Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш ва ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этиш, бошқарув жараёнидаги ортиқча тартиб-тамойилларни қисқартириш, аҳолига хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш, тиббиёт ходимларининг иш самарадорлигини таъминлаш, шунингдек, ушбу йўналишда қабул қилинган рақамли трансформация қилиш дастурларини самарали амалга ошириш мақсадида:

1. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази” давлат унитар корхонаси негизида Соғлиқни сақлаш вазирлиги муассислигида “IT-Med” масъулияти чекланган жамиятини (кейинги ўринларда – “IT-Med” МЧЖ) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Белгилансинки, “IT-Med” МЧЖ “Ахборот коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази” ДУКнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

2. “IT-Med” МЧЖ зиммасига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:

соғлиқни сақлаш тизими ва ташкилотларидаги жараёнларни оптималлаштириш, рационаллаштириш, стандартлаштириш
ва автоматлаштириш;

соғлиқни сақлаш соҳасида ахборот тизимларини ривожлантириш учун амалга ошириладиган ҳамда халқаро молия ташкилотлари ҳисобига молиялаштириладиган лойиҳаларнинг техник-иқтисодий параметрлари, концепциялари ҳамда бошқа лойиҳа ва лойиҳаолди ҳужжатларини ишлаб чиқиш;

тиббиёт ва фармацевтика соҳасида ахборот технологияси ва коммуникациялари сиёсати ва стандартларини жорий этиш;

“Электрон соғлиқни сақлаш” ахборот тизимлари ягона комплексини жорий этиш ва кузатиб бориш, шунингдек, уларнинг бошқа давлат органлари ахборот тизимлари билан интеграциясини таъминлаш;

соғлиқни сақлаш тизимида бизнес жараён ва IТ-реинжинирингини ривожлантириш ва ушбу йўналишда халқаро тажрибани амалиётга татбиқ этиш;

қўйилган вазифаларни рўёбга чиқариш мақсадида инвесторлар, бизнес ҳамкорлар ва аутсорсинг хизматларини жалб қилиш;

тиббиёт соҳасини рақамлаштириш кўламини кенгайтириш мақсадида жорий этилаётган ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни ўзида қамраб олувчи соғлиқни сақлашнинг ахборот тизими ягона платформаси (кейинги ўринларда – Ягона платформа)ни жорий этиш.

Бунда, “IT-Med” МЧЖ мустақил равишда хўжалик ва молиявий масалаларни ҳал қилиши инобатга олинсин.

3. Қуйидагилар “IT-Med” МЧЖнинг фаолиятини асосий молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

янги ахборот тизимларини жорий қилиш, шунингдек, корхона, муассаса ва ташкилотларга хизмат кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

“IT-Med” МЧЖнинг устав жамғармасига белгиланган тартибда киритиладиган инвесторлар маблағлари;

халқаро молия институтлари ва ташкилотлари грантлари;

ташқи беғараз кўмак маблағлари (грантлар, техник кўмаклар
ва бошқалар);

юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан норезидентларнинг хайрия маблағлари;

қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

4. “IT-Med” МЧЖга:

соғлиқни сақлаш соҳасида ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини яратиш, ривожлантириш, жорий қилиш, кузатиш ва хизмат кўрсатиш вазифаларини тегишли ташкилотлар билан тўғридан-тўғри шартномалар асосида амалга оширишга;

малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича шартнома асосида молиялаштириладиган вақтинчалик меҳнат жамоасини шакллантиришга;

юкланган вазифаларни амалга ошириш доирасида малакали мутахассисларни, шу жумладан чет эллик мутахассисларни маслаҳатчи сифатида тўғридан-тўғри шартномалар асосида жалб қилишга рухсат берилсин.

5. Белгилансинки:

2024 йил 1 январдан бошлаб республикадаги барча тиббиёт ва фармацевтика ташкилотлари, шу жумладан дорихоналар мажбурий тартибда босқичма-босқич Ягона платформага уланади;

соғлиқни сақлаш соҳасидаги ахборот тизимлари, ресурслари ва бошқа дастурий маҳсулотларни яратиш ва жорий этиш мажбурий тарзда “IT-Med” МЧЖ билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

6. Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари А.А. Азизов:

соғлиқни сақлаш тизимига Ягона платформани ўз вақтида, тўлақонли ва сифатли жорий қилиш, масъул вазирлик, идора ва ташкилотлар билан жорий этилаётган лойиҳаларни мувофиқлаштириш, амалга оширилган ишлар ҳолатини баҳолаш ҳамда мунтазам равишда соғлиқни сақлаш ва бошқа тизимлардаги раҳбар ва улар ўринбосарларининг ҳисоботларини эшитишни ташкил этсин;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг рақамлаштирилишига инвесторларни жалб қилсин;

2023 йил 1 январга қадар аҳоли ва тизим фойдаланувчилари томонидан интерактив тиббий хизматларни олиш имконини берувчи махсус дастур ва мобил иловаларни ишлаб чиқсин ва ишга туширсин.

Ушбу бандда назарда тутилган вазифаларни тўлақонли ва самарали амалга ошириш соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари А.А. Азизов иш фаолияти натижадорлигининг асосий мезонларидан (KPI) бири этиб белгилансин.

7. “IT-Med” МЧЖ Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Навоий кўчаси, 4-уй манзилида текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.

9. Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов
ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.А. Мусаев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

         Президенти                  Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 23 февраль