Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

2022 йил 18 март куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан “Тиббиётдаги ислоҳотлар – инсон қадри учун” мавзусидаги очиқ мулоқоти доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, айрим долзарб вирусли инфекциялар тарқалишига қарши курашиш ишларини кучайтириш мақсадида:

1. Қуйидагилар аҳоли орасида айрим вирусли инфекцияларни ўз вақтида профилактика ва диагностика қилиш, уларни даволаш бўйича аҳолига кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий ёрдамни янада такомиллаштириш ва кенгайтиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

вирусли гепатитларнинг “В” ва “С” турларини эрта аниқлаш учун республиканинг барча ҳудудларида скрининг текширувларини ўтказиш ва касалликни даволаш қамровини ошириш;

касаллик юқиши хавфи юқори бўлган шахсларни, шу жумладан, қон ва унинг таркибий қисмлари билан ишловчи тиббиёт ходимларини гепатит “В” инфекциясига қарши эмлаш билан тўлиқ қамраб олиш;

скрининг текширувларида вирусли гепатит “С” тури аниқланган беморларни даволаш жараёнида дори воситалари билан бепул таъминлаш;

соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинида вирусли инфекцияларни аниқлаш учун сарфлов материаллари (реагент ва тест-тўпламлари) билан босқичма-босқич тўлиқ таъминлаш;

барча даволаш-профилактика муассасалари, санитария-эпидемиология хизмати ҳамда нодавлат тиббиёт ташкилотларида жигар сурункали вирусли касалликларининг ягона электрон реестрини яратиш ва уни юритиш;

вакциналар, тест-тўпламлари ва вирусга қарши дори воситаларининг хавфсизлиги, сифати ва самарадорлиги назоратини такомиллаштириш;

вирусли инфекциялар муаммолари бўйича илмий тадқиқотларни ўтказиш, касалликларни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш;

вирусли инфекциялар юқишининг олдини олиш тадбирлари бўйича аҳоли ўртасида кенг қамровли тушунтириш, тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 апрелдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдамини аҳолига яқинлаштириш ва тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–215-сон қарорига асосан 2022 йил 1 июндан бошлаб қон билан бевосита ишлаётган давлат тиббиёт муассасалари ходимларини гепатит “В” касаллигига қарши бепул эмлаш амалиёти жорий этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

3. Қуйидагилар:

2022-2025 йилларда айрим долзарб вирусли инфекциялар тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини такомиллаштириш бўйича дастур (кейинги ўринда – Дастур) 1-иловага мувофиқ;

2022-2023 йилларда эпидемиологик кўрсатмага мувофиқ, давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббиёт ходимларини гепатит “В” инфекциясига қарши эмлаш бўйича мақсадли кўрсаткичлар 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

2022 йил 1 июлдан бошлаб ҳар йили республика аҳолисини вирусли гепатит “В” ва “С” турларига скрининг текширувлари сони 1 миллион нафаргача, полимераза занжир реакцияси (ПЗР) текширувлари сони 15 минг нафаргача, вирусли гепатит “С” тури билан касалланган беморларни даволашни 10,5 минг нафаргача етказилади;

2022 йил 1 сентябрдан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 190-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга нисбатан жавобгарликни белгилаш билан бирга уларни ўз ҳисобидан гепатитнинг “В” ва “С” турларига скрининг текширувларидан ўтказиш тартиби жорий этилади.

5. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б. Мусаев):

Соғлиқни сақлаш вазирлиги муассислигида “IT-Med” масъулияти чекланган жамияти томонидан жигар сурункали вирусли касалликларининг ягона электрон реестри (кейинги ўринларда – Реестр) 2022 йил 1 ноябрга қадар ишлаб чиқилишини, шунингдек, келгусида унинг техник ва дастурий қўллаб-қувватланишини таъминласин;

2023 йил 1 январга қадар Реестрни юритишни қон ва унинг таркибий қисмлари билан ишлайдиган ходимларга эга бўлган даволаш-профилактика муассасалари, санитария-эпидемиология хизмати ҳамда мулкчилик шаклидан қатъи назар барча тиббиёт ташкилотларига жорий қилиб, уларнинг ўзаро интеграциясини йўлга қўйсин;

2022 йил 1 июлдан бошлаб Вирусология илмий-тадқиқот институтида ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Бухоро, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах ва Сирдарё вилоятларидаги тегишли муассасаларда Қрим-Конго геморрагик иситмаси билан касалланиб тузалганларнинг (донорларнинг) қон плазмаси банки яратилишини таъминласин;

даволаш-профилактика муассасалари ва нодавлат тиббиёт ташкилотларида юқумли касалликларга, шу жумладан, сурункали вирусли гепатитларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш стандартларини такомиллаштирсин ҳамда уларга риоя қилиниши устидан назоратни кучайтирсин.

6. Белгилансинки:

2022 йил 1 июлдан бошлаб нодавлат тиббиёт ташкилотлари қон ва унинг таркибий қисмлари билан ишлаётган ходимларини гепатит “В” инфекциясига қарши эмлашни, шунингдек, Реестр ишга тушган пайтдан бошлаб бу ҳақдаги маълумотнинг Реестрга киритиб борилишини таъминлайди. Бунда, эмланмаган ходимларни эмлаш уларнинг асосий иш жойи бўлган тиббиёт ташкилотлари ҳисобидан амалга оширилади;

2024 йил 1 январдан бошлаб нодавлат тиббиёт ташкилотларида қон ва унинг таркибий қисмлари билан ишлаётган ходимларнинг гепатит
“В” инфекциясига қарши эмланган бўлиши ҳамда Реестрнинг белгиланган тартибда юритилиши тиббий фаолиятни лицензиялаш талаблари ва шартларидан бири ҳисобланади.

7. Инновацион ривожланиш вазирлиги (И. Абдураҳмонов) Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б. Мусаев) билан биргаликда 2022 йил 1 июлдан бошлаб ҳар йили кенг тарқалган вирусли инфекциялар муаммоларининг илмий ечимини таъминлашга қаратилган лойиҳаларга танловлар асосида маблағлар ажратилишини таъминласин.

8. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (Б.Мусаев), Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Абдураҳмонов), Фанлар академияси (Б.Юлдашев), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (А.Воитов) ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги (С.Кариев) 2022 йилнинг якунига қадар вирусли касалликлар профилактикаси, диагностикаси ва даволанишида зарур бўладиган вакцина, дори ва диагностикумлар каби воситаларни маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

9. Белгилансинки, тегишли даволаш-профилактика муассасалари учун зарур тест-тўпламлари, диагностикумлар ва сарфлов материалларини харид қилиш ишларини молиялаштириш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

10. Вазирлар Маҳкамаси ушбу қарорда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши юзасидан вазирлик, идора, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти самарали мувофиқлаштирилишини ҳамда уларнинг ўзаро ҳамкорлигини, шунингдек, Республика эпидемияга қарши курашиш фавқулодда комиссияси йиғилишларида ушбу масала ҳар йили муҳокама қилинишини таъминласин.

11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари билан биргаликда жойларда вирусли инфекцияларнинг тарқалиши масалалари бўйича кенг тушунтиришлар, тарғибот ва ташвиқот тадбирларини ўтказишни кучайтирсин.

12. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда мавзуга оид мақолалар, туркум телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар ташкил этиш орқали аҳоли ўртасида вирусли инфекцияларга қарши курашишнинг долзарб масалаларини мунтазам ва кенг ёритилишини таъминласин.

13. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб соғлиқни сақлаш вазири Б.А. Мусаев ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари Б.К. Юсупалиев белгилансин.

Қарор ижроси учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Л.Н.Туйчиев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

     Президенти                                                                                Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2022 йил 16 май