​Сайғоқлар қаерга кетди?

Бир пайтлар Устюрт, Орол денгизи қирғоқларида пода-пода, тўда-тўда сайғоқлар ўтлаб, сувлаб шу манзилни макон қилган.
Сайғоқларнинг қумда сакраган туёқлари тойрилди, чўл ўз бағрига яширган сирларини ортиқ пинҳон тута олмади. Баъзан тушларимда боласини ортидан эргаштириб кетаётган она сайғоқнинг дилдираб йўлини йўқотиб адашиб юрганини кўраман…
saiga-female-with-baby-Photo-by-Eugeny-Polonsky_web.jpg
Сайғоқ нима дерсиз?.. Кийик эмас, алқор эмас, буғу эмас бу жониворни бурнидан таниб олсангиз бўлади. Яна бир номланиши Маргач бўлган бу сут эмизувчи жонивор Антилопалар оиласига мансуб. Ноёблигининг боиси улар мамонт ва тишли йўлбарслар давридан буён яшаб келмоқда. Cайғоқлар Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон, Россиянинг кўз илғамас текисликларида яшайди. Жунларининг ранги сариқ жигарранг, оқ ва кумушранг, шохлари қиррадор ва жимжимадор. Сайғоқларнинг броконерлар томонидан аёвсиз овланганининг ҳам сабаби шундан.
saiga-horn-trade-monitoring.jpg
Сайғоқлар гарчанд чўл жонивори бўлса-да, пода бўлиб кўчиб ўтлаши учун ката-катта ҳудудлар, сувлашлари учун уларга сув манбаи керак бўлади. Шунинг учунми мавжланиб турган Орол ҳамиша уларга нажот манбаи бўлиб келган. Минг афсуски, кейинги экологик муаммолар, инсон қадами етмаган Устюртда ҳам ўз техник ихтироларини қўлламоқда.
Ўзбекистон сайғоқларни сақлаб қолиш бўйича Халқаро альянс аъзоси. Шундай бўлса-да, кейини 20 йил ичида сайғоқларнинг сони 90 фоизга кескин камайиб кетган. Айни пайтда сайғоқ Табиатни ҳимоя қилиш халқаро уюшмасининг Қизил китобига йўқолиб кетиш хавфи бўлган тур сифатида киритилган. Халқаро ҳамжамият сайғоқларнинг йўқ бўлиб кетиш хавфини яхши англаб етиб, сайғоқларни сақлаб қолиш бўйича Меморандум қабул қилган. Қорақалпоғистон Республикасида Меморандум доирасида амалга оширилаётган ўрта муддатли ишчи гуруҳи ўз ишини бошлаганига ҳам ўн йилдан ошди.
antilopy-kazach-aldzazira.jpg
Бундан ташқари 2008 йилда Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ ва Қўнғирот туманларида “Сайғоқли” ландшафтли комплекс буюртмахонаси ташкил этилиб, бешта участкадан иборат 628,3 минг гектар ер майдони ажратилган эди. Бу ноёб жониворни асраб қолиш бўйича халқаро лойиҳаларга амал қилинаётган бўлса-да, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги чегаранинг бунёд этилиши, автомобиль, темир йўллари, газ қувурлари тармоқлари уларнинг ўрганиб қолган кўчиш йўлларини тўсиб қўйган. Йирик авиапарвозлар, кон-металлургия соҳасидаги “кашфиёт”лар эса уларнинг яшаши учун тақиқ қўйгандек. Шу ўринда Қозоғистон лойиҳаси ва таклифи бу борадаги муаммога ечим топганга ўхшайди. Улар томонидан сайғоқларнинг сувлашлари учун Сардобалар ташкил этиш ғояси илгари сурилмоқда.
Шоҳлари улуғворлик ва қудрат тимсоли бўлган сайғоқларнинг ожиз томони шундаки. Улар кўпинча газ қувурлари хандақларига йиқилиб ҳам нобуд бўлиши мумкин.
Mother and calf.jpg
Фидойиликни ўз зиммасига олган соҳа ходимларининг ҳам кўнглига қулоқ тутайлик. …Сайғоқлар экологик муаммоларнинг қурбонига айланаётган бугунги кунда ёшлар онгида уларга меҳр уйғотиш барчамизни сергак торттириши лозим. Жониворларга қизиқувчан болаларга унинг денгиз филининг тумшуғини эслатувчи бурни ёқиб қолиши тайин. Шундай экан, сайғоқлар ҳақида болалар учун ҳикоя ва мультфильмлар ишланса мақсадга мувофиқ бўларди.
Сайғоқлар ҳақида маълумотларни ахтара туриб кўпроқ овчи сайтларида уларга дуч келишингиз мумкин, бу ҳам эътибор. Аммо, инсоният ўз қилган хатоларини идрок қилмай туриб жабрини ўзи тортади.
thinkstockphotos-485882792-e1486536858393-1024x576.jpg
Яна тушларимда чайқалиб турган Орол денгизини, соҳилида ўтлаб юрган сайғоқларни кўраман. Аммо, Она табиат, она сайғоқ бизни кечирармикан?..

 

Дилором Тиркашева​, ЎзА