Милан давлат университети профессори Жиззах давлат педагогика институтида

Италиялик физик олим, Милан давлат Университети профессори Жиунки Жованни Абдулла Қодирий номидаги Жиззах давлат педагогика институти талабларига келгусида масофавий таълим – онлайн машғулотлар олиб боришини айтди.
Бу ҳақда Жиззах вилояти ҳокимлигининг расмий сайтида педагогика институти матбуот хизмати хабарига таяниб эълон қилинган хабарда айтилди.Таъкидланишича, Жиззах давлат педагогика институтига ташриф буюрган Жиунки Жованни ушбу муассаса ректори А.Холбеков билан учрашди.
Учрашувда мамлакатимизда олий таълим соҳасини ривожлантириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар, илм-фан ва ишлаб чиқариш соҳаси ўртасидаги интеграцияни кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган чора тадбирлар, хорижий олий таълим муассасалари институтнинг ҳамкорлик муносабатлари, таълим жараёнига инновацион технология ва методларни жалб қилиш борасидаги амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Профессор Жиунки Жованни институт раҳбариятига самимий миннатдорлик билдириб, мамлакатимизда таълим тизимининг сифат ва самарадорлигини оширишга қаратилган ислоҳотларга юқори баҳо берди. Шунингдек, у келгусида институтнинг физика йўналишида дарс берувчи ўқитувчи ва магистрларининг илмий-тадқиқот ишларига яқиндан кўмак беришга тайёр эканлигини, физика соҳасида кадрлар етиштиришга ўз ҳиссасини қўшиш истагидалигини таъкидлаб ўтди.
Ташрифнинг иккинчи куни институтнинг Ахборот ресурс марказида Милан давлат Университети профессори физика йўналиши талабалари ва ўқитувчиларига “Инновацион технологиялар” фанидан маҳорат дарси ўтди.​​

 

ЎзА