Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қарори
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси ёқилғи-энергетика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5646-сон Фармонига мувофиқ:
1. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг ташкилий тузилмаси 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги марказий аппаратининг бошқарув ходимлари умумий чекланган сони 80 бирликдан иборат тузилмаси 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг (кейинги ўринларда – Вазирлик) бошқарув ходимлари, биринчи навбатда, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (кейинги ўринларда – “Ўзнефтгазинспекция”) ва Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергетикада назорат инспекцияси (кейинги ўринларда – “Ўзэнергоинспекция”) ҳамда давлат санитария-эпидемиология назорати марказларининг штатлар сонини қисқартириш ҳисобидан таъминланади.
2. Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирига:
зарур бўлганда, бошқарув ходимларининг белгиланган умумий сони
ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида Вазирликнинг марказий аппарати, “Ўзнефтгазинспекция” ва “Ўзэнергоинспекция” тузилмасига ўзгартиришлар киритиш;
Вазирликнинг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан Вазирлик, “Ўзнефтгазинспекция” ва “Ўзэнергоинспекция” ходимларининг қўшимча штат бирликларини киритиш;
Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида давлат органлари ва ташкилотлари, лойиҳа институтлари, илмий-таълим муассасалари, шунингдек, энергетика соҳасида етакчи халқаро ва хорижий компаниялар мутахассисларини консультант сифатида жалб қилиш;
юқори малакали хорижий мутахассисларни белгиланган тартибда ишга қабул қилиш, шунингдек, уларга Вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан, жумладан, эркин конвертация қилинадиган валютада иш ҳақи ва бошқа тўловлар миқдорини белгилаш ҳуқуқи берилсин.
3. Белгилансинки:
Вазирликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қиладиган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир;
Вазирлик, “Ўзнефтгазинспекция” ва “Ўзэнергоинспекция” фаолияти Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;
Ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига мувофиқ Вазирлик, “Ўзнефтгазинспекция” ва “Ўзэнергоинспекция” ходимларининг лавозим маошини белгилашда тариф коэффициенти 1,5 бараварга оширилган ҳолда қўлланилади;
ушбу банднинг тўртинчи хатбошида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар Вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Ўзбекэнерго” АЖнинг:
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг маҳсулотлар тақсимотига оид амалга оширилаётган битимлар бўйича функцияларини Вазирликка ўтказиш;
Вазирлик ҳузурида маҳсулотлар тақсимотига оид битимларни амалга ошириш бўйича фаолият олиб бораётган гуруҳларни бирлаштириш йўли билан нотижорат ташкилот шаклида юридик шахс ташкил қилиш ва унга ушбу гуруҳларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятларини ўтказиш;
“Ўзбекэнерго” АЖ маъмурий биноси жойлашган ер участкасида хорижий инвесторларни жалб қилган ҳолда, замонавий меҳмонхона комплекси қуриш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари Э.М.Ғаниев ва А.А.Абдуҳакимов бир ой муддатда “Ўзбекэнерго” АЖ маъмурий биноси жойлашган ҳудудда замонавий меҳмонхона комплексини қуриш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
Давлат активларини бошқариш агентлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва “Ўзбекэнерго” АЖ билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлик ва “Ўзбекэнерго” АЖни жойлаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
6. Вазирлик ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда бюджетдан ташқари Ёқилғи-энергетика тармоғини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) ташкил этилсин.
Қуйидагилар Жамғармани шакллантириш манбалари этиб белгилансин:
“Ўзнефтгазинспекция” ва “Ўзэнергоинспекция” томонидан хўжалик юритувчи субъектлар, уларнинг мансабдор шахслари ва фуқаролардан энергетика соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун белгиланган тартибда ундириладиган жарималар суммаси тўлиқ ҳажмда;
Жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банкларнинг депозитларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа даромадлар.
7. Белгилаб қўйилсинки, Жамғарма маблағлари:
Вазирлик, “Ўзнефтгазинспекция” ва “Ўзэнергоинспекция” моддий-техник базасини мустаҳкамлаш;
Вазирлик, “Ўзнефтгазинспекция” ва “Ўзэнергоинспекция” ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш;
Вазирлик, “Ўзнефтгазинспекция” ва “Ўзэнергоинспекция” ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкаси, шу жумладан, хорижий давлатларга сафарларини ташкил қилиш, халқаро конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирларда иштирок этиш;
Вазирлик фаолиятини ривожлантиришга йўналтирилган бошқа тадбирлар учун сарфланади.
8. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 октябрдаги “Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3981-сон қарори билан ташкил этилган Электр энергетика тармоғини ислоҳ қилиш бўйича комиссияга (кейинги ўринларда – Комиссия) Вазирлик фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш юклансин.
9. Вазирлик:
а) Комиссия билан келишган ҳолда:
2019 йил 1 мартга қадар Жаҳон банкининг техник кўмагида электр энергетика тармоғини ислоҳ қилиш (реструктуризация) моделларини ишлаб чиқсин ва таклиф этилаётган ислоҳотларни амалга ошириш бўйича батафсил “йўл харитаси”ни тайёрласин;
2019 йил 15 мартга қадар электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш ва сотишни ташкил қилишнинг замонавий схемасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекэнерго” АЖни реструктуризация қилиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини киритсин;
2019 йил 1 апрелга қадар бошқарувнинг самарасиз тузилмаларини мақбуллаштириш, нефть ва газ соҳаси корхоналарини фаолият йўналишидан келиб чиқиб қайта ташкил қилиш, уларни ривожлантиришга хусусий ҳамда хорижий, тўғридан-тўғри инвестицияларни, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида жалб қилишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекнефтгаз” АЖни реструктуризация қилиш тўғрисидаги қарори лойиҳасини киритсин;
б) “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Ўзбекэнерго” АЖни реструктуризация қилишда магистрал газ-транспорт тизими ва магистрал электр тармоқларидан фойдаланиш ҳамда уларни ривожлантириш бўйича алоҳида давлат корхоналарини ташкил этишни назарда тутсин;
в) 2019 йил 1 мартга қадар ёқилғи-энергетика тармоғидаги комплекс камчиликлар, шунингдек, мақсадли кўрсаткичлар (индикаторлар) ва уларга эришишнинг қадам-бақадам механизмларини кўрсатган ҳолда 2019 йилда Вазирлик фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш мезонларини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин;
г) Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги тўғрисида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг бюджетдан ташқари Ёқилғи-энергетика тармоғини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомларни ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
д) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда икки ҳафта муддатда Вазирликнинг штат жадвалини тасдиқласин;
энергетика тармоғи ташкилотлари билан биргаликда икки ой муддатда Вазирликни унга юкланган вазифаларни бажариш учун зарур назарий билимлар ва амалий кўникмаларга эга бўлган юқори малакали мутахассислар билан тўлдиришни таъминласин;
е) икки ой муддатда “Электрон ҳукумат” тизимига тақдим этилиши ва киритилиши шарт бўлган маълумотлар таркиби бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига белгиланган тартибда киритсин, шунингдек, Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимидан платформа шаклида белгиланган протокол асосида мажбурий фойдаланилишини таъминласин;
ж) Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Фанлар академияси, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:
2019 йил 1 майга қадар – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг 2019-2023 йилларга мўлжалланган концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) лойиҳасини;
2019 йил 1 октябрга қадар – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳалари портфелини киритишни таъминласин.
Концепция лойиҳасини ишлаб чиқишда қуйидаги масалаларни ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилсин:
Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комплекс ёндашув ва стратегик вазифалар;
қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича илғор хорижий тажрибани ўрганиш;
замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда, саноат ва экологик хавфсизликнинг юқори даражасини таъминлайдиган қайта тикланувчи энергия манбалари объектлари ҳамда тегишли инфратузилмани барпо этиш;
Ўзбекистон Республикаси ва хорижий олий таълим муассасаларида мутахассислар тайёрлаш, шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасидаги етакчи хорижий компанияларда уларнинг стажировкасини ташкил қилиш.
10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда “Ўзнефтгазинспекция” ва “Ўзэнергоинспекция” фаолиятини, шу жумладан, энергетика соҳасида давлат назоратини амалга ошириш ваколатларини кенгайтириш ҳамда штат бирликларини мақбуллаштириш орқали такомиллаштириш тўғрисида ҳукумат қарорини қабул қилсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
ушбу қарорни 2019 йилда амалга ошириш бўйича Вазирлик харажатлари учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида маблағлар ажратсин, 2020 йилдан бошлаб эса ҳар йили зарур бюджет маблағларини назарда тутсин;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2019 йил учун тасдиқланган харажатлар сметасига ушбу қарор қоидаларидан келиб чиқиб тегишли ўзгартиришлар киритсин;
асослантирилган ҳисоб-китобларга биноан Вазирлик марказий аппаратини зарур инвентарлар, оргтехника билан жиҳозлаш учун маблағлар ажратилишини таъминласин ҳамда 7 та, шу жумладан, 5 та шахсий бириктирилган хизмат автотранспорт воситаларини сақлаш учун лимитлар белгиласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Вазирликни телефон алоқаси, шу жумладан, ҳукумат алоқаси билан белгиланган тартибда таъминласин.
13. Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг статистика маълумотлари тарқатилиши мажбурий бўлган ташкилотлар рўйхатига киритилсин.
14. Вазирлик Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
15. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2019 йил 1 февраль
ЎзА