Ўзбекистон Республикасининг
қ о н у н и
Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 6 ноябрда қабул қилинган
Сенат томонидан 2019 йил 30 ноябрда маъқулланган
1-боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади
Ушбу Қонуннинг мақсади волонтёрлик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2-модда. Волонтёрлик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари
Волонтёрлик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.
Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида волонтёрлик фаолияти тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.
3-модда. Асосий тушунчалар
Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:
волонтёр – волонтёрлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахс;
волонтёрлар гуруҳи – ушбу Қонунда белгиланган нормалар татбиқ этиладиган, волонтёрлик фаолиятини биргаликда амалга ошириш мақсадида ташкил этилган, ўн нафаргача кишидан иборат бўлган шахсларнинг ихтиёрий гуруҳи;
волонтёрларни мувофиқлаштирувчи – волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчиси, волонтёрлик ташкилоти томонидан тайинланган ёки волонтёрлар ишини ташкил этиш, уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш учун жавобгар бўлган волонтёрлар гуруҳи таркибига кирувчи волонтёрлар томонидан сайланган жисмоний шахс;
волонтёрлик – фуқаролар, уларнинг гуруҳлари ёки волонтёрлик ташкилотлари томонидан жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб ихтиёрий фаолиятни амалга ошириш;
волонтёрлик акцияси – волонтёрлик ташкилоти, волонтёрлар ёки волонтёрлар гуруҳи томонидан бажариладиган, ижтимоий жиҳатдан аниқ йўналтирилган, жамоат учун фойдали вазифаларни ҳал этишга қаратилган бир марталик тадбир;
волонтёрлик ташкилоти – қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этилган ва волонтёрлик фаолиятини амалга оширувчи нодавлат нотижорат ташкилоти;
волонтёрлик фаолияти – жисмоний ва (ёки) юридик шахсларнинг манфаатларини кўзлаб бепул асосда амалга ошириладиган, эркин хоҳиш-иродага кўра бажариладиган, ижтимоий жиҳатдан йўналтирилган, жамоат учун фойдали бўлган ихтиёрий фаолият;
волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчиси – давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар, шунингдек волонтёрларни мустақил равишда ёки волонтёрлик ташкилотлари орқали жалб қилувчи жисмоний шахслар.
4-модда. Волонтёрлик фаолиятининг мақсад ва вазифалари
Волонтёрлик фаолиятининг мақсадлари жисмоний ва юридик шахсларга, умуман жамиятга ёрдам кўрсатиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ижтимоий аҳамиятга молик тадбирларда уларни ташкил этувчиларнинг розилиги билан иштирок этиш, жамиятда фуқаролик нуқтаи назарини, ўзини ўзи ташкил этишни, ижтимоий масъулият, бирдамлик, ўзаро ёрдам бериш ва раҳм-шафқат туйғуларини шакллантиришдан иборатдир.
Волонтёрлик фаолиятининг вазифалари қуйидагилардан иборат:
фуқароларни аҳолининг турмуш сифатини яхшилашга қаратилган турли хил жамоат фаолиятига жалб этиш механизмларини шакллантириш;
ижтимоий вазифаларни ҳал этишда жамиятга ёрдам кўрсатиш;
волонтёрлик фаолиятини ташкил этишга қаратилган фуқаролик ташаббусларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш;
аҳолида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш, ватанпарварлик туйғусини тарбиялаш;
фуқаролар томонидан ижтимоий вазифаларни ҳал этиш учун ўзини ўзи намоён этиш ва ўзини ўзи ташкил этиш кўникмаларини олиш.
5-модда. Волонтёрлик фаолиятининг асосий принциплари
Волонтёрлик фаолияти қонунийлик, инсонпарварлик, тенглик, ихтиёрийлик, беғаразлик принципларига асосланади.
6-модда. Волонтёрлик фаолиятининг шакллари ва асосий йўналишлари
Волонтёрлик фаолияти қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:
якка тартибдаги волонтёрлик фаолияти;
волонтёрлар гуруҳи таркибидаги волонтёрлик фаолияти;
волонтёрлик ташкилоти орқали волонтёрлик фаолияти.
Волонтёрлик фаолияти қуйидаги йўналишлар бўйича амалга оширилади:
кам таъминланганларни, ишсизларни, кўп болалиларни, бошпанасизларни, қаровсиз қолганларни, шунингдек ижтимоий реабилитацияга муҳтож шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида волонтёрлик ёрдами кўрсатиш;
беморларни, ногиронлиги бўлган шахсларни, ёлғизларни, қарияларни ҳамда ўзининг жисмоний, моддий ёки бошқа ўзига хос хусусиятлари сабабли қўллаб-қувватлашга ва ёрдамга муҳтож бўлган шахсларни парваришлаш;
табиий ёки техноген тусдаги фавқулодда вазият оқибатида, алоҳида режим, фавқулодда ҳолат жорий этилганда, ижтимоий можаролар, бахтсиз ҳодисалар натижасида жабрланган фуқароларга, шунингдек жиноятлардан жабрланганларга, қочқинларга ёрдам кўрсатиш;
ўзининг жисмоний ёки бошқа ўзига хос хусусиятлари сабабли ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини амалга ошириши чекланган шахсларга ёрдам кўрсатиш;
атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маданий меросни, тарихий-маданий муҳитни, дафн этиш жойларини сақлаб қолиш билан боғлиқ тадбирлар ўтказиш;
оммавий спорт, маданий тадбирларни ва бошқа жамоат тадбирларини ташкил этиш билан боғлиқ миллий ҳамда халқаро аҳамиятга молик тадбирларни ўтказишга кўмаклашиш;
алоҳида давр ва фавқулодда ҳолат ҳуқуқий режимларининг амал қилиши вақтида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига, бошқа ҳарбий идораларга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига волонтёрлик ёрдами кўрсатиш.
Волонтёрлик фаолияти қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа йўналишлар бўйича ҳам амалга оширилиши мумкин.
7-модда. Волонтёрлик дастури
Волонтёрлик дастури волонтёрлик ташкилоти, волонтёрлар ёки волонтёрлар гуруҳи томонидан тадбирларни ва кутилаётган натижаларни кўрсатган ҳолда бажариладиган, ижтимоий йўналтирилган, жамоат учун фойдали бўлган вазифаларни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуидир.
Дастур:
волонтёрлик фаолиятини ривожлантиришга;
фуқароларнинг ва волонтёрлик ташкилотларининг волонтёрлик фаоллигини рағбатлантириш тизимини ривожлантиришга;
волонтёрларни ва волонтёрларни мувофиқлаштирувчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга;
турли волонтёрлик ташкилотлари ҳамда волонтёрлик меҳнатидан фойдаланувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги шериклик тизимини такомиллаштиришга қаратилган тадбирларни ўз ичига олиши керак.
8-модда. Волонтёрлик фаолиятини ҳисобга олиш
Волонтёрлик фаолиятини ҳисобга олишни ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.
Волонтёрлик фаолиятини ҳисобга олиш ихтиёрий хабардор қилиш хусусиятига эга бўлади.
2-боб. Волонтёрлик фаолияти соҳасини давлат томонидан тартибга солиш
9-модда.Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг волонтёрлик фаолияти соҳасидаги ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
волонтёрлик фаолияти соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;
волонтёрлик фаолияти соҳасидаги давлат мақсадли дастурларини ишлаб чиқади;
волонтёрлик фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат бошқаруви органларининг ишини йўналтиради ва мувофиқлаштиради;
волонтёрлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқади;
волонтёрлик фаолияти соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга ва тажриба алмашишга кўмаклашади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
10-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг волонтёрлик фаолияти соҳасидаги ваколатлари
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:
жойларда волонтёрлик фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширади;
жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан волонтёрлик фаолияти соҳасида ҳамкорлик қилади;
волонтёрлик фаолиятининг мониторингини амалга оширади;
волонтёрлик фаолияти амалиётини таҳлил қилиш, йиғиш ва умумлаштиришни амалга оширади.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
11-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқароларнинг волонтёрлик фаолияти соҳасида иштирок этиши
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролар волонтёрлик фаолияти соҳасида иштирок этишга ҳақлидир ҳамда оммавий волонтёрлик акцияларини қўллаб-қувватлашни амалга оширади.
3-боб. Волонтёрлик фаолияти субъектлари. Волонтёрлик соҳасидаги муносабатлар
12-модда. Волонтёрнинг фаолияти
Ўн саккиз ёшга тўлган жисмоний шахслар волонтёрлик фаолиятини амалга ошириши мумкин.
Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган жисмоний шахслар волонтёрлик фаолиятини, башарти бу фаолият уларнинг соғлиғига ҳамда ахлоқий ривожланишига зарар етказмаса ва ўқув жараёнини бузмаса, амалга ошириши мумкин.
Фавқулодда вазиятлар оқибатларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишга доир ишларни амалга ошириш учун фақат ўн саккиз ёшдан катта бўлган волонтёрларга ижозат берилади.
Волонтёр қуйидаги ҳуқуқларга эга:
ўзининг волонтёрлик фаолиятини амалга оширишда иштирок этишини ушбу Қонунда белгиланган талабларни ҳисобга олган ҳолда эркин танлаш;
агар волонтёр ҳамда волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчиси ўртасида тузилган волонтёрлик шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ҳар қандай вақтда волонтёрлик фаолиятини эркин равишда тугатиш;
волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчиси ва волонтёрлик ташкилоти тўғрисида ишончли ахборот олиш;
волонтёрлик дастурларини бажариш, волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш учун ташкил этиладиган ёки тавсия қилинадиган волонтёрлик акцияларини ва бошқа тадбирларни ўтказиш;
волонтёрлик фаолияти ташкилотчисидан ва волонтёрлик ташкилотидан махсус кийим-бош олиш ҳамда йўл ҳақига, яшашга, овқатланишга, зарур якка тартибда ҳимояланиш воситаларини, асбоб-ускуналарни олишга сарфланган харажатларнинг ва бошқа харажатларнинг ўрни қопланиши;
волонтёрлик фаолияти ташкилотчисидан ва волонтёрлик ташкилотидан тавсиянома тусидаги хатларни олиш;
таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ташкилотларига ва табиатни муҳофаза қилувчи ҳамда ўрмон муассасаларининг ҳудудига мазкур ташкилотлар ва муассасалар раҳбарияти билан келишувга кўра волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш учун кириш;
волонтёрлик ташкилотининг, волонтёрлик фаолияти ташкилотчисининг маблағлари ҳисобидан ҳаёти ва соғлиғини суғурта қилдириш.
Волонтёр:
волонтёрларни мувофиқлаштирувчидан, волонтёрлик ташкилотидан ҳамда волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчисидан олинган топшириқларни виждонан бажариши;
фуқаролар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги, ўз фаолияти билан учинчи шахсларга ва атроф-муҳитга зарар етказмаслиги;
волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш чоғида ўзига маълум бўлиб қолган махфий хусусиятга эга маълумотларни ошкор этмаслиги;
волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш жараёнида ўзига берилган моддий ресурслар ҳамда асбоб-ускуналарга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиши ва иш тугаганидан кейин уларни қайтариши;
давлат органларининг мансабдор шахсларига ўз ваколатларини амалга оширишида тўсқинлик қилмаслиги шарт.
Волонтёр қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
13-модда. Волонтёрларни мувофиқлаштирувчининг фаолияти
Волонтёрларни мувофиқлаштирувчи волонтёрлик фаолияти ташкилотчиси томонидан ёхуд волонтёрлик дастурини ёки волонтёрлик акциясини амалга ошириш учун жавобгар бўлган волонтёрлик ташкилоти томонидан тайинланади ёхуд волонтёрлар гуруҳи таркибига кирувчи волонтёрлар томонидан улар орасидан сайланади.
Волонтёрларни мувофиқлаштирувчи волонтёрларга йўл-йўриқ кўрсатади, улар ўртасида ишни тақсимлайди, ҳар бир волонтёрнинг иш жойи ва иш ҳажмини белгилайди, ишнинг улар томонидан бажарилишини назорат қилади.
Волонтёрларни мувофиқлаштирувчи давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек волонтёрлар гуруҳлари билан ҳамкорлик қилади.
14-модда. Волонтёрлик ташкилотининг фаолияти
Волонтёрлик ташкилоти волонтёрлик дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади ҳамда волонтёрлик фаолияти ташкилотчиси билан биргаликда ёки волонтёрларни жалб қилган ҳолда мустақил равишда волонтёрлик акцияларини ўтказади.
Волонтёрлик ташкилоти волонтёрларни мувофиқлаштирувчини тайинлайди, у ўз фаолиятини ушбу Қонуннинг 13-моддасига мувофиқ амалга оширади.
Волонтёрлик ташкилоти волонтёрларни ўқитиш учун таълим фаолиятини амалга оширувчи ташкилотларни жалб этиш, махсус семинарлар, ишчи учрашувлар ва волонтёрларнинг учрашувларини ўтказиш ҳуқуқига эга.
Волонтёрлик ташкилоти қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда волонтёрларни рағбатлантиришни амалга оширади, шунингдек энг кўп ўзини кўрсатган волонтёрларни рағбатлантириш ва (ёки) мукофотлаш учун номзодларни волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчисига, шу жумладан волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчиси бўлмаган давлат органларига белгиланган тартибда тақдим этади.
Волонтёрлик ташкилоти нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши шарт.
15-модда. Волонтёрлик фаолияти ташкилотчисининг ваколатлари
Волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчиси:
волонтёрлик дастурлари амалга оширилишини ва волонтёрлик акциялари ўтказилишини ташкил этади;
волонтёрлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга ва рағбатлантиришга оид давлат дастурларининг амалга оширилишида иштирок этади;
волонтёрлик ташкилотига ва волонтёрга режалаштирилаётган ҳамда амалга оширилаётган волонтёрлик дастурлари ва волонтёрлик акциялари, улар иштирокчиларининг сони, акциялар ўтказиладиган жой ҳамда вақт, уларни ўтказишга доир талаблар тўғрисида ахборот тақдим этади, шу жумладан ўз расмий веб-сайтига жойлаштириш орқали ахборот тақдим этади;
волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш чоғида волонтёрнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсиз шарт-шароитлар яратади;
волонтёрлик ташкилотига ва волонтёрга тавсия тусидаги хатлар тақдим этади;
волонтёрга махсус кийим-бош беради ҳамда унинг ҳақиқий яшаш жойидан волонтёрлик акцияси ўтказилаётган жойга келиши ва у жойдан қайтиши учун йўл ҳақи, яшаш, овқатланиш, зарур якка тартибда ҳимояланиш воситаларини, ускуналарни сотиб олиш харажатларининг ва бошқа харажатларининг ўрнини қоплайди;
хавфли, зарарли ҳамда ноқулай омиллар билан боғлиқ ишларни бажаришга жалб қилинган волонтёрларнинг ҳаёти ва соғлиғини мажбурий тартибда суғурта қилишни амалга оширади.
16-модда. Волонтёрлик шартномаси
Волонтёрлик волонтёр ва волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчиси ўртасида ушбу Қонуннинг қоидаларига риоя этган ҳолда ёзма шаклда тузилган шартнома асосида амалга оширилиши мумкин.
Волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчиси, агар у волонтёрлик фаолияти билан ойига 20 соатдан кўпроқ банд бўлса, волонтёр билан волонтёрлик шартномасини тузиши шарт.
Волонтёрлик шартномаси икки нусхада расмийлаштирилади, улардан бири волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчисида, иккинчиси эса волонтёрда сақланади.
17-модда. Волонтёрлик шартномасининг мазмуни
Волонтёрлик шартномаси қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:
волонтёр волонтёрлик дастури, акцияси вақтида амалга оширадиган фаолиятнинг тавсифи;
волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш даври;
иш соатлари ва кунлари;
ишониб топширилган моддий қимматликларнинг қиймати кўрсатилган ҳолдаги тавсифи;
шартнома тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчиси томонидан бериладиган имтиёзлар;
белгилаб қўйиладиган касбий талаблар, ижтимоий кўникмалар, ривожланиш манфаатлари, зарур бўлганда, соғлиғининг ҳолатига доир талаблар;
тарафларнинг етказилган зарар учун жавобгарлиги;
шартномани бекор қилиш ва уни ҳақиқий эмас деб топиш шартлари.
Агар волонтёрлик шартномасини бажариш жараёнида волонтёрнинг зиммасига юклатилган мажбуриятларни амалга оширишни қийинлаштирадиган ҳолатлар тарафларга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра юзага келса, шартнома қайта кўриб чиқилади.
Агар волонтёрлик шартномасини бажариш жараёнида тарафларга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра шартномани бундан буён бажариш мумкин бўлмай қоладиган ҳолатлар юзага келса, шартнома тарафлардан бирининг ташаббусига кўра бекор қилинади.
Волонтёрлик шартномасини бир томонлама тартибда бекор қилиш, агар волонтёрлик шартномасида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, волонтёр томонидан ёки жалб этилган ташкилот томонидан бу ҳақда етти кун олдин дастлабки тарзда хабардор қилиш шарти билан ва сабабларни кўрсатиш мажбуриятларисиз амалга оширилади.
Якка тартибдаги меҳнат шартномасини ёки хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги фуқаролик-ҳуқуқий шартномасини ёхуд шу каби ҳар қандай бошқа шартномани тузишдан бош тортиш мақсадида волонтёрлик шартномасини тузиш тақиқланади.
4-боб. Волонтёрлик фаолиятини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш
18-модда. Волонтёрлик фаолиятини рағбатлантириш чоралари
Волонтёрлик фаолиятини илгари суриш ҳамда амалга ошириш борасидаги хизматларини эътироф этиш ва баҳолаш белгиси сифатида жисмоний ва юридик шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ мукофотланиши мумкин.
Давлат органлари волонтёрлик фаолияти билан шуғулланувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари билан биргаликда волонтёрлик фаолияти соҳасидаги хизматларни эътироф этиш бўйича турли фестиваллар ўтказиши мумкин.
19-модда. Волонтёрлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва молиявий таъминлаш
Волонтёрлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари хайрия ёрдами тарзида қуйидаги шаклларда амалга оширилиши мумкин:
моддий-техника таъминоти;
мулкий таъминот;
қўллаб-қувватлашнинг қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа шакллари.
Волонтёрлик фаолиятининг молиявий таъминоти жисмоний ва юридик шахсларнинг ўз маблағлари ёки жалб этилган маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.
5-боб. Якунловчи қоидалар
20-модда. Волонтёрлик фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш
Волонтёрлик фаолияти оммавий ахборот воситаларида, Интернет жаҳон ахборот тармоғида ёритилиши мумкин.
21-модда. Низоларни ҳал этиш
Волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.
22-модда. Волонтёрлик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Волонтёрлик фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.
23-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.
24-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:
ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;
давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.
25-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши
Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Ўзбекистон Республикасининг
Президенти Ш. Мирзиёев
Тошкент шаҳри,
2019 йил 2 декабрь
ЎзА