Ўзбекистон Республикаси Президентининг
ф а р м о н и
Ер умуммиллий бойлик, Ўзбекистон халқининг ҳаёти, фаолияти ва фаровонлиги асоси, энг муҳим табиий ресурс ҳисобланади. Шу сабабли, ерлардан оқилона, самарали ва белгиланган мақсадда фойдаланишни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер билан узвий боғланган Давлат кадастрлари ягона тизимини тўлақонли юритиш давлатнинг энг муҳим вазифаларидандир.
Иқтисодий соҳадаги кенг кўламли ўзгаришлар ер ва унга боғлиқ ресурсларнинг аниқ ҳисобини юритиш, улардан оқилона фойдаланиш тизимини янада такомиллаштиришни талаб этмоқда.
Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг қишлоқ хўжалиги ерлари ва экинларини мониторинг қилиш, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш, қишлоқ хўжалиги ерларини муҳофаза қилиш бўйича давлат назоратини амалга ошириш, тупроқ бонитировкасини ўтказиш, қишлоқ хўжалиги ерларининг меъёрий қийматини аниқлаш, тупроқ унумдорлигини ошириш, тупроқшунослик, геоботаникага оид тадқиқотларни амалга оширишга доир вазифалари, функциялари ҳамда ваколатлари Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ўтказилсин.
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларнинг таркибидаги ўзгаришларни ўз вақтида аниқлаш, салбий жараёнларнинг олдини олиш ва оқибатларини тугатиш мақсадида уларнинг мониторингини ўтказиш Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги доирасида амалга оширилиши белгилансин.
3. Қуйидагилар Кадастр агентлигининг асосий вазифалари ҳамда фаолият йўналишлари этиб белгилансин:
а) кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида:
кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлаш;
кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш;
давлат ер кадастри, бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш;
кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлашга ва ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймасликка қаратилган самарали ер назоратини амалга ошириш;
б) геодезия ва картография соҳасида:
геодезия ва картография соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлаш;
аэрокосмик суратга олиш, топография-геодезия, картографияга оид изланишлар ҳамда тадқиқотларни, ерларни масофадан зондлаш, геодинамик тадқиқотлар маълумотлари ва материалларидан фойдаланган ҳолда картографик мониторингни амалга ошириш;
давлат картография-геодезия кадастрини юритиш;
давлат геодезия назоратини амалга ошириш;
в) давлат кадастрларини юритиш соҳасида:
давлат кадастрларини юритиш соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлаш;
давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг давлат кадастрларини юритиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;
Давлат кадастрлари ягона тизимини юритиш, ҳудудлар давлат кадастрининг самарали юритилишини таъминлаш;
давлат кадастрларини юритиш тартибларига риоя қилинишини таъминлашга қаратилган самарали кадастр назоратини амалга ошириш;
г) кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, геодезия, картография ва давлат кадастрларини юритиш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш;
д) кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, геодезия, картография ва давлат кадастрларини юритиш соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни таъминлаш.
4. Қуйидагилар:
кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг, шу жумладан, ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш, фойдаланиш ва ижарага олиш ҳуқуқининг вужудга келиши, ўзгариши, бошқа шахсга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши фақат давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин кучга кириши;
кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатдан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмасликда айбдор шахсларга маъмурий жавобгарлик белгиланганлиги;
кўчмас мулкнинг тури, тавсифи, ҳажми, қиймати ва бошқа кўрсаткичларини аниқлаш мақсадида унинг кадастр йиғмажилди тайёрланиши маълумот учун қабул қилинсин.
5. Шундай тартиб жорий этилсинки, унга мувофиқ:
захирада турган ва янги ажратилаётган ер участкаларига кадастр йиғмажилди қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда – туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлимининг, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларда – туман (шаҳар) қурилиш бўлимининг мурожаатига мувофиқ туман (шаҳар) ҳокимлигининг буюртмасига асосан тайёрланади, ушбу харажатлар ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш вақтида мазкур ер участкасига эга бўлган шахс томонидан қопланади;
ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар мазкур Фармон кучга киргунга қадар вужудга келган, бироқ давлат рўйхатидан ўтказилмаган бўлса, уларга кадастр йиғмажилдини тайёрлаш ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳуқуқ эгаларининг буюртмаларига асосан уларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
давлат органлари ва ташкилотлари, хўжалик бошқаруви органлари, шу жумладан, ўрмон хўжаликлари, сув хўжалиги ташкилотлари, муҳофаза қилинадиган табиий ҳудудлар, ижтимоий муассасаларга берилган ер участкаларига кадастр йиғмажилдини тайёрлаш ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш балансда сақловчиларнинг буюртмаларига асосан ва уларнинг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади;
кадастр йиғмажилди Кадастр агентлиги томонидан шаҳодатланган кадастр муҳандислари ҳамда Кадастр агентлиги тизимидаги ташкилотлар томонидан шартнома асосида тайёрланади;
2020 йил 1 октябрдан бошлаб ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши, ўзгариши, бошқа шахсга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлишини назарда тутувчи қарорлар, аукцион ва танлов баённомалари, нотариал тасдиқланган битимлар ҳамда бошқа ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Миллий географик ахборот тизимида (кейинги ўринларда – Миллий геоахборот тизими) давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин кучга киради;
давлат ер кадастри, бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш орқали тўпланган маълумотлар асосида амалга оширилади.
6. Белгилансинки, 2021 йил 1 январдан бошлаб:
ер тури, контури, чегараси ва ҳуқуқ эгалари ҳақидаги барча маълумотлар Кадастр агентлигининг онлайн геопорталига (кейинги ўринларда – онлайн геопортал) киритилади;
онлайн геопортал Миллий геоахборот тизимига интеграция қилинади;
ер баланси ва унинг ҳисоботи, туман (шаҳар) ер кадастри дафтари фақат Миллий геоахборот тизимида юритилади;
Давлат кадастрлари ягона тизими Миллий геоахборот тизимида шакллантирилади;
тегишли давлат кадастрлари маълумотлари Миллий геоахборот тизимига фақат телекоммуникация тармоқлари орқали тўғридан-тўғри тақдим этиб борилади.
7. Кадастр агентлиги:
а) икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига:
ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказмаслик, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳамда давлат кадастрларини юритиш тартибини бузиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар фақат Кадастр агентлиги органлари томонидан кўриб чиқилишини назарда тутувчи қонун лойиҳасини;
кўчмас мулк объектларининг давлат кадастри соҳасида давлат хизматлари нархларини қайта кўриб чиқиш, шу жумладан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган йиғимни камайтириш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин;
б) 2020 йил 1 ноябрга қадар онлайн геопортални синов тариқасида ишга туширсин;
в) 2020 йил 1 декабрга қадар барча қишлоқ хўжалиги хариталарининг онлайн геопорталга киритилишини ҳамда унинг Миллий геоахборот тизимига интеграция қилинишини таъминласин;
г) 2021 йил 1 январдан бошлаб онлайн геопортални тўлиқ ишга туширсин.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Давлат солиқ қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Қурилиш вазирлиги билан бирга ер участкаларини ажратиш ҳақидаги қарорлар, аукцион ва танлов баённомалари ҳамда ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг вужудга келиши, ўзгариши ва бекор бўлишига асос бўлган бошқа ҳужжатларнинг 2021 йил якунига қадар Миллий геоахборот тизимида тўлиқ давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин.
9. Белгилансинки, қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қийматини аниқлаш ва қайта баҳолаш, тупроқ бонитировкаси ва тупроқ хариталарининг корректировкасини ўтказиш, суғориладиган ерларда тупроқ агрокимёвий тадқиқот ишларини бажариш ва агрокимёвий картограммалар тузиш, тупроқ (ер) мониторингини ўтказиш учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетидан назарда тутиладиган маблағлар 2021 йил 1 январдан бошлаб Қишлоқ хўжалиги вазирлигига ажратилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги икки ой муддатда тупроқ бонитировкаси ишларини ўтказиш, қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қийматини аниқлаш ва геоботаникага оид тадқиқотларни амалга оширишга тадбиркорлик субъектларини жалб қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5708-сон Фармони 1-бандига 1-иловага мувофиқ қўшимча ва ўзгартириш киритилсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатлари 2-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
12. Давлат солиқ қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Вазирлар Маҳкамасига:
икки ҳафта муддатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасини;
икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни киритсин.
13. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2020 йил 7 сентябрь