик“ бекатига уланади. Эътиборли томони шундаки, бу ердаги бекатларнинг ҳар бири ўзига хос меъморий ечимлар асосида бунёд этилади ва безатилади. Йўловчилар учун ҳам, ишчи-хизматчилар учун ҳам халқаро талаблар даражасида шарт-шароитлар яратилади.
Мамлакатимизда кўмир саноатини ривожлантириш, кўмир қазиб олувчи корхоналарнинг моддий-техник базасини янада такомиллаштириш, молиявий қўллаб-қувватлаш, инвесторларни кенгроқ жалб қилиш борасида давлатимиз томонидан бир қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Хусусан, 2017 йилнинг 8 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти ва “Шарғункўмир” акциядорлик жамиятини “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти таркибига ўтказиш ҳамда кўмир саноати корхоналарини молиявий соғломлаштириш борасидаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори қабул қилинди.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ташқи иқтисодий алоқаларни яхши йўлга қўйган. Хитой, Япония, МДҲ ва Европа давлатлари билан ҳамкорлик олиб борилмоқда. Маълумки мамлакатимиз темир йўли Осиёни Европа билан боғлашда муҳим стратегик йўлак ҳисобланади. Шу боис тармоқда олиб борилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишлари дунё эътирофида.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти жамоалари бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурларида ҳам фаол иштирок этмоқда. Темирйўлчилар томонидан кўплаб муҳташам уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари, маданият ва дам олиш масканлари бунёд этилаяпти. Пойтахтимизнинг янада обод ва кўркам бўлиши, ўзгача чирой очишига ҳам соҳа ходимлари ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда.
– Бу соҳада 35 йилдан буён ишлайман, – деди Қўқон минтақавий темир йўл узели статистика-ҳисобот бўлими бошлиғи Қодирбек Султонов. – Ўтган давр мобайнида ушбу соҳа ягона тизимга айлантирилмоқда. Темир йўл узелимизда юк ташиш сифатини ошириш – юкларни ўз вақтида амалга ошириш, инновацион технологияларни жорий этишга эътибор қаратилмоқда.
Санъат усталари ва ижодкор ёшлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

 

Назокат УСМОНОВА, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА