Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳалар қатори парламентаризм йўналишида ҳам изчил ривожланмоқда. Корея Республикаси Миллий Ассамблеясида «Жанубий Корея – Ўзбекистон» парламент дўстлик ассоциацияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ ташкил этилган.

Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси делегациясининг мамлакатимизга ташрифи бу борадаги алоқалар ривожида яна бир қадам бўлди.

Мазкур делегация раҳбари, Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси Спикери Чон Сэ Гюнбўлиб ўтган учрашувлар самаралари ҳақида ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашиш бизга катта мамнуният бағишлади. Учрашув жуда самарали бўлди. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид кўплаб масалалар муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёевнинг давлат бошқаруви соҳасидаги фалсафаси ва принциплари бизда катта таассурот қолдирди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатингизни жадал тараққий эттириб, янги босқичга олиб чиқади.

Корея Республикаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорлик ўзаро англашув ва ишончга асосланади. Жанубий Корея саноат, технологиялар, «ноу-хау»лар борасида улкан салоҳиятга эга ва Ўзбекистон билан бу борада тажриба алмашишга тайёр.

Мамлакатларимиз ҳамкорлигини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашда парламентлараро алоқалар муҳим роль ўйнайди. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан бу борадаги алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашишни фаоллаштиришга келишиб олдик.

 

Анвар Самадов, ЎзА