Ўзбекистон Республикаси Президентининг ф а р м о н и

Миллий кино санъатини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларни тизимли давом эттириш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, юртимизда жаҳон тажрибаси асосида кино ишлаб чиқаришнинг самарали механизмларини жорий этиш, замонавий киносаноат инфратузилмасини яратиш ва кинопрокат тизимини ривожлантириш мақсадида:

1. Қуйидагилар миллий кинематографияни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб белгилансин:

кино санъатини жамиятнинг маънавий, маданий-маърифий ҳаётида, жумладан, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда стратегик манба сифатида шакллантириш;

кино саноатини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини бозор тамойиллари асосида такомиллаштириш, шунингдек, хорижий кинокомпанияларни мамлакатга жалб қилиш ва ҳамкорликда фильмлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш;

кино саноатини иқтисодиётнинг алоҳида тармоғи сифатида ривожлантириш, замонавий ва юқори технологик моддий-техник базага эга инфратузилмани яратиш;

кинематография соҳасида кадрлар тайёрлаш, кино ижодкорлари
ва техник ходимлари малакасини оширишнинг самарали тизимини яратиш;

миллий сериаллар ишлаб чиқаришни давлат томонидан рағбатлантириш, анимацион фильмлар ишлаб чиқаришга ёш мультипликатор ва аниматорларни кенг жалб қилиш;

соҳада муаллифлик ҳуқуқининг кафолатли ҳимоя қилинишини таъминлаш, кинопрокат тизимини ривожлантириш ва миллий фильмларни жаҳон кино бозорларига олиб чиқиш.

2. “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Ўзбекистон Республикаси Кинематография агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) этиб қайта номлансин.

3. Агентлик, кино санъати ва саноати вакилларининг қуйидаги ташаббуслари қўллаб-қувватлансин:

“Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивалини таъсис этиш ва уни 2021 йилдан бошлаб мунтазам ўтказиб бориш;

кино санъати ва саноати вакилларининг муаллифлик ҳуқуқларини жамоавий асосда бошқарадиган Ўзбекистон кино саноати вакиллари уюшмаси нодавлат нотижорат ташкилотини ташкил этиш;

олий таълим муассасаларининг кинематография йўналишида таълим олаётган талабаларини қўллаб-қувватлаш учун Худойберган Девонов номидаги давлат стипендиясини таъсис этиш;

“Олтин Хумо” миллий кино мукофоти тақдимотини ҳар йили анъанавий равишда ўтказиб бориш;

миллий кинематография соҳасида самарали фаолият кўрсатаётган ижодкорлар ва мутахассисларни рағбатлантириш мақсадида “Кинематография фидокори” кўкрак нишонини таъсис этиш.

4. Агентлик ва Ўзбекистон кино саноати вакиллари уюшмаси муассислигида Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази (кейинги ўринларда – Марказ) нодавлат нотижорат ташкилотини ташкил этиш ва 1-иловага мувофиқ унинг васийлик кенгаши таркибини шакллантириш ҳақидаги таклифлари маъқуллансин.

Белгилаб қўйилсинки:

васийлик кенгаши Марказ фаолиятига амалий ёрдам кўрсатади ҳамда Марказ маблағлари ҳисобига фильмларни молиялаштириш шарти ва тартибини белгилайди;

миллий фильмларнинг халқаро кинофестиваллар ва жаҳоннинг нуфузли кинобозорларида иштироки Агентлик буюртмасига асосан Марказ томонидан ташкиллаштирилади;

Марказ ўз фаолияти, жумладан, ҳар бир молиялаштириладиган фильм, молиялаштириш ҳажми ва шартлари тўғрисида жамоатчиликни мунтазам равишда хабардор қилиб боради.

5. Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланиши маълумот учун қабул қилинсин:

миллий фильм ва сериаллар ишлаб чиқаришни ҳамда ҳамкорликда киномаҳсулотлар яратишни молиявий қўллаб-қувватлаш;

давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқарилган фильмлар прокатини бозор тамойиллари асосида ташкил этиш;

маҳаллий ва хорижий инвесторларни миллий фильмларни ишлаб чиқариш, прокатга бериш ва намойиш этишни молиялаштиришга жалб қилиш;

миллий фильмларни хорижий тилларга ҳамда жаҳоннинг энг сара кино асарларини давлат тилига субтитрлаштириш ва дубляж қилишни молиялаштириш;

миллий кино санъати асарларининг халқаро кинофестивалларда иштирок этишини таъминлаш ҳамда маҳаллий ва халқаро кинотадбирларни ташкиллаштириш;

Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси ҳамда фаолият йўналиши кино санъати ва саноати вакилларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлган нодавлат нотижорат ташкилотларини грант ва ижтимоий буюртмалар орқали қўллаб-қувватлаш.

6. Агентлик буюртмаси асосида фильмлар ишлаб чиқариш бўйича шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан ишлаб чиқарилиши белгиланган фильмлар давлат буюртмаси ҳисобланади;

фильмлар ишлаб чиқариш учун давлат бюджетидан Агентликка ажратилган маблағларнинг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган қисми давлат буюртмаси асосида, қолган қисми инвестиция маблағларини жалб этиш шарти билан фильмлар ишлаб чиқариш учун йўналтирилади;

давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқариладиган фильм сценарийси муаллифи (муаллифлар жамоаси) ва сценарийга мувофиқ фильмни тасвирга олувчи кинокомпания алоҳида танлов ўтказиш орқали аниқланади;

ҳар бир фильм учун Агентлик Бадиий кенгаши томонидан шакллантириладиган фильмнинг бадиий-ғоявий мазмунини кўриб чиқувчи зарур малака ва билимга эга беш нафар шахсдан ортиқ бўлмаган таркибда алоҳида маслаҳатчилар гуруҳи ташкил этилади ҳамда уларнинг ойлик иш ҳақи фильм харажатлар сметасида назарда тутилади;

давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқариладиган фильм харажатлар сметаси Агентлик томонидан белгиланган талабларга мос келувчи аудиторлик ташкилотининг экспертизасидан ўтказилади;

фильм молиявий-иқтисодий харажатларининг асослилигига аудиторлик ташкилотининг хулосаси асосида Агентлик ҳузурида фаолият юритувчи Экспертлар кенгаши баҳо беради;

фильм ижодкорлари ва техник хизмат кўрсатувчи ходимларнинг гонорари (иш ҳақи) фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида эркин белгиланади;

давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқарилган фильм бир йил давомида прокатдан топган фойданинг 10 фоизи тасвирга олган кинокомпанияга берилади, 15 фоизи Агентлик Бадиий кенгашининг қарорига мувофиқ фильм ижодкорлари ўртасида тақсимланади;

кинокомпанияларга фильмни ишлаб чиқариш жараёнида фильм бюджетининг 10 фоизигача миқдорда нақд пул билан ҳисоб-китоб қилишга рухсат этилади. Бунда, нақд пул билан боғлиқ харажатлар бўйича фильм директори (продюсер), режиссёр ва хизмати учун нақд пулни олган шахс томонидан далолатнома тузилади ва у солиқ органига топширилади;

фильм прокати Марказ томонидан амалга оширилади ҳамда бунинг учун фильм смета харажатларида пиар-компания учун ажратилган маблағ Марказга йўналтирилади.

7. Белгилансинки, миллий сериаллар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун республика миқёсида фаолият юритувчи телеканалларга Агентлик томонидан ҳар йили 12 миллиард сўмдан кам бўлмаган миқдорда субсидия маблағлари ажратилади.

Бунда:

субсидия олиш учун талабгор телеканал сериал ижодий лойиҳасини Агентликка тақдим этади;

Агентлик Бадиий кенгаши сериалнинг мазмун-моҳияти, мавзуси, телеканал аудиторияси ва рейтингини ҳисобга олган ҳолда субсидия маблағлари ажратиладиган телеканалларни аниқлайди;

субсидия олувчи телеканал сериаллар бюджетининг камида 50 фоизини ўз маблағлари ҳисобидан қоплаши лозим.

Агентлик уч ой муддатда миллий сериаллар ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш бўйича қўшимча молиялаштириш манбаларини аниқлаган ҳолда давлат дастурини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

8. Мамлакатнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида ҳужжатли ва хроникал фильмлар ишлаб чиқариш қуйидаги тартибда амалга оширилсин:

фаолиятида долзарб ислоҳотлар амалга оширилаётган давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари рўйхати ҳамда фильмларни молиялаштириш манбалари ҳар йили Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади;

ушбу рўйхат ва унга киритилган фильмларни тасвирга олиш учун зарур маблағлар Марказга йўналтирилади;

Марказ ҳужжатли ва хроникал фильмлар ишлаб чиқаришни очиқ танлов асосида ташкил этади.

9. Аудиовизуал асарлар (кино, сериал, мультфильм, ҳужжатли фильм, телекўрсатув) яратишда республика ҳудудида амалга оширилган харажатларнинг бир қисмини давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш (“rebate”) бўйича қуйидаги тартиб жорий этилсин:

а) хорижий кинокомпаниялар учун, агар харажатлар суммаси:

3 миллиард сўмгача бўлса – 10 фоиз, бироқ битта фильм учун 250 миллион сўмдан ошмаган миқдорда;

3 миллиард сўмдан 5 миллиард сўмгача бўлса – 15 фоиз, бироқ битта фильм учун 650 миллион сўмдан ошмаган миқдорда;

5 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмгача бўлса – 20 фоиз, бироқ битта фильм учун 1,5 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда;

10 миллиард сўмдан ортиқ бўлса – 25 фоиз, бироқ битта фильм учун 3 миллиард сўмдан ошмаган миқдорда қоплаб берилади;

б) маҳаллий кинокомпанияларга улар томонидан фильм ишлаб чиқаришда тўланган солиқ суммасининг 50 фоизи ҳисобот йили якунига кўра қайтариб берилади.

Белгилансинки:

мазкур банднинг “а” кичик бандида белгиланган компенсациялар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан тўлаб берилади ва бу мақсадлар учун ҳар йили 20 миллиард сўм маблағ ажратилади;

мазкур банднинг “б” кичик банди сценарийси Агентлик билан келишилган ҳолда ишлаб чиқарилган маҳаллий аудиовизуал асарларга нисбатан қўлланилади;

мазкур банд давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган фильмларга нисбатан татбиқ этилмайди.

10. Миллий кинематография, кинокомпания ва кинотеатрлар тармоғини янада ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда – Республика комиссияси) ташкил этилсин ва унинг таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки:

а) Агентлик Республика комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади;

б) кинокомпаниялар замонавий инфратузилмага эга фильм тасвирга олиш объектларини (павильонларни) барпо этиш бўйича инвестиция киритиш мажбуриятини олган тақдирда, Республика комиссиясининг тақдимномасига кўра:

уларга ер майдонлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан электрон аукцион савдоларисиз ажратилади;

уларга нисбатан асосий фаолият тури бўйича фойда ва павильон жойлашган майдон бўйича ер солиқлари 3 йил давомида 50 фоизлик ставкада ўрнатилади;

улар 2024 йилнинг 1 апрелига қадар объектларни жиҳозлаш
учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган кино ишлаб чиқариш қурилмалари бўйича божхона божи тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилади.

Бунда, Агентлик инвестиция шартномасини давлат номидан имзолайди ҳамда ижара муддати давомида ажратилган ердан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат ўрнатади.

11. Кинотеатрлар тармоғини ривожлантириш бўйича шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг ҳар бир туманида (шаҳрида) таркибида жами ўриндиқлар сони 250 тадан ва кинозаллари сони 3 тадан кам бўлмаган савдо-кўнгилочар комплексларини қуриш учун тадбиркорлик субъектларига қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган 25 сотих ер майдонлари бепул ажратилади;

2021 йил 1 июлдан бошлаб янги қуриладиган савдо майдони 15 минг квадрат метрдан ортиқ савдо-кўнгилочар комплексларида жами ўриндиқлар сони 300 тадан ва кинозаллари сони 4 та кам бўлмаган кинотеатр ташкил этиш мажбурий ҳисобланади;

2024 йил 1 январга қадар кинотеатр (кинозал)лар муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш имконини берувчи рақамли (DCP ва ундан юқори форматдаги) кино намойиши қурилмалари билан жиҳозланган тақдирда уларни харид қилиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизи, бироқ битта қурилма учун 50 миллион сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;

янги ташкил этилган кинотеатрларга улар фаолиятининг дастлабки уч ойи давомида Агентлик буюртмаси асосида ишлаб чиқарилган миллий фильмлар бепул етказиб берилади.

12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Республика комиссияси билан биргаликда мазкур Фармон 11-банди иккинчи хатбошисининг ижросини таъминлаш мақсадида:

2021 йил 1 июнга қадар ҳар бир туман марказларида битта, шаҳар марказларида иккита кинотеатрлари мавжуд савдо-кўнгилочар комплекслари ташкил этиш учун ер майдонларини ажратсин;

2021 йил 15 июлга қадар ажратилган ер майдонларига инвесторларни жалб этиш учун очиқ танлов ўтказсин ва ғолибларни аниқласин.

13. Агентлик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2021 йил 1 сентябрга қадар муддатда кино санъати ва саноати вакилларининг ижодий фаолияти учун муносиб шарт-шароитлар яратиш мақсадида киношаҳарлар барпо этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

14. Агентлик Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Интеллектуал мулк агентлиги, Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда 2021 йил 1 декабрга қадар фильмларга нисбатан муаллифлик ҳуқуқи ва сотилган ҳар бир чиптага доир ҳаққоний маълумот билан тезкор таъминловчи республикада фаолият юритаётган кинотеатрлар фаолиятини автоматлаштиришга қаратилган ахборот тизимининг ишлаб чиқилишини, 2022 йил 1 майга қадар ахборот тизимининг тўлиқ синовдан ўтказилишини таъминласин.

Белгилансинки, 2022 йил 1 августдан бошлаб мазкур ахборот тизимига уланмаган ҳолда кинотеатр (кинозал)ларда фильмлар намойиш этиш чакана савдо қилиш қоидаларини бузиш сифатида баҳоланади.

15. Агентликнинг Марказ ҳузурида ахборот-мультимедиа стриминг платформасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Агентлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 августга қадар ахборот-мультимедиа стриминг платформасини ишга тушириш ва уни доимий тўлдириб бориш юзасидан Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

16. Марказ маблағларини шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

2021-2022 йиллар давомида давлат бюджети ҳисобидан ажратиладиган 100 миллиард сўм миқдоридаги бир марталик ажратма;

Марказ маблағлари ҳисобига ишлаб чиқарилган фильмлар кинопрокатидан тушадиган тушумлар;

Марказ маблағлари ҳисобидан тўлиқ ёки қисман қайтариш шарти билан молиялаштирилган фильмлар бўйича қайтарилган маблағлар;

бўш маблағларни вақтинча жойлаштиришдан, лотерея ташкил этиш ва унинг фаолияти орқали олинадиган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан, халқаро ташкилотларнинг ҳомийлик хайриялари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

17. Белгилансинки, 2023 йил 1 январга қадар, эксперимент тариқасида, Агентлик маблағлари ҳисобига ишлаб чиқариладиган фильмларга жалб қилинган инвестиция маблағлари натижасида иқтисод қилинган бюджет маблағлари Марказга йўналтирилади.

Бунда:

Агентликка Давлат бюджетидан фильм ишлаб чиқариш учун ажратилган маблағлар доирасида уларнинг иқтисод қилинган қисми Марказга йўналтирилади;

Марказга йўналтирилган маблағларнинг 15 фоизигача миқдори инвестиция маблағларини жалб этган юридик ёки жисмоний шахсларга рағбатлантириш сифатида ажратилади.

Молия вазирлиги Агентлик билан биргаликда эксперимент натижаси бўйича уни давом эттириш мақсадга мувофиқлиги юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.

18. Агентлик:

а) бир ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кинематография соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш ҳамда соҳа вакилларининг ижодий фаолияти учун муносиб шароит яратиш тўғрисида”ги қарори лойиҳасини киритсин;

б) икки ой муддатда:

Молия вазирлиги билан биргаликда давлат буюртмаси асосида фильм ва сериалларни ишлаб чиқариш бўйича ижодий танлов ўтказиш тартибини такомиллаштириш;

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда давлат буюртмаси асосида ишлаб чиқариладиган фильм ижодкорларини тоифалаш;

“Кинематография фидокори” кўкрак нишони тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

19. 2024 йил 1 январга қадар 3-иловага мувофиқ кинокомпаниялар моддий-техник базасини кучайтириш ва кинотеатр (кинозал)лар учун товарлар олиб киришда божхона божининг ноль ставкаси белгилансин.

20. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ҳукуматининг айрим қарорларига 4-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

21. Мазкур Фармон ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосари А.А.Абдухакимов ва Агентлик бош директори Ф.Ф.Абдухаликов белгилансин.

Фармон ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

      Президенти                                               Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2021 йил 7 апрель