Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Республикада ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлиги табиий захираларини сақлаш, уларнинг қайта тикланишини таъминлаш, маданий усулда каврак плантацияларини яратиш ҳамда қайта ишлаш корхоналари ва уй хўжаликлари ўртасида кооперацияни йўлга қўйиш, кавракдан олинадиган хомашёни қайта ишлаш ҳамда тайёр ва ярим тайёр маҳсулот сифатида экспортга чиқаришни рағбатлантириш, шунингдек, соҳага инвестицияларни кенг жалб қилиш мақсадида:

1. Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасига (кейинги ўринларда – Қўмита) каврак етиштиришни жадал ривожлантиришни таъминлаш бўйича қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилсин:

ўзига тегишли яйлов ер майдонларида фаолият олиб бораётган хўжалик юритувчи субъектларга ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлигини сақлаб қолиш, муҳофаза қилиш, самарали тикланишини ва такрор кўпайтиришни ташкил қилишда кўмаклашиш;

республика ҳудудларининг табиий-иқлим шароитларига мос бўлган маданий каврак плантациялари ташкил этилишини мониторинг қилиш;

республика ҳудудларида кавракни саноат усулида қайта ишлаш ҳажмини кўпайтириш ва тайёр маҳсулот ҳолида экспорт қилиш ҳамда маҳсулотни сотиш бозорларини кенгайтириш бўйича шароитлар яратиш.

2. “Яйлов хўжалигини ривожлантириш” уюшмасига (кейинги ўринларда – Уюшма) каврак етиштиришни ривожлантириш бўйича қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилганлиги маълумот учун қабул қилинсин:

каврак етиштириш ва уни экспорт қилиш билан шуғулланадиган хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини мувофиқлаштириш, соҳадаги қонунчилик базасини такомиллаштириш, каврак маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ва сифатини ошириш бўйича тизимли ҳамда мақсадли чора-тадбирларни амалга ошириш;

саноат усулида етиштирилган кавракнинг сотув бозорларини кенгайтириш мақсадида маркетинг тадқиқотларини олиб бориш, экспорт ҳажмини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

каврак етиштириш соҳасига хорижий мутахассис ва инвестицияларни жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратиш;

каврак ўсимлигини маданий усулларда кўпайтириш, уни чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш жараёнларига илмий ишланмаларни кенг жорий қилиш;

каврак ўсимлигининг техник хомашёсини йиғиш, уни қайта ишлаш ва экспорт қилишгача бўлган жараёнларда жисмоний шахслар ва қайта ишловчи корхоналар ўртасида кооперацияни ташкил қилиш орқали каврак етиштириш субъектлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва қонунчиликда белгиланган бошқа вазифаларни амалга ошириш.

3. Қўмита, “Каврак етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар” ҳамда “Яйлов хўжалигини ривожлантириш” уюшмаларининг “Каврак етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар” уюшмасини “Яйлов хўжалигини ривожлантириш” уюшмасига қўшиб олиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

4. 2022-2026 йилларда яйлов ер майдонларида каврак плантацияларини барпо этишнинг прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Бош вазир ўринбосари Ш.Ғаниев, Қўмита (Б.Қ. Шарипов), Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари ҳокимликлари тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилган ҳолда, мазкур прогноз кўрсаткичларининг ўз вақтида бажарилишини таъминласин.

5. Қўмита Уюшма билан биргаликда 2022 йил 1 июнга қадар Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларининг каврак ўсиши учун қулай иқлим шароитларига эга ҳудудларида кавракни қайта ишловчи корхоналар, каврак йиғиш ва етиштириш билан шуғулланувчи уй хўжаликлари (жисмоний шахслар) ва каврак кўчатчилиги хўжаликлари кооперациясига асосланган каврак етиштириш кластерлари (кейинги ўринларда – каврак етиштириш кластерлари) ташкил этилишини таъминласин.

6. Белгилансинки, каврак етиштириш кластерларини ташкил этиш қуйидаги шартлар асосида амалга оширилади:

Қўмита, Уюшма ва ташаббускорлар ўртасида томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини назарда тутувчи шартнома тузилади;

ташаббускорга яйловлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ҳолатини яхшилаш, ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлигини сақлаб қолиш, уни маданий усулларда кўпайтириш, кластер иштирокчилари ўртасида кооперация усулида каврак хомашёсини йиғиш, уни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлантиришга оид мажбуриятлар юкланади.

Қўмита мазкур талаблар асосида салоҳиятли инвесторларни жалб этишга шахсан масъул ҳисобланади.

7. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2022 йил 1 майдан бошлаб:

а) Қўмитанинг доимий эгалигидаги ер майдонларида:

ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлигини ғамлаш (йиғиш) учун квоталар Қўмитанинг буюртмасига кўра, тўлов эвазига Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг хулосаси асосида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланади;

мазкур квоталар доирасида ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлиги хомашёсидан махсус фойдаланиш учун ҳамда ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлигини четга олиб чиқиш учун рухсатномалар Қўмита томонидан берилади. Бунда ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлигини ғамлаш (йиғиш) ва четга олиб чиқиш учун рухсатномалар ажратиладиган квотанинг камида 50 фоизи ҳажмида маданий плантацияларни барпо этиш шарти билан берилади;

б) Қўмита каврак маҳсулотлари бозор конъюнктураси ва ишлаб чиқариш харажатларини таҳлил қилади, шунингдек, экспорт ҳажмлари мониторингини юритади ва ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг экспорт ҳажмини ошириш учун масъул ҳисобланади.

Қўмита Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда мазкур банд талабларидан келиб чиқиб бир ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

Бунда, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни асраб-авайлаш, уларни қайта тиклаш ва популяциясини кенгайтириш ҳамда ноқонуний йўл билан йиғишнинг олдини олиш чоралари ҳам назарда тутилади.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Фанлар академияси билан биргаликда ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлигини ғамлаш (йиғиш) учун квоталар Қўмитанинг буюртмасига кўра 2022 йилда 10 майгача, келгуси йилдан ҳар йилнинг 1 февралигача тасдиқланишини таъминласин.

8. Қўмита ва Уюшманинг:

а) Қўмитанинг доимий эгалигида бўлган ер майдонларидаги каврак ўсимлигидан фойдаланганлик учун хорижий фуқаролар ва юридик шахслардан олинадиган тўлов миқдорини:

“Ўзбекистон Республикасининг Қизил китоби”га киритилмаган каврак ширасининг (елим) 1 килограмми учун тўрт бараварга ошириш;

“Ўзбекистон Республикасининг Қизил китоби”га киритилган каврак ширасининг (елим) 1 килограмми учун икки бараварга ошириш;

б) амалдаги тартибга кўра, каврак ўсимлигидан фойдаланганлик учун хорижий фуқаролар ва юридик шахслардан ундирилиб, тегишинча тақсимланадиган суммаларни сақлаб қолиш;

в) мазкур бандга мувофиқ каврак ўсимлигидан фойдаланганлик учун оширилаётган тўлов ундиришдан олинган маблағларни Қоракўлчиликни ривожлантириш жамғармаси махсус ҳисоб рақамига ўтказиш, улардан 50 фоизини Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманини ривожлантириш жамғармасига йўналтириш ҳамда 50 фоизини Қоракўлчиликни ривожлантириш жамғармасида қолдириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

9. Белгилансинки, Қоракўлчиликни ривожлантириш жамғармаси каврак ўсимлигидан фойдаланганлик учун оширилаётган тўлов ундиришдан олинган маблағларни:

каврак етиштириш кластерлари иштирокчиларига ҳудудларда шахтали ва тик қудуқлар, шунингдек, сув тортиш учун насос станцияларини янгидан қуриш ва реконструкция қилишга субсидиялар бериш;

ташкил этиладиган маданий плантациялар учун ер майдонларини тайёрлаш, каврак кўчатини харид қилиш ва экиш харажатларининг бир қисмини қоплашга субсидиялар бериш;

каврак етиштириш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига янги замонавий технологиялар, инновацион ғоялар ва ишланмаларни жорий этиш учун субсидиялар бериш;

Қўмитанинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ишчи ходимларни моддий ва ижтимоий рағбатлантиришга йўналтиради.

Қўмита икки ой муддатда каврак етиштириш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига субсидиялар бериш тартибини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

10. Белгилансинки:

а) 2022 йил 1 майдан бошлаб уч йил давомида:

каврак етиштиришдан олган даромадлари жорий ҳисобот (солиқ) даври якунлари бўйича жами даромаднинг камида 80 фоизини ташкил этадиган тадбиркорлик субъектларидан олинадиган фойда солиғи, мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 50 фоиз миқдорида қўлланилади;

каврак ўсимлигини етиштирувчилар ва унинг хомашёсини қайта ишловчи корхоналар томонидан белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича хориждан импорт қилинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган хомашё, материаллар ва фурнитуралар божхона божидан озод этилади. Бунда, импорт қилинадиган товарларнинг Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилиши тўғрисида экспертиза хулосаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУК томонидан берилади;

б) Қўмита Уюшма билан биргаликда жун ва каврак маҳсулотлари (ТИФ ТН бўйича 5101–5109, 5602, 570110, 5701109, 1301 90 0000 кодлари) экспорт ҳажмлари мониторингини юритади ва ушбу маҳсулотларнинг экспорт ҳажмини ошириш чораларини кўради.

11. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қўмита ва Уюшманинг 2022 йил 1 майдан 5 йил муддатга каврак ўсимлиги уруғларининг республикадан олиб чиқилишига рухсатномалар берилишини тўхтатиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

12. Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси бир ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикасининг чегарасига яқин ҳудудларда каврак етиштириш кластерлари томонидан каврак шираси ва уруғини йиғиб олиш учун шароит яратиш юзасидан таклиф киритсин.

13. Қўмита, Молия вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг:

Уюшма тизимидаги субъектларда мавсумий ишчиларнинг тўлиқ бир мавсум ишлаган даврини уларга пенсия тайинлаш учун қонунчилик ҳужжатларида тасдиқланган, бир йиллик меҳнат стажига ўтадиган мавсумий ишлар рўйхатига киритиш;

2022 йил 1 июлдан 2025 йил 1 январгача Уюшма тизимидаги субъектларда фаолият олиб бораётган мавсумий ишчилар учун ижтимоий солиқ ставкасини 1 фоиз миқдорда ундириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига мазкур банднинг учинчи хатбошисидан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар бўйича қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритсин.

14. Қўмита Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда ёввойи ҳолда ўсувчи каврак ўсимлигини асраб-авайлаш, уларни қайта тиклаш ва популяциясини кенгайтириш ҳамда ноқонуний йўл билан каврак йиғишнинг олдини олиш чораларини кўриб борсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари 3-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

17. Қўмита икки ой муддатда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонунчилик ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

18. Мазкур Фармоннинг ижросини ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасининг раиси Б.Қ.Шарипов белгилансин.

Фармон ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ш.М.Ғаниев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

          Президенти                                                                                               Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2022 йил 27 апрель