Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини янада кучайтириш, жумладан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига мутлақо йўл қўймаслик мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, қийноққа солишнинг барвақт олдини олиш, у билан боғлиқ мурожаатларни тезкор равишда холисона кўриб чиқиш, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга мониторинг ташрифларини мунтазам амалга ошириш бўйича самарали ҳуқуқий механизмларни яратиш ишларини давом эттириш лозим.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси, шунингдек, БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталари тавсияларини ҳисобга олган ҳолда қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмларни такомиллаштириш, “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Қуйидагилар қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш (кейинги ўринларда – қийноққа солиш) ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича устувор вазифалар этиб белгилансин:

қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига мувофиқлаштириш;

ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларга юборилган мурожаатларнинг муассаса маъмурияти томонидан кўздан кечирилмаслигини ҳамда қабул қилувчига зудлик билан юборилишини қатъий таъминлаш;

қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларнинг тезкор ва холисона кўриб чиқилиши ҳамда айбдор шахсларнинг муқаррар жавобгарликка тортилиши механизмини такомиллаштириш;

қийноққа солишдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилишини ҳамда уларга етказилган зарарнинг компенсация қилинишини таъминлаш;

қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш фаолиятига фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш ҳамда уларнинг давлат органлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш;

қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича фаолият натижалари тўғрисидаги маълумотларни кенг жамоатчиликка етказиш;

қийноққа солишнинг олдини олиш борасида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг миллий институтлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш.

2. Олий Мажлис палаталари, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказнинг қуйидагиларни назарда тутувчи таклифлари маъқуллансин:

а) Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) (кейинги ўринларда – Омбудсман) ҳузуридаги эксперт гуруҳи негизида Омбудсман ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳларини (кейинги ўринларда – Жамоатчилик гуруҳлари) ташкил этиш ва уларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагиларни белгилаш:

гауптвахта, махсус қабулхона, вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, тергов ҳибсхонаси, жазони ижро этиш муассасаси, интизомий қисм, мажбурий даволаш муассасаларида (кейинги ўринларда – ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлар) қийноққа солишнинг олдини олиш бўйича мониторинг ташрифларини мунтазам равишда амалга ошириш;

ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақлаш шарт-шароитларини ўрганиш ва улар юзасидан ахборотларни жамоатчиликка эълон қилиб бориш;

қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларни тезкор бартараф этиш бўйича талабномаларни тегишли давлат органига тақдим қилиш;

қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқишда иштирок этиш;

қийноққа солиш ҳолатларини экспертлик баҳолаш масалалари бўйича услубий тавсиялар ишлаб чиқиш;

қийноққа солишдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилишида иштирок этиш;

қийноққа солиш хавфининг олдини олиш ҳамда бу соҳада илғор хорижий тажрибани жорий қилиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

б) Жамоатчилик гуруҳлари таркибига Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ экспертлари, тиббиёт ходимлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларини жалб қилиш ва бунда уларнинг мониторинг ташрифларини амалга ошириш учун касбий малакаси ва амалий билимларга эга бўлишини ҳамда гендер тенглиги таъминланишини ҳисобга олиш;

в) Омбудсман томонидан ҳар йили 15 мартга қадар Олий Мажлис палаталарига қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муносабат ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларининг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан маърузани тақдим этиш ва уни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш амалиётини йўлга қўйиш.

3. Белгилансинки:

ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларнинг маъмурияти Жамоатчилик гуруҳларига ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар билан монеликсиз ва холи учрашиши ҳамда суҳбатлашиши, шунингдек, тегишли ҳужжатлар билан танишиши учун зарур шарт-шароитларни таъминлайди;

давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларнинг маъмурияти Жамоатчилик гуруҳларининг фаолиятини амалга оширишига кўмаклашади;

Жамоатчилик гуруҳлари аъзоларининг хавфсизлигини таъминлаш мониторинг ташрифлари ўтказиладиган муассаса маъмурияти зиммасига юклатилади;

Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари қонунчиликка зид ҳаракат қилган тақдирда мониторинг ташрифлари ўтказилаётган муассаса маъмурияти раҳбари бу ҳақида Омбудсманни ёзма равишда хабардор қилади.

4. Қуйидагилар:

а) ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга жойлаштирилган шахсларнинг ягона электрон реестрини юритиш амалиёти йўлга қўйилсин.

Бунда, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахсни қабул қилишга асос бўлган ҳужжат нусхаси ва ушбу шахс ҳақидаги маълумотлар шахс ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга жойлаштирилган вақтдан бошлаб уларнинг маъмурияти томонидан дарҳол ягона электрон реестрга киритиб борилади ва суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда Омбудсман учун мазкур маълумотлар билан танишиш имконияти яратилади.

Ички ишлар вазирлиги 2021 йил 1 декабрга қадар ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга жойлаштирилган шахсларнинг ягона электрон реестрини шакллантириш тартибини ишлаб чиқсин ва самарали йўлга қўйилишини таъминласин;

б) ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар томонидан қийноқлар бўйича амалдаги қонунчилик талабларидан келиб чиққан ҳолда адвокатга ёки яқин қариндошига телефон орқали мурожаат қилиш амалиёти такомиллаштирилсин.

Ички ишлар вазирлиги 2021 йил 1 ноябрга қадар мазкур масалани назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.

5. Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ:

Омбудсман ва Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда БМТнинг “Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши Конвенцияси Факультатив протоколи”га (Нью-Йорк, 2002 йил 18 декабрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши масаласи бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

Молия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура билан биргаликда уч ой муддатда қийноққа солишдан жабрланган шахсларга етказилган зарарни компенсация қилиш тартибини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

2021 йил 1 октябрдан бошлаб Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура билан биргаликда тезкор-қидирув, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов фаолиятини амалга оширувчи органлар ва жазони ижро этиш муассасалари ходимлари учун қийноққа солишга қарши курашиш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш чораларини кўрсин.

6. Бош прокуратура, Омбудсман, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ 2021 йил 1 декабрга қадар Жиноят кодексида қийноққа солиш учун жавобгарлик белгиловчи нормаларни БМТнинг “Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашга қарши Конвенцияси” (Нью-Йорк, 1984 йил 10 декабрь) талабларига мувофиқлаштириш мақсадида қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчаларни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқсин.

7. Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратура ва Давлат хавфсизлик хизмати қийноққа солиш ҳолатлари бўйича, жумладан, Жамоатчилик гуруҳлари томонидан аниқланган ҳар қандай қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан зудлик билан қонуний чоралар кўрилишини таъминласин.

8. Олий Мажлис палаталарига:

Жамоатчилик гуруҳларини шакллантириш, фаолиятини ташкил қилиш ва мониторинг ўтказиш тартибини назарда тутувчи қонун ҳужжатларини қабул қилиш;

Омбудсманнинг қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича иш фаолияти кўлами ортишини инобатга олиб, Омбудсман Котибияти тузилмасида бошқарув ходимларининг чекланган сонини қайта кўриб чиқиш тавсия этилсин.

9. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда ушбу қарорнинг мақсад ва вазифалари оммавий ахборот воситаларида кенг тушунтирилишини, Жамоатчилик гуруҳлари фаолияти ва мониторинг ташрифлари мунтазам ёритилишини таъминласин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                                                   Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 26 июнь