Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 октябрдаги ПҚ–4487-сон “Ўзбекистон Республикаси банк секторининг молиявий барқарорлигини оширишга оид биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” унитар корхонаси фаолиятида замонавий умумэътироф этилган корпоратив бошқарув тамойилларини жорий этиш мақсадида:
1. Молия вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигининг унитар корхона шаклидаги “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки”ни (кейинги ўринларда – Ўзмиллийбанк) “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” акциядорлик жамияти шаклида (кейинги ўринларда – “Миллий банк” АЖ) қайта ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Белгилаб қўйилсинки:
Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси давлат номидан “Миллий банк” АЖнинг таъсисчиси ҳисобланади;
янги ташкил этилаётган “Миллий банк” АЖ устав капитали кейинчалик қонунда белгиланган тартибда оширилган ҳолда 1-иловага мувофиқ ҳажмда ва улушларда шакллантирилади;
“Миллий банк” АЖ қайта ташкил этилаётган Ўзмиллийбанкнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
3. Қуйидагилар “Миллий банк” АЖ фаолиятининг асосий вазифалари
ва йўналишлари этиб белгилансин:
хорижий кредит линиялари, халқаро капитал бозоридаги ресурслар, хорижий инвесторлар маблағларини жалб қилиш орқали иқтисодиётнинг устувор секторларида йирик инвестицион лойиҳаларни фаол равишда кредитлаш;
хизмат кўрсатиш сифати ва тезкорлигини ошириш учун инновацион молиявий маҳсулотларни жорий этиш;
кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига банк хизматларини, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият масалаларида молиявий маслаҳатлар бериш ва ахборот кўмагини кўрсатиш;
аҳолига чакана банк хизматлари кўрсатишни ривожлантириш, шу жумладан, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда банк хизматларининг янги турларини жорий этиш;
биринчи навбатда миллий валютадаги узоқ муддатли маблағларни сафарбар қилиш ҳисобига банк фаолиятини молиялаштириш манбаларини диверсификация қилиш;
савдо-экспорт молиялаштириш бизнеси маҳсулотларини ривожлантириш ва унинг географиясини кенгайтириш, шунингдек, республиканинг экспорт салоҳиятини ривожлантириш дастурларини қўллаб-қувватлаш, экспорт қилувчиларга консалтинг хизматларини тақдим этиш;
корпоратив мижозларга инвестицион банкинг, жумладан, ички ва ташқи бозорларда қимматли қоғозларни чиқариш ва жойлаштириш хизматларини кўрсатиш.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
“Миллий банк” АЖ билан биргаликда икки ой муддатда қайта ташкил этиладиган Ўзмиллийбанкнинг қарздор ва кредиторлари мажбуриятлари бўйича берилган давлат кафолатларини қайта расмийлаштирсин;
Кузатув кенгашининг асосий вазифалари ва функцияларини белгилаган ҳолда унинг таркибини “Миллий банк” АЖнинг акциядорлар умумий йиғилишига тасдиқлаш учун киритсин.
5. Ўзмиллийбанк икки ой муддатда:
а) Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда, жумладан, қуйидагиларни:
Ўзмиллийбанкни қайта ташкил этишга тайёрлаш бўйича комиссияни тузиш;
тегишли топшириш далолатномасини тайёрлаб, Ўзмиллийбанк активлари ва мажбуриятларини уларга нисбатан баҳолаш амалга оширилмаган ҳолда хатловдан ўтказишни назарда тутувчи чора-тадбирлар амалга оширилишини;
б) мол-мулкнинг мавжуд ҳужжатлари, лицензия ва рухсатномаларини қайта расмийлаштиришни;
в) МЧЖ “NBU INVEST GROUP” инвестиция компанияси негизида молиявий бозорларда, жумладан, банкнинг даромади чегарасида хўжалик субъектлари устав фондида (100 фоизгача) иштирок этиш орқали инвестицион лойиҳаларни амалга оширишда иштирокини кенгайтиришни назарда тутган ҳолда “NBU INVEST GROUP” акциядорлик жамиятини ташкил этишни;
г) қуйидагиларни:
“Миллий банк” АЖнинг ташкилий тузилмаси ва Устави;
халқаро консультантларни жалб қилган ҳолда “Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки” АЖнинг 2020-2023 йилларга мўлжалланган ривожланиш стратегияси ишлаб чиқилиши ва акциядорлар умумий йиғилишида тасдиқланишини таъминласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки “Миллий банк” АЖ Уставининг белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва Ўзмиллийбанкнинг:
а) Ўзмиллийбанкнинг хўжалик жамиятлари устав фондидаги акциялар ва улушлар шаклидаги айрим асосий фаолият тури билан боғлиқ бўлмаган активларини 2-иловага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига бериш;
б) Ўзмиллийбанк ва “NBU INVEST GROUP” АЖнинг хўжалик жамиятлари устав фондидаги акциялар ва улушлар шаклидаги бошқа асосий фаолият тури билан боғлиқ бўлмаган активларини:
баҳолаш нархини 10 фоизга босқичма-босқич камайтириш механизмини қўллаб, бироқ улар бозор нархининг 50 фоизидан пасайтирмаган ҳолда ҳамда икки ой давомида ўтказилган савдолар натижасида инвесторлар томонидан қизиқиш бўлмаган тақдирда, уларнинг номинал қийматидан пасайтирмаган ҳолда;
сотиб олиш тўловларини бирдан ёки бўлиб-бўлиб (акциялардан ташқари) 7 йилгача сотиб олиш суммасининг қолдиғи учун фоиз ҳисобламасдан, шунингдек, сотиб олиш суммаси тўлиқ тўланмагунга қадар объектни тасарруфдан чиқариш ва учинчи шахсларга (тижорат банки – сотувчи бундан мустасно) гаровга (ипотека) бериш ҳуқуқисиз амалга ошириш орқали сотиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
8. Ўзмиллийбанк Кенгаши илгари захиралари яратилган ҳамда сўндириш манбалари мавжуд бўлмаган балансдан ташқари активларни белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги йиғимлар ундирилмасдан “Миллий банк” АЖнинг акциялари белгиланган тартибда чиқарилиши ва бирламчи чиқарилган акциялар давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 мартдаги
“2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ–2853-сон қарорининг 9-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
11. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик
ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – молия вазири Ж.А.Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А.Ғуломов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2019 йил 30 ноябрь