Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида таниқли ижодкор Ашурали Жўраевнинг «Одил Ёқубов хазинасидан» номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Китобда машҳур адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубовнинг «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида бош муҳаррир вазифасида ишлаган давридаги фаолияти, ҳамкасблари ва шогирдларига бўлган самимий муносабати, меҳрибонлиги, инсоний ва адабий сабоқлари қаламга олинган.
– Одил Ёқубов билан бир соҳада кўп йиллар ишлаганимдан доим ғурурланиб юраман, – дейди Ашурали Жўраев. – Самимий, очиқкўнгил, содда, тўпори, кези келганда қаттиққўл, талабчан бу инсондан жуда кўп нарсани ўргандим. Адибнинг адабиётимиз ривожига қўшган ҳиссаси катта.
Тадбирда китоб ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. «Табаррук адиб» номли ҳужжатли фильм намойиш қилинди. Санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар тингланди.

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА