Шу йилнинг 27-28 май кунлари жами 40 нафар оммавий ахборот воситалари ва мутахассислар иштирокида Орол денгизи ва Мўйноқ тумани ҳудудига медиатур ташкил қилинди.

Медиатур Қарақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ёрдамида Қорақалпоғистон ахборот агентлиги ва Ўзбекистон журналистлар ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими томонидан ташкил қилинган бўлиб, мазкур тадбирни уюштиришдан мақсад – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 февраль кунги «Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини 2017-2018 йилларда иқтисодий ривожлантириш ва бандликни таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-2803-сонли қарори ижросини таъминлаш юзасидан, яъни Мўйноқ тумани ва Орол денгизи ҳудудига туристларни кенгроқ жалб қилишни назарда тутган ҳолда ҳудуднинг табиати, тарихи, ҳайвонот олами ва туман халқининг  дастурлари, анъаналари ҳақида журналистик материаллар тайёрлашдир.

Тадбирнинг биринчи куни медиатур иштирокчилари эски Буюк ипак йўли бўйлаб “Судочье” кўли флора ва фаунаси билан танишишди, табиатда камёб учрайдиган фламинго қушларини томоша қилишди, “Судочье”даги XII-XIII асрларга тегишли тарихий обида – сигнал минорасига сафар уюштирди ва шу куни Орол денгизига етиб келиб, денгиз қирғоғидаги ўтовларга жойлашди ва кечаси олов атрофида маданий-адабий тадбирлар уюштиришди.

Медиатурнинг иккинчи куни Орол денгизига чўмилиш,  денгизда катерда ва денгиз қирғоғида квадрациклларда учиш ҳамда мутахассислар билан интервьюлар уюштириш билан бошланди.

Бепоён Қорақалпоқ юртидаги шундай муъжаз масканларни кўришга муваффақ бўлган медиатур иштирокчиларининг ҳайрати ҳар қадамда янада ошиб бора берди. Денгизнинг ғарбий қисмига икки километр жойда Устюрт платоси чинки остида жойлашган тарихий эсдалик – XII-XIII асрларга тегишли «Курганча» (Даулетгирей) археологик комплексига, Устюрт каньонларига, ҳали ўз сирини очмасдан ётган кўчманчи қабилалар даврига оид қатор тарийхий объектларга сафар уюштирди.

Оммавий ахборот воситалари ходимларини Орол денгизи ҳудудига саёхатга олиб чиқиш илк бор ташкил қилинди, – дейди медиатур ташкилотчиси, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги директори Е.Қанаатов. Орол муаммоси ҳақида ижод қилаётган касбдошларимиз кўп, лекин Орол денгизини, ҳудуддаги экологияк вазиятни ўз кўзи билан кўриб, юрагидан ўтказиб ижод қилган бошқа. Мўйноқ тумани кўпчиликнинг тасаввурида фақат фожеали экологик зона сифатида гавдаланади. Лекин, бу тўғри эмас. 240дан ортиқ турдаги қушлар салтанати ҳукм сураётган “Судочье” кўлини, бетакрор Устюрт чинкларини, каньонларини, мўъжаз Орол денгизи акваториясини ва Устюрт кенгликларидаги кўплаб учрашадиган тарихий обидаларни кўрган киши бутун умр ушбу маконга меҳир боғлаши табиий. Демак, Мўйноқ тумани ва Орол денгизи ҳудудини ҳамма кўриши керак.

Қорақалпоғистонда яшаб туриб Орол денгизини кўрмаганлар кўп, – дейди Қорақалпоқ давлат университети доценти Якуб Аметов. Менинг ўзимнинг ҳам Оролни кўзим билан кўриш буюк орзуим эди. Бундай гўзал манзараларни умримда биринчи бор кўришим. Мўйноқ туманида шундай гўзал масканлар бор экан, демак экотуризмни ривожлантиришга катта потенциал мавжуд. Биринчи навбатда маҳаллий туризмни ривожлантириш керак.

Медиатур тафсилотлари ҳақида оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда, интернет нашрларида батафсил ёритилиб борилади.

Тадбирда журналистик материаллар тайёрлашда ЎзФА Қорақалпоғистон бўлими, Қорақалпоғистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни мухофаза қилиш давлат қўмитаси мутахассис ва олимлари яқиндан ёрдам кўрсатишди.

2 кунлик медиатурни ташкил қилишда “Ўзавтодарётранс” Қорақалпоғистон бўлими, “UzKorGas Chemical”, «Зарубежнефтегаз – ГПД Центральная Азия» МЧЖ, “Устюртгаз” МЧЖ корхоналари, шунингдек “Tazabay grand service” МЧЖ ва “Ayim tour” туристик компанияси ҳамкорлик қилишди.

Қуйида медиатур тафсилотларига оид расмлар билан танишишингиз мумкин.

«Судочье» кўли. 

Устюртнинг ажойиб чинклари 

«Судочье» кўлининг «Оқушпа» бўлими

Сафарда шундай асбоб ва технологиялардан фойдаланиш зарур эди.

XII-XIII асрларга тегишли сигнал минораси. Судочье. Ушбу минорадан ҳар замонларда одамлар ҳар хил мақсадларда фойдаланган. Ўтган йилларнинг 60-йилларигача ушбу минорадан маяк сифатида фойдаланилган, яъни Мўйноқ туманидан сув, озиқ-овқат ва бошқа нарсалар ортилган юк кемасига шу ердан сигнал берилган.

Ижодий жараён

Устюрт платосида ҳар қадамда калтакесакларни, чаёнларни (тошларнинг остида) учратиш мумкин

 

Урге. Хавфли қияликлар

 

Ўтган асрнинг 60-йилларда Орол денгизи қайтганидан кейин, сув тақчиллиги туфайли Урге балиқчилар қишлоғидан ҳам одамлар бошқа жойларга кўчишга мажбур бўлишди. Сиз кўриб турган ушбу жой 12 километрлик тор кўчалар бўлган ва у ерда 7 мингга яқин аҳоли истиқомат қилган. Бугунги кунда бу жойлар тарихга айланган. 

Фламинго излаб… Ижодий ходимлар фламинго излаб 5 км пиёда юришга мажбур бўлишди, лекин фламинго ўз гўзаллигини осонгина намоён қилиб қуймайди. Фламингони кўриш учун камида 3 кунга атайилаб келиш керак ва қўлай пайтни кутиб, сувнинг ичида қайиқда ётиш керак.

 

Орол денгизи қирғоғида каклик қушини кўриб ҳайратимиз ошди.

Орол денгизи.Тонгги пейзаж

Орол денгизининг энг теран жойи – Ақтумсиқ.

Орол денгизи қирғоғи. Шу ердан денгиз қирғогидаги ўтовларгача масофа 1 кмни ташкил қилади.  ​

Денгиз қирғоғида сайёҳлар учун яратилган шароитларни кўриб, жуда миннатдор бўлдик

Денгизга 100 метр масофагача автотранспортларда келиш мумкин.

Денгизда катерда ва қирғоқда квадрациклларда учиш медиатур иштирокчиларининг бутун умр ёдида қоларлик воқеа бўлди. 

Орол денгизи.

Ижодий жараён. Фонда Орол денгизи акваторияси.

Устюрт. Кўчманчи қабилалар қабрлари. XVII-XVIII асрлар.

Бетакрор Устюрт каньонлари.

 

«Орол, хайр, кўришгунча! Биз сени кўришга қайтамиз ва Сен ҳам аввалги қирғоқларингга қайт!» Медиатур иштирокчилари шу кайфият билан Орол денгизидан Мўйноқ туманига йўл олди. Мўйноқ шу жойга 130 км.

Мўйноқ. Кемалар қабристони. Медиатур якуни.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги