Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Мамлакатимиздаги музейлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг маркетинг сиёсати ва хизматлар соҳасини комплекс ривожлантириш, музейларга инновацион технологияларни самарали қўллаш, шунингдек, музейларда ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихи, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, буюк алломалар ҳаёти ва фаолиятига оид замонавий янги экспозицияларни яратиш, музей тўпламларидаги бой тарихий ва маданий меросимизни кенг тарғиб қилиш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

2022-2023 йилларда давлат музейларида ташкил этиладиган қўшимча хизматларнинг манзилли режаси 1-иловага мувофиқ;

Ўзбек халқи ва давлатчилиги тарихи, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари, буюк алломалар ҳаёти ва фаолиятига оид 2022-2024 йилларда янги ташкил этиладиган экспозицияларнинг манзилли режаси 2-иловага мувофиқ;

2022-2024 йилларда давлат музейларида ихтисослаштирилган реставрация лабораторияларини ташкил қилишнинг манзилли режаси 3-иловага мувофиқ;

Ноёб музей ашёлари ва коллекцияларининг репликацияларини тайёрлаш ҳамда уларни реализация қилиш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар 4-иловага мувофиқ;

Музейлар соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантириш режаси 5-иловага мувофиқ;

2022-2023 йилларда музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Музейларда хизматлар соҳасини кенгайтириш бўйича шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2022 йил 1 июлдан бошлаб:

давлат музейларига ҳар куни соат 22:00 гача ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатиш ҳуқуқи берилади, шунингдек, заруратга кўра, давлат музейлари қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда тунги иш вақти муддатларини белгилаши мумкин;

пулли хизматлар кўрсатишда иштирок этган музей ходимларига қўшимча тўловлар тўланади ва улар моддий рағбатлантирилади, қўшимча тўловлар тўлаш ва моддий рағбатлантириш тартиби музейлар томонидан уларнинг юқори турувчи органи билан келишган ҳолда белгиланади;

давлат музейларига уларда ташкил этиладиган хизматлар учун Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги (кейинги ўринларда – Маданий мерос агентлиги) билан келишган ҳамда бозор конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома асосида қўшимча  ходимларни жалб этишга рухсат берилади.

Давлат музейлари томонидан хизматларни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари, музейларнинг бюджетдан ташқари маблағлари, Маданий мерос жамғармаси маблағлари, тижорат банкларининг кредитлари, қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

3. Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Туркия Республикасининг малакали компаниясини жалб этган ҳолда Тошкент шаҳри шаҳар бюджети маблағлари ва унинг қўшимча манбалари ҳисобидан 2022 йил 1 ноябрга қадар жаҳоннинг машҳур музейларидаги энг илғор тажрибаларни қўллаган ҳолда Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Темурийлар тарихи давлат музейи, Ўзбекистон давлат табиат музейи биноларини замонавий реконструкция қилиш, жиҳозлаш, рақамлаштириш ва янги экспозицияларини яратиш ҳамда уларда хизматлар кўрсатиш соҳасини намуна сифатида тайёрлаётгани маълумот учун қабул қилинсин.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги (Ж.А.Артикходжаев) Маданий мерос агентлиги, Фанлар академияси (Б.А.Абдуҳалимов) билан биргаликда ушбу бандда белгиланган вазифаларни ўз вақтида амалга оширилишини таъминласин, бунда, замонавий янги экспозицияларни чуқур илмий-тарихий асосланишига эътибор қаратсин.

4. Музейлар фаолиятини такомиллаштириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича республика ишчи гуруҳи (кейинги ўринларда – Республика ишчи гуруҳи) таркиби 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Қуйидагилар Республика ишчи гуруҳининг (А.А.Абдухакимов) асосий вазифалари этиб белгилансин:

музейлар фаолиятини такомиллаштириш ва улар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бу борада белгиланган вазифаларнинг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ижро этилишини мувофиқлаштириш;

музейлар фаолияти соҳасида илмий тадқиқотларни кучайтириш, улар фаолиятини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштириш, соҳада юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, уларнинг малакасини тизимли равишда ошириб бориш;

музейларнинг замонавий янги концепциялари, ташриф буюрувчилар, хусусан имконияти чекланган шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратишмузей ашёларини ишончли сақлаш, туристларга хизмат кўрсатишни ривожлантириш, соҳага хорижий илғор тажрибаларни самарали қўллаш, музейлар фаолиятини рақамлаштириш;

замонавий илғор архитектура-режалаштириш, интерьер, дизайн ва ландшафт ечимларига эътибор қаратган ҳолда ҳар бир музей биносининг эскиз лойиҳасини музей фаолиятининг йўналиши ва мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда тасдиқлаш;

фойдаланилмаётган, туристлар учун очиқ бўлмаган ва туристик хизматлар кўрсатилмаётган мос маданий мерос объектларини музейлар, кўргазмалар, арт-резиденциялар, бошқа маданият ва туризм объектларига айлантириш чораларини кўриш.

5. 2023-2026 йилларда музейлаштириладиган археология ёдгорликларининг манзилли режаси 8-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Маданий мерос агентлиги Фанлар академияси (Б.А.Абдуҳалимов), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда археология соҳасидаги эксперт ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда, ушбу қарорга 8-иловага мувофиқ археология ёдгорликларида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, консервациялаш ва уларда очиқ осмон остида музей ташкил этиш ҳамда уни туризм объектига айлантириш чораларини кўрсин.

Белгилансинки, бу борадаги харажатлар маданий мерос соҳасига ажратиладиган Давлат бюджети ва тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

6. Белгилаб қўйилсинки, давлат ташкилотлари ва муассасалари ўзлари ишлаб чиқараётган янги турдаги муҳим маҳсулотлардан намуналарни давлат музейларига бепул беради.

Маданий мерос агентлиги, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги (Д.Н.Саттаров), Давлат активларини бошқариш агентлиги (А.Ж.Ортиқов) давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан ўзлари ишлаб чиқараётган янги турдаги муҳим маҳсулотлар намуналарининг тегишли давлат музейларига бепул берилишини мувофиқлаштирсин.

7. Аҳолидаги маданий бойликларни давлат музейлари томонидан қабул қилиб олишни рағбатлантириш ва оммалаштиришга қаратилган “Миллий меросга менинг ҳиссам!” умумхалқ акцияси 2022 йил 1 июлдан бошлаб ташкил этилсин ва доимий равишда ўтказиб борилсин.

8. Белгилансинки, “Миллий меросга менинг ҳиссам!” умумхалқ акцияси доирасида:

давлат музейларига маданий бойликларни, шу жумладан, мустақиллик йилларида яратилган, юксак бадиий қийматга эга бўлган тасвирий ва амалий санъат асарларини харид қилиш учун 2022 йил 1 июлдан бошлаб ҳар йили Маданий мерос жамғармасига Давлат бюджетидан маданий мерос ва музейлар соҳасига ажратилган маблағлар ҳисобидан қўшимча 3 миллиард сўмдан ҳамда ҳудудлардаги тегишли давлат музейларига Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетидан 500 миллион сўмдан маблағ ажратиб борилади, амалий талабни инобатга олинган ҳолда ушбу маблағ миқдори оширилиши мумкин;

оммавий ахборот воситалари, Интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг кўламда тарғибот-ташвиқот ишлари ҳамда жойларда экспедициялар ташкил этилади;

маданий бойликларни аниқлаш ва давлат музейларига топширишда фаол иштирок этган аҳоли вакилларининг намунали фаолияти кенг тарғиб этилади ҳамда улар қўллаб-қувватланади;

ҳар йили давлат музейларига аҳолидан харид қилиб олинган маданий бойликлар кўргазмаси ташкил этилади ҳамда улар ҳақидаги маълумотлар Маданий мерос агентлиги ва тегишли давлат музейининг расмий веб-сайтига мажбурий тартибда жойлаштириб борилади.

9. Маданий мерос агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

ҳар йили “Миллий меросга менинг ҳиссам!” умумхалқ акциясини йил давомида юқори савияда ўтказиш ва унда фаол иштирок этган шахсларни муносиб рағбатлантириш;

2022 йил якунига қадар аҳолидан маданий бойликларни қабул қилиб олиш (харид қилиш) жараёнини рақамлаштириш чора-тадбирларини кўрсин.

10. Туризм ва маданий мерос вазирлиги (Б.З.Шахриёров), Халқ таълими вазирлиги (Б.О.Саидов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Х.Тошкулов), вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари таълим муассасаларининг ўқувчи ва талабалари, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакиллари, ногиронлиги бўлган шахслар, кексалар ва бошқа фуқароларнинг музейлар ва мамлакатимизнинг тарихий манзилгоҳларига ташрифларини назарда тутувчи “Мозийга саёҳат” дастурини ташкил этсин.

11. Белгилансинки, “Мозийга саёҳат” дастури доирасида:

туризм инфратузилма субъектларига (жойлаштириш воситаларига) чегирма тақдим қилиш ва акциялар ўтказиш тавсия этилади;

давлат олий таълим муассасалари талабаларининг жойлаштириш воситаларида туриш харажатларининг 50 фоизгача миқдори тегишли давлат олий таълим муассасаларининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан, таълим муассасалари ўқувчиларининг, ногиронлиги бўлган шахсларнинг жойлаштириш воситаларида туриш харажатларининг 50 фоизгача миқдори маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қопланиши мумкин;

“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар ва ногиронлиги бўлган шахслар давлат музейларига бепул киритилади;

“Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларнинг темир йўл чипталари ҳамда жойлаштириш воситаларида туриш харажатлари тўлиқ ҳажмда тегишлича “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” жамғармалари ҳисобидан қопланади;

давлат ташкилотлари ва муассасалари томонидан ҳар йили камида бир марта бюджетдан ташқари маблағлар, касаба уюшмалари маблағлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ўз ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун музейларга кириш чипталарини харид қилиш амалиёти жорий этилади.

12. Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда 2022 йил учун, шунингдек, 2023 йилдан ҳар йили декабрь ойига қадар “Мозийга саёҳат” дастури доирасида ташрифларни ташкил этишнинг мақсадли кўрсаткичларини тасдиқласин.

Бунда, молиялаштириш миқдори ва манбалари белгиланган ҳолда, жумладан, музейларга ташрифи ташкил этиладиган:

ҳудудлар кесимида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакиллари ва ногиронлиги бўлган шахслар сони;

умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларининг ўқувчи ва талабалари сони;

вазирлик ва идоралар, йирик тармоқ ва соҳалар кесимида давлат ташкилотларининг ходимлари сони назарда тутилади.

13. Музейлар фаолиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

давлат музейларида ўтказиладиган кўргазмалар ва маданий-маърифий тадбирларнинг ҳар йилги календарь режасини Туризм
ва маданий мерос вазирлиги томонидан тасдиқлаш амалиёти жорий этилади, мазкур календарь режа Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Маданий мерос агентлиги ва давлат музейларининг расмий веб-сайтларига жойлаштирилади ҳамда туризм фаолияти субъектларига етказилади;

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “O‘zbekiston tarixi” телеканали Маданий мерос агентлигининг бош ахборот ҳамкори этиб белгиланади. Бунда, Маданий мерос агентлиги ва “O‘zbekiston tarixi” телеканали ҳар ярим йиллик учун маданий мерос ва музейлар соҳасини кенг тарғиб қилиш бўйича медиа-режани ишлаб чиқиб, амалга оширади;

Маданий мерос агентлиги томонидан намойиш этишга тайёр ҳолда тақдим этиладиган материалларни “O‘zbekiston tarixi” телеканалида томошабинлар учун қулай бўлган вақтларда бепул эфирга узатиш йўлга қўйилади;

Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги “Миллий PR-маркази” ДУК томонидан ҳар йили камида 100 та юксак бадиий савиядаги Интернет ва ижтимоий тармоқлар учун мўлжалланган аудиовизуал тарғибот материаллари тайёрланиб, кенг оммалаштириб борилади. Бу борадаги харажатлар мамлакатнинг туризм салоҳиятини тарғиб қилишга қаратилган тадбирларни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлар учун ажратилган Давлат бюджети маблағлари ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан қопланади;

моддий маданий мерос объектининг кўчмас мулки ҳисобланмаган давлат музейлари ҳудудларидаги бўш ер майдонларига белгиланган тартибда ташқи реклама объектлари (конструкциялари) ўрнатилади, ушбу тадбирлар Маданий мерос жамғармаси маблағлари, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Маданий мерос агентлиги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Ж.Хаджаев), Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ушбу бандда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилишига қаратилган чора-тадбирларни кўрсин.

14. Музейлар фаолияти соҳасида илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2023 йилдан бошлаб:

ҳар икки йилда бир марта май ойининг иккинчи ўн кунлигида “Музейшунослик ва археология тадқиқотлари: долзарб муаммолар ва замонавий ечимлар” халқаро форуми ҳамда унинг доирасида илмий-амалий конференция, “Буюк ипак йўли” тадқиқотлари” кўп жилдли каталог тақдимоти, кўрик-танлов, кўргазма-савдолар, театрлаштирилган концерт-томоша дастурлари ўтказилади;

ҳар йили музейларга ажратиладиган Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан музейлар соҳасида фаолият олиб борувчи мутахассисларнинг камида 10 нафарини чет элга малака ошириш ва тажриба алмашиш учун юбориш мажбурий йўлга қўйилади;

ҳар йили камида 2 та маданий мерос соҳасидаги ташкилот, шу жумладан, музей ҳамда 100 нафар мутахассисга Маданий мерос жамғармаси маблағлари ҳисобидан Халқаро музейлар кенгашига (ICOM), Ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни муҳофаза қилиш халқаро кенгашига (ИКОМОС) аъзолик бадалини тўлаб бериш амалиёти жорий этилади.

Маданий мерос агентлиги Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Ю.Абдураҳмонов), Фанлар академияси (Б.А.Абдуҳалимов) билан биргаликда ушбу бандда белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида
ва самарали амалга оширилишига қаратилган чораларни кўрсин.

15. Бош прокуратура (Н.Т. Йўлдошев) Маданий мерос агентлиги, Вазирлар Маҳкамасининг Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси (Ш.Ш.Хасанов), Фанлар академияси (Б.А.Абдуҳалимов) билан биргаликда:

икки ой муддатда ҳар бир музейдаги музей ашёлари ва музей коллекциялари ҳамда бошқа фондлардаги маданий бойликларни тўлиқ хатловдан ўтказиш манзилли режасини тасдиқласин;

ушбу манзилли режага мувофиқ мулкчилик шакли ва идоравий бўйсунувидан қатъи назар барча музейлардаги музей ашёлари ва музей коллекциялари ҳамда бошқа фондлардаги маданий бойликларни малакали мутахассислардан иборат таркибда экспертлар комиссияларини тузган ҳолда тўлиқ хатловдан ўтказсин;

музей ашёлари ва музей коллекциялари ҳамда бошқа маданий бойликларни ишончли муҳофаза қилиш чораларини кучайтирсин.

16. Маданий мерос агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.Ҳ.Шерматов) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2023 йил 1 апрелга қадар:

давлат музейларидаги музей ашёлари ва музей коллекцияларини электрон идентификация қилиш ҳамда Миллий музей фонди давлат электрон каталогини тўлиқ шакллантириш ва самарали юритиш чораларини кўрсин;

Миллий музей фонди давлат электрон каталогида ноёб музей ашёларининг юқори сифатдаги фотосуратлари ва 3D кўринишларини жойлаштириб, уларни монетизация қилиш тизимини йўлга қўйсин;

Миллий музей фонди давлат электрон каталогининг маданий бойликларнинг халқаро қидирув тизимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва электрон хизматлар маълумот базалари билан интеграция қилинишини таъминласин.

17. Маданий мерос агентлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

18. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Маданий мерос агентлиги директори, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари А.А.Абдухакимов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари А.А.Жўрабоев зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                                 Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2022 йил 27 май