Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қарори

Ижро тартиб-таомилларини янада соддалаштириш, суд ҳужжатлари

ва бошқа органлар ҳужжатларини сўзсиз ва ўз вақтида ижро этишни таъминлаш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш ҳамда ижро иши юритувида сансалорликка чек қўйиш, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифаларини амалга ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Бош прокуратураси, Адлия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг 2019 йил 1 апрелдан бошлаб суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнига медиация институтини жорий этиш тўғрисидаги қуйидагиларни назарда тутувчи таклифи қабул қилинсин:

суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнида медиация тартиб-таомилини амалга ошириш ундирувчининг аризаси бўйича ўн беш кундан кўп бўлмаган муддатга ижро иши юритишни тўхтатиб туриш учун асос ҳисобланади;

томонлар ўртасида ижро предметига доир келишувга келмаслик, шунингдек, томонлардан бирининг медиацияни давом эттиришдан воз кечиши ёки уни амалга ошириш муддатининг тугаши ижро иши юритишни қайтадан тиклаш учун асос ҳисобланади. Бунда медиация тартиб-таомилини такроран амалга оширишга йўл қўйилмайди;

томонлар ўртасида ижро ишининг ҳар қандай босқичида медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижалари бўйича ижро предметига доир келишув расмийлаштирилган ҳолларда давлат ижрочиси ижро иши юритишни тугатади;

медиация тартиб-таомилини амалга ошириш жараёнига давлат ижрочиси ва давлатнинг бошқа органлари вакилларининг аралашуви тақиқланади.

2. Белгилаб қўйилсинки, 2019 йил 1 июндан бошлаб:

ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги масала ижро ҳужжати келиб тушган вақтдан бошлаб бир иш куни ичида ҳал этилади;

ижро ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, мазкур ҳаракатлар қарздорнинг аризасига ёки давлат ижрочисининг ўз ташаббусига кўра кўпи билан икки марта кечиктирилади;

ижро ҳаракатларини бажаришда юзага келган масалаларни тушунтириш учун давлат ижрочиси томонидан тайинланганмутахассис ижрочининг қарори билан танишган кундан бошлабўн беш иш куни ичида ёзма хулоса тақдим этишга мажбур.

3. 2019 йил 1 октябрдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси (кейинги ўринларда – Мажбурий ижро бюроси) Ижро ҳужжатларининг ягона электрон базасини(кейинги ўринларда – Ягона электрон база) юритади, унга тегишли маълумотлар базаси тизимлари билан интеграция қилиш йўли билан қуйидагилар киритиб борилади:

ижро органлари юритувига келиб тушган барча ижро ҳужжатлари;

маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколати бўлган органлар (мансабдор шахслар) томонидан солинган ва ундирилган маъмурий жарималар ҳақидаги маълумотлар;

б) маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ваколати бўлган органлар (мансабдор шахслар)нинг қонун ҳужжатларида белгиланган муддат давомида ихтиёрий тартибда бажарилмаган маъмурий жарималарни қўллаш тўғрисидаги қарорлари мажбурий ижро этиш учун электрон ҳужжат кўринишида автоматик равишда Мажбурий ижро бюросининг ахборот тизимига юборилади;

в) ижро ҳужжатларида ундирувчи ёки қарздорнинг электрон почтаси ёки телефон (мобиль) рақами (агар улар судга ёки ижро ҳужжатини берган бошқа орган (мансабдор шахс)га тақдим этилган бўлса) ҳақидаги маълумотлар мавжуд бўлган тақдирда, ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги хабарнома унинг жўнатилганлиги ва қабул қилиниб олинганлиги фактларини қайд этиш имконини берувчи махсус автоматлаштирилган тизимдан фойдаланган ҳолда электрон почтага ёки мобиль алоқа воситалари орқали қисқа хабар (SMS) кўринишидайўлланади;

г) Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани ва Навоий шаҳриМажбурий ижро бюроси бўлимларида тажриба сифатида ижро ҳужжатларини автоматлаштирилган тизим орқали давлат ижрочилари ўртасида автоматлаштирилган тақсимлаш тартиби жорий этилади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси 2020 йил 1 мартга қадар тажриба натижаларига кўра мазкур амалиётни Мажбурий ижро бюросининг бошқа бўлинмаларида жорий этиш бўйича асослантирилган таклифлар киритсин.

4. Мажбурий ижро бюроси 2019 йил 1 октябрдан ўз расмий веб-сайтида бепул асосда қуйидагиларни назарда тутувчи ижро ҳаракатлари амалга оширилишининг автоматлаштирилган мониторинги бўйича давлат интерактив хизмати кўрсатиш тизимини жорий этсин:

ҳар бир ижро ҳужжатига маълумотларнинг хавфсизлигини таъминлайдиган ягона идентификация рақами (коди)ни бериш;

автоматлаштирилган мониторинг тизимига ижро ҳаракатларини амалга оширишнинг бориши ва ижро иши юритишнинг барча босқичлари, шунингдек, Мажбурий ижро бюроси томонидан кўрилаётган чоралар ҳамда бажарилаётган ижро ҳаракатлари тўғрисидаги маълумотларни доимий киритиб бориш;

Интернет тармоғи орқали ягона идентификация рақами (коди)дан фойдаланган ҳолда ундирувчи ва қарздор томонидан ижро ҳаракатларини амалга оширишнинг боришини барча босқичларда кузатиш, шунингдек, мавжуд қарзни онлайн тарзда тўлаш ва бир вақтнинг ўзида ижро ҳужжати талабларининг бажарилганлигини қайд этиш имкониятини яратиш.

Белгилансинки, ижро ҳаракатлари амалга оширилишининг автоматлаштирилган мониторинги бўйича давлат интерактив хизмати Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда – ЯИДХП) орқали ҳам кўрсатилади.

5. Мажбурий ижро бюроси:

а) бир ой муддатда шартнома-воситачилик асосларида сотишга топшириладиган мол-мулкни интернет-дўконлар орқали сотиш тартибини жорий этиш тўғрисидаги қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларни киритсин:

ижро иши юритиш давомида хатланган мол-мулкни сотишга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги “Электрон тижоратни жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–3724-сон қарорига мувофиқ Электрон тижорат иштирокчиларининг миллий реестрига киритилган, товарлар ҳаракатини мониторинг қилишнинг электрон тизимини жорий этган ва товарларни харидорга етказиб бериш учун зарур логистика имкониятларига эга бўлган тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш;

мол-мулкни мобиль иловалар ва электрон тўлов тизимлари орқали харид қилиш имкониятини яратиш;

б) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда:

ундириш қаратилган мол-мулк “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасига қўйилган пайтдан бошлаб сотилишигача бўлган ҳаракатини мониторинг қилиш имконини берувчи мол-мулк ҳисобини юритишнинг ягона электрон ахборот тизимини;

“E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида харид қилинган мол-мулк учун электрон, шу жумладан, халқаро тўлов тизимларидан фойдаланган ҳолда онлайн тўлов қилиш имкониятини жорий этсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда ижро иши юритишда ундириладиган давлат божлари, маъмурий жарималар ва бошқа тўловларни электрон тўлов тизимларидан фойдаланган ҳолда тўлаш бўйича давлат хизматини кўрсатиш учун ЯИДХПда алоҳида платформани яратиш чораларини кўрсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси Мажбурий ижро бюроси билан биргаликда Мажбурий ижро бюроси ходимларини оператив-қидирув йўналишида тайёрлаш, қайта тайёрлаш
ва малакасини ошириш бўйича бепул асосда махсус курслар ташкил этиш чораларини кўрсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси:

а) уч ой муддатда суд ҳужжатлари ва бошқа органларнинг ҳужжатларини ижро этиш соҳасидаги, шунингдек, уларнинг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш борасидаги процессуал нормаларни тизимлаштиришни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг Ижро ишини юритиш тўғрисидаги кодекси лойиҳасини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритсин;

б) уч ой муддатда:

Мажбурий ижро бюросига жисмоний ва юридик шахслардан “ишонч телефони” орқали, шунингдек, электрон тарзда келиб тушадиган мурожаатлар ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқилиши устидан тизимли назорат олиб боришга қаратилган дастурий таъминотни;

давлат ижрочиларининг суд ҳужжатлари ва бошқа органларнинг ҳужжатларини мажбурий ижро этишни таъминлаш бўйича самарадорлик
ва натижадорликнинг асосий кўрсаткичларини (KPI), шунингдек, улар фаолиятини баҳолаш, хизмат бўйича кўтариш, рағбатлантириш ва интизомий жавобгарлик чораларини қўллашда ушбу кўрсаткичларни қўллаш тартибини;

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси академиясида тизимли равишда давлат ижрочиларининг малакасини ошириш дастурларини ишлаб чиқсин ва жорий этсин;

в) манфаатдор идоралар билан биргаликда уч ой муддатда суд томонидан маъмурий жаримага тортиш ҳолатларидан ташқари, жаримага тортиш тўғрисидаги қарор топширилган санадан бошлаб ўн беш кун ичида жарима миқдорининг 70 фоизи ҳуқуқбузар томонидан ихтиёрий равишда тўланган тақдирда у қолган суммани тўлашдан озод этилишини назарда тутувчи маъмурий жаримага тортиш тўғрисидаги қарорларни ижро этишнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш ҳақидаги таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритсин.

Бунда қуйидаги ҳолатларда жаримага тортиш тўғрисидаги қарорларни ижро этишнинг соддалаштирилган тартиби қўлланилмаслиги назарда тутилсин:

маъмурий жаримага тортиш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилинганда ёки протест келтирилганда;

маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида худди шундай ҳуқуқбузарлик такроран содир этилганида;

г) ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ижро ишини юритиш ҳолати тўғрисида маълумот ҳамда соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритиб борсин.

10. Белгилансинки, мазкур қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш Мажбурий ижро бюроси ва суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармалари маблағлари, шунингдек, халқаро молиявий институтлар ва донор ташкилотларнинг грантлари, техник кўмак маблағлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

11. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бир ой муддатда
қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифлар киритсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Мажбурий ижро бюроси билан биргаликда мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.

13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                       Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 12 март

 

ЎзА