Ташқи савдо вазири Афғонистонга расмий ташриф билан борди

Ташқи савдо вазирлиги Матбуот хизматининг маълум қилишича, жорий йилнинг 8 июлида Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Афғонистон Савдо ва саноат вазири Х.Расо, Темир йўллар бошқармаси бошлиғи Й.Шамс, Харидлар бўйича миллий комиссия раиси И.Хотаки, Транспорт вазири ўринбосари М.Султани ва Афғонистон савдо саноат палатаси бошлиғи А.Нусрат билан учрашди. 

Учрашувда Ўзбекистоннинг савдо-иқтисодий муҳити масалаларини муҳокама қилиш доирасида чегарага туташ ҳудудларда савдони ривожлантириш, транзитни амалга ошириш учун қулай шароитларни яратиш, шунингдек, бож ва тарифларни камайтириш юзасидан таклифлар берилди. Томонлар ўзаро товар айланмаси тузилмасини кенгайтиришга қизиқиш билдирдилар.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазири Ж.Хўжаевнинг таъкидлашича, ўтган йил якунларига кўра, икки томонлама товар айланмаси 19 фоизга ошиб, 617,1 миллион АҚШ долларни ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг январь-май ойлари мобайнида ўтган йилга қараганда 15 фоизга ошди.

“Ҳозирда Ўзбекистонда афғон капитали иштирокида 110та ташкилот муваффақиятли фаолият юритмоқда. Шу билан бирга, Афғонистонда Ўзбекистон Республикаси резидентлари иштирокида 8та ташкилот тузилди. Бироқ, бу кўрсаткичлар ўзаро савдо алоқаларининг умумий салоҳиятини очиб бера олмайди. Зеро, бизда ҳамкорликни кенгайтириш учун улкан салоҳият мавжуд. Қўшни эканлигимиз ва ривожланган транспорт инфратузилмасига эгалигимиз сабабли, қисқа вақт ичида икки томонлама товар айланмасини 1 миллиард АҚШ долларга етказишимиз мумкин”, дейди вазир.

Ўзбекистон делегациясининг Афғонистон Ислом Республикасига ташрифининг биринчи куни якунига кўра, томонлар ўртасида савдо, транспорт ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорликни давом эттириш юзасидан келишувга эришилди. Шунингдек, муҳим масалаларни муҳокама қилиш учун комиссия тузиш зарурлиги айтиб ўтилди.

 

ЎзА