Ўзбекистон Республикаси Президентининг
фармони
Сўнгги йилларда мамлакатда давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларини демократлаштиришга, инновацион технологияларни жорий этишга, инсон салоҳиятини ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар ва имкониятлар яратишга, аҳолининг фаровонлик даражасини оширишга йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шундай бир шароитда муайян соҳадаги вазиятни сифат жиҳатидан ўзгартириш ҳамда илғор хорижий ва маҳаллий назарий-методологик воситалардан фойдаланиш асосида уни ривожлантириш вазифаларини давом эттириш хусусида социологик сўровлар ўтказишнинг сифат жиҳатидан янги ва замонавий тадқиқот амалиётини шакллантириш масаласи алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Халқаро амалиёт ва мамлакатимиз тажрибаси социологик тадқиқотларни ижтимоий шериклик принциплари асосида ўтказиш жараёнида ноҳукумат ташкилотларнинг салоҳиятидан янада кенгроқ фойдаланиш ва шу мақсадларда давлат буюртмасини сифатли бажариш, аҳолини мазкур жараёнга фаолроқ жалб этиш учун шарт-шароитлар яратиш зарурлигини кўрсатмоқда.
Жамоатчилик фикрининг тизимли мониторингини таъминлаш ҳамда мамлакат ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ҳаётида унинг натижаларидан фойдаланиш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш мақсадида:
1. “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази муассислари йиғилишининг уни “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази (кейинги ўринларда “Ижтимоий фикр” маркази деб юритилади) этиб қайта номлаш таклифига розилик берилсин.
2. Маълумот учун қабул қилинсинки, қуйидагилар “Ижтимоий фикр” марказининг асосий вазифалари ҳисобланади:
а) қуйидагиларда:
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимида, давлат ва жамият қурилишида – демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламент, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ролини янада кучайтиришга, давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар;
суд-ҳуқуқ соҳасида – қонун устуворлигини таъминлашга ва инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга йўналтирилган ислоҳотлар;
иқтисодиётда – унинг рақобатбардошлигини оширишга, тармоқларни модернизация қилиш, либераллаштириш ва диверсификация қилишга, давлатнинг иқтисодий жараёнларда иштирокини камайтириш бўйича институционал ва таркибий ислоҳотларни амалга ошириш сифатини аниқлаш ва ўрганишга, хусусий мулкчилик ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга йўналтирилган ислоҳотлар;
ижтимоий соҳада – аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришга, унинг бандлигини таъминлашга, реал даромадларини оширишга ва хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтиришга, таълим, соғлиқни сақлаш, туризм, маданият, санъат, спорт, илм-фан ва бошқа йўналишларнинг сифатини оширишга, давлатнинг ёшларга оид сиёсатини ва арзон уй-жойлар қуриш дастурларини амалга ошириш чора-тадбирларини бажаришга йўналтирилган ислоҳотлар;
хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик, шунингдек, ташқи сиёсат соҳаларида – мамлакат мудофаа қобилиятини, фуқаролар ўртасида ва динлараро тинчлик ҳамда тотувликни мустаҳкамлашга, ташқи сиёсат соҳасидаги фаолият самарадорлигини янада оширишга йўналтирилган ислоҳотлар тўғрисидаги жамоатчилик фикрини ўрганиш ва таҳлил қилиш;
б) фуқаролар дунёқарашини шакллантиришнинг асосий йўналишларини, уларнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, ахлоқий, ҳуқуқий онги ҳолати ва мазмунини белгилаш, аҳолининг сиёсий, ҳуқуқий маданияти даражасини ўрганиш ва уларни ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаш;
в) ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг ҳолати ва динамикаси тўғрисида, аҳолининг ижтимоий фикри ҳақида ишончли ахборотни тарқатиш;
г) хорижий тадқиқотчилик амалиётида фаол фойдаланиладиган ва замонавий ахборот ёндашувларига таянадиган социологик тадқиқотлар ўтказишни ташкил этиш техникаси ва технологияларини ишлаб чиқиш, мослаштириш, татбиқ этиш ва уларнинг кенг усулларини қўллаш, жамоатчилик фикрини ўрганиш методологик асосларини таҳлил қилиш ва такомиллаштириш.
3. “Ижтимоий фикр” маркази, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлигининг:
“Ижтимоий фикр” маркази томонидан Таъсисчилар кенгаши томонидан ҳар йили маъқулланадиган социологик тадқиқотлар режасига мувофиқ социологик тадқиқотлар ўтказиш тартибини сақлаб қолган ҳолда “Ижтимоий фикр” марказининг раҳбар ва илмий ходимларига бюджет маблағлари ҳисобидан фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишлар илмий-техник дастурларини амалга оширишда иштирок этадиган илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий ва раҳбар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш миқдорлари ва шартларини, Марказнинг бошқа ходимларига эса Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига идоравий мансуб муассасалар учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартларини татбиқ этиш;
“Ижтимоий фикр” марказини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан таъминлаш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясига ҳар йили “Ижтимоий фикр” марказининг буюртманомаларига кўра марказнинг асосий вазифаларини амалга ошириш бўйича тадбирларни молиялаштириш учун зарур маблағларни кўзда тутиш тавсия этилсин.
4. “Ижтимоий фикр” маркази томонидан ўтказилган социологик сўров натижаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида мунтазам муҳокама қилиш ва улар бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш амалиётга жорий этилсин.
Белгилансинки, “Ижтимоий фикр” маркази томонидан ўтказилган социологик сўров натижалари оммавий ахборот воситалари, марказий давлат телеканаллари, босма нашрлар ва Марказнинг веб-сайтида доимий ёритиб борилиши зарур.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ижтимоий фикр” маркази билан биргаликда икки ҳафта муддатда социологик сўровлар якунларини ёритиш мақсадида “O‘zbekiston 24” телеканалида доимий фаолият юритадиган “Ижтимоий фикр” («Общественное мнение») махсус рукни ташкил этилишини таъминласин.
5. 2019-2020 йилларда “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш марказини ускуналар, техника ва бошқа воситалар билан жиҳозлаш дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги “Ижтимоий фикр” марказининг асосланган ҳисоб-китобларига кўра унинг моддий-техник базасини яхшилаш учун зарур бўлган ускуналар, техника ва бошқа воситаларни, шунингдек, ушбу Дастурда келтирилган хорижий илмий ва махсус адабиётларни харид қилишга маблағ ажратилишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги икки ой муддатда Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда:
“Ижтимоий фикр” марказини зарур алоқа воситалари, жумладан, ҳукумат алоқаси билан, Интернетга кенг полосали уланишини таъминласин ҳамда хорижий экспертларни жалб этган ҳолда видео анжуманлар, интернет-форумлар ва телекўприкларни ўтказишда зарур техник ёрдам кўрсатсин;
“Ижтимоий фикр” марказига телефон ва Интернет тармоғи орқали ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва мамлакатимиз ҳаётининг бошқа йўналишларига доир долзарб жорий масалалар юзасидан аҳоли ўртасида блиц-сўров ўтказиш учун call-марказини ташкил этишда амалий ва техник ёрдам кўрсатсин;
“Ижтимоий фикр” марказининг жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича ишларни мониторинг ва таҳлил қилиш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси”,“Қўнғироқларни қайта ишлаш маркази” (телефон рақамлари 10-00, (0800) 210-00-00) ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналарининг ахборот тизимлари фаолиятига доир статистик ва бошқа ахборотлардан фойдаланишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хорижий тадқиқот марказлари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишда, замонавий усул ва ёндашувлар асосида социологик сўровлар ўтказишни ташкиллаштириш кўникмаларини ошириш мақсадида уларнинг малакали мутахассисларини жалб этишда “Ижтимоий фикр” марказига кўмаклашсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:
2019/2020 ўқув йилидан бошлаб “Ижтимоий фикр” марказининг буюртманомаларига кўра республикадаги олий таълим муассасалари талабалари тегишли таълим йўналишлари бўйича ишлаб чиқариш амалиётидан ўтиши учун мазкур Марказга мунтазам юборилишини таъминласин;
республикадаги тегишли олий таълим муассасалари билан биргаликда икки ой муддатда 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб социология ва социологик тадқиқотлар кафедраларини очиш чоралари кўрилишини таъминласин.
9. “Ижтимоий фикр” маркази, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва “Тараққиёт стратегияси” марказининг Ўзбекистон социологлари ассоциациясини ташкил этиш ҳамда қуйидагиларни унинг асосий вазифалари этиб белгилаш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин:
ўз аъзоларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш;
илмий тадқиқотлар, ижтимоий мезонлар методологиясини такомиллаштириш бўйича ишларда, мамлакатимиз социология ҳамжамиятининг интеллектуал ва илмий-техник салоҳиятини юксалтиришда иштирок этиш, шу жумладан, ижтимоий тажрибалар ўтказиш бўйича таклифлар киритиш;
Ўзбекистонда ва хорижда демографик жараёнларни ўрганиш ва таҳлил қилишга кўмаклашиш;
социологлар ва бошқа ходимларнинг малакасини ошириш;
олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларига социология фанидаги энг янги ютуқларни ва социологик тадқиқотлар ўтказишнинг инновацион ёндашувларини жорий этиш бўйича улар билан ҳамкорлик қилиш;
халқаро ва хорижий социологлар ассоциациялари билан ҳамкорлик қилиш, сифатли социологик ишларни, шу жумладан, хорижда ўтказиш мақсадида консорциум ташкил этиш;
Халқаро социологлар ассоциациясига аъзо бўлиш, бутун жаҳон социологик конгресслар ва форумларда иштирок этиш.
10. “Ижтимоий фикр” маркази:
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси, молия, иқтисодиёт ва саноат, бандлик ва меҳнат муносабатлари, ички ишлар вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Бош прокуратураси, Олий суди, бошқа вазирлик ва идораларнинг статистик ахбороти;
Ўзбекистон Респубикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази бюллетенлари ва кундалик маълумотлари тўплами;
хорижий матбуот шарҳлари ва илмий-тадқиқот институтлари, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджет-солиқ тадқиқотлари институтининг ижтимоий-иқтисодий соҳага оид таҳлилий маърузалари мажбурий жўнатиладиган реестрга киритилсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги 2020 ва ундан кейинги йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантиришда “Ижтимоий фикр” марказининг асосланган ҳисоб-китобларига кўра Марказ ва ташкил этиладиган Ўзбекистон социологлари ассоциацияси биноларида таъмирлаш-тиклаш ишлари ва уларни техник ўқитиш воситалари билан жиҳозлаш бўйича лойиҳалар киритилишини белгиланган тартибда назарда тутсин.
12. Қуйидагиларга:
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси вазифасини бажарувчи А.Ж.Хаджаев ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори А.К.Кўчимовга – социологик сўровлар натижаларининг оммавий ахборот воситалари, марказий давлат телеканаллари ва босма нашрларда мунтазам ёритиб борилиши учун;
вазирликлар, идоралар, бошқа давлат органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарларига – “Ижтимоий фикр” марказига унинг вазифаларини самарали амалга оширишда ҳар томонлама ва тўлиқ кўмаклашиш учун шахсан жавобгар экани кўрсатиб ўтилсин.
13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 25 июндаги “Ҳуқуқий тарбияни яхшилаш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш, ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ишини яхшилаш ҳақида”ги ПФ-1791-сон Фармонининг 2.1-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
14. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:
бир ой муддатда “Ижтимоий фикр” марказини мазкур Фармонга мувофиқ унинг номи ўзгартирилганини ва устувор вазифалари белгилаб олинганини ҳисобга олган ҳолда қайта рўйхатдан ўтказсин;
ташкил этилаётган Ўзбекистон социологлари ассоциациясини белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказсин, устав органларини шакллантиришда унга ҳар томонлама кўмаклашсин;
икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.
15. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Р.С.Қосимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2019 йил 22 февраль
ЎзА