Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотларини таъсис этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 25 июлда қабул қилинган ПФ–3781-сонли Фармони ва Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги Давлат мукофотлари кенгашининг 2022 йилги Давлат мукофотлари бўйича таклифига асосан мамлакатимиз илм-фани, адабиёти ва санъатини ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси, жамиятимизнинг ижтимоий-иқтисодий, илмий-техник ва маънавий-маърифий ҳаётида алоҳида эътиборга сазовор бўлган, халқаро миқёсда эътироф этилган фундаментал тадқиқотлари, замон талабларига жавоб берадиган юксак, мазмунан долзарб ижодий ишлари учун:

Биринчи даражали Давлат мукофотлари қуйидагиларга берилсин:

фан ва техника соҳасида:

Санакулов Кувандик, Снитка Николай Павлович, Усманов Рустамжон, Эргашев Улугбек Абдурасулович, Мустакимов Отабек Маннабиевичга – “Технологик ва ишланиши мураккаб бўлган олтин таркибли маъданларни қайта ишлаш ва ўзлаштиришнинг комплекс технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш” бўйича илмий-амалий ишланмаси учун;

адабиёт соҳасида:

Каримов Наим Фатиховичга – “Абдулла Қодирий замондошлари” асари учун;

санъат ва меъморчилик соҳасида:

Аликулов Алишер Махмудовичга – Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази ҳамда Тошкент шаҳридаги “Ғалаба боғи” ёдгорлик мажмуасида жойлашган “Шон-шараф” музейида ишланган маҳобатли рангтасвир асарлари учун.

Иккинчи даражали Давлат мукофотлари қуйидагиларга берилсин:

фан ва техника соҳасида:

Квинт Владимир Львовичга – “Амир Темурнинг стратегик етакчилиги: “Тузуклар”га изоҳлар” илмий монографияси учун;

санъат ва меъморчилик соҳасида (санъат ва меъморчилик соҳасида кўзда тутилган 1 та иккинчи даражали Давлат мукофоти ўрнига 2022 йил учун истисно тариқасида 2 та иккинчи даражали Давлат мукофоти берилиши белгилансин):

Миртаджиев Джалалитдин Турсуновичга (марҳум) – мустақиллик йилларида Ўзбекистонда ва бир қатор хорижий мамлакатларда ишланган ҳайкалтарошлик асарлари учун;

Мухаммеддинов Нажимаддинга – “Гулла-яшна, Ўзбекистоним!” симфоник поэмаси, “Айжамал” балети ва “Гулойим” операсига ёзилган мусиқий композициялари учун.

 

Ўзбекистон Республикаси  Президенти                               Ш.Мирзиёев