Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Ветеринария ва чорвачилик соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, Самарқанд ветеринария медицинаси институти фаолияти кўламини кенгайтириш, халқаро нуфузини ошириш, илмий тадқиқотларни тизимли олиб бориш, инновацион таълим ва технологиялар трансферини қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш, таълим ва ишлаб чиқаришни узвий боғлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига мувофиқ белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида:

1. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг Самарқанд ветеринария медицинаси институти негизида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетини (кейинги ўринларда – Университет) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2. Қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

ветеринария, чорвачилик, биотехнология, агротехнология, агроиқтисодиёт тармоқлари учун олий маълумотли кадрларни тайёрлаш;

замонавий ўқув ва илмий-лаборатория базасини шакллантириш, уни илғор технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда соҳани ривожлантиришга қаратилган илмий-инновацион тадқиқотларни кенгайтириш;

ўқув жараёнини амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтириш, халқаро таълим стандартларига асосланган илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурлари ва инновацион ўқув-услубий материалларни кенг жорий этиш, ветеринария клиникаси, ўқув ва илмий лаборатория, ўқув-тажриба хўжалиги, ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналарида назарий билим ҳамда амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш учун зарур шароитлар яратиш;

илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича узлуксиз таълим тизимини яратиш;

етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш, Университет профессор-ўқитувчиларининг малакасини ошириш, битирувчиларнинг республика ва хорижий олий таълим муассасаларида (илмий марказларда) магистратура ва докторантура дастурлари бўйича таҳсил олишларини ташкил этиш;

ўқув жараёнини талабаларда мустақил таълим олиш, тизимли таҳлил қилиш, ижодий фикрлаш ва амалий, жумладан, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга йўналтириш;

соҳадаги илмий-тадқиқот институтларининг етакчи олимларини Университетда таҳсил олаётган иқтидорли талабаларга бириктирган ҳолда, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш;

Университетнинг юқори босқич талабалари ҳамда илмий изланувчиларининг илмий-тадқиқот институтлари лабораторияларида фаолият юритиши учун шароит яратиш;

тасарруфидаги таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш.

3. Самарқанд ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Бошқарув кенгаши (кейинги ўринларда – Бошқарув кенгаши) таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Бошқарув кенгашига (Б. Норқобилов):

а) қуйидаги вазифалар юклатилсин:

Университетнинг молиявий йил учун мўлжалланган бизнес-режаси, узоқ ва ўрта муддатли стратегик ривожлантириш дастури, даромад ва харажатлар параметрларини тасдиқлаш ҳамда уларнинг ижросини назорат қилиш;

Фанлар академияси илмий муассасалари ва тармоқ илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда илмий мактабларни ривожлантириш;

ветеринария ва чорвачилик йўналишида таълим, тадқиқот ва илмий ишланмалар трансфери жараёнларини ривожлантириш ҳамда илмий- тадқиқот ва инновацион ишланмалар бўйича буюртмачилар билан манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш;

илмий маҳсулотларни тижоратлаштириш, стартаплар ва акселератор фаолиятини йўлга қўйиш;

таълим ва тадқиқот жараёнларига инвестицияларни жалб этиш, етакчи хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан самарали алоқаларни ўрнатиш;

б) қуйидаги ваколатлар берилсин:

Университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан шартнома асосида малакали мутахассислар жалб қилиш;

Университет ҳузурида фаолиятининг асосий йўналиши таълим, илм-фан ва унинг натижаларини жорий этиш ҳамда тижоратлаштириш билан боғлиқ бўлган, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштириладиган таркибий тузилмалар, тижорат ва нотижорат ташкилотларни ташкил этиш;

таълим йўналишлари ва мутахассисликлар учун таълим давомийлиги муддатларини белгилаш;

таълим сифатини ички назорат қилиш механизмларини белгилаш ва жорий этиш.

4. Белгилансинки:

Университет ветеринария медицинаси, ветеринария ва санитария экспертизаси, ветеринария диагностикаси ва лаборатория ишлари, ветеринария фармацевтикаси, зооинженерия, ветеринария биотехнологияси, чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш технологияси йўналишларида кадрлар тайёрловчи таянч давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади;

Университет Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси тизимида фаолият юритади;

Самарқанд ветеринария медицинаси институти талабалари Университетда ўқишини давом эттиради ва битирувчиларга давлат томонидан тасдиқланган намунадаги Университет дипломи берилади;

Университетга талабаларни қабул қилиш параметрлари ҳар йили тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси доирасида аниқланади;

Университет Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан, халқаро шартномалари бўйича ҳуқуқий ворис ҳисобланади.

5. Ветеринария соҳасида таълим жараёнларининг бевосита амалиёт билан уйғунликда ташкил этилишини, илм-фан ва технологиялар интеграциясини таъминлаш мақсадида Университет ҳузурида хўжалик ҳисобида фаолият юритувчи Ветеринария клиникаси ва касалликлар диагностикаси технопарки (кейинги ўринларда – Технопарк) ташкил этилсин.

Университет Технопарк таркибида қуйидаги таркибий бўлинмаларни ташкил этишни назарда тутсин:

Ветеринария лаборатория-диагностика ва профилактика-даволаш клиникаси;

Сунъий уруғлантириш ва наслчилик-селекция маркази;

чорвачилик хўжаликлари ва аҳоли хонадонида парваришланаётган ҳайвонлар учун озуқа етиштириш, жамғариш ва тайёрлаш бўйича уларга амалий ёрдам кўрсатадиган маслаҳат маркази.

Технопаркка ветеринария лаборатория-диагностика ишларини олиб бориш ҳамда ветеринария препаратларини, шу жумладан, ветеринария мақсадлари учун доривор воситалар, озуқа қўшимчалари, биологик препаратлар ва зоогигиена воситаларини реализация қилиш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи берилсин.

6. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ветеринария
ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг қуйидаги таклифларига розилик берилсин:

Университетга соҳада 5 йиллик стажга эга бўлган ходимлар тавсиянома асосида ўқишга тавсия этилганда, тўлов-контракт миқдорини кундузги таълим йўналишидаги тўлов-контракт (стипендиясиз) миқдорига тенглаштириш;

“Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислар институти” Миллий тадқиқот университети қошидаги Қарши ирригация ва агротехнологиялар институтида 2022/2023 ўқув йилидан бакалавриатнинг кундузги ва сиртқи таълим шакллари бўйича
“Чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлаш технологияси” таълим йўналишида кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш;

Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Қамаши хизмат кўрсатиш техникуми негизида Университетнинг Қамаши ветеринария медицинаси техникумини ташкил этиш. Бунда, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ мазкур техникумнинг мавжуд бино ва иншоотларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш лойиҳаларини 2023-2026 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурига киритсин.

7. Самарқанд вилояти, Тойлоқ туманидаги Ветеринария илмий-тадқиқот институтининг фойдаланмай келинаётган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган 2-иловага мувофиқ жами 27,4 гектар, шундан 16,8 гектар суғориладиган ер участкаларининг ер фонди тоифаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Сув хўжалиги вазирлигининг хулосасига мувофиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар тоифасидан саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсадларга мўлжалланган ерлар тоифасига ўтказилсин.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги ушбу бандга мувофиқ ер фонди тоифаси ўзгартирилган ер участкаси белгиланган тартибда захирага олинишини, давлат мулки сифатида давлат рўйхатидан ўтказилишини ҳамда электрон онлайн-аукционга чиқарилишини таъминласин.

Мазкур бандга мувофиқ захирага олинган ер участкаларини сотишдан тушган маблағлар (Вазирлар Маҳкамаси қарорида белгиланган харажатлар чегириб қолинган ҳолда), истисно тариқасида, Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармасининг махсус ҳисоб-рақамига йўналтирилсин.

Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ер участкасини сотишдан Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармасига тушган маблағларни Ветеринария илмий-тадқиқот институти ҳудудида ветеринария лабораторияси, ветеринария клиникаси ва диагностик маркази, виварий, ёш олимлар учун ётоқхона ҳамда ишлаб чиқариш цехини қуриш ва жиҳозлаш учун мақсадли йўналтирсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб ветеринария ва биотехнология йўналишлари бўйича нуфузли хорижий олий таълим муассасаларида бакалавриат, магистратура ва докторантура таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш учун “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиялари ҳисобидан ҳар йили алоҳида квота ажратилишини таъминласин.

Бунда, таълим дастури якуни бўйича талабаларнинг камида 3 йил давомида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг тизим ташкилотларида ишлаб бериш шарти назарда тутилади.

9. Қуйидагилар:

2022-2026 йилларда Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетини ҳамда тизимда фаолият юритаётган профессионал таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтларини комплекс ривожлантириш дастури 3-иловага мувофиқ;

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетининг халқаро нуфузини ошириш бўйича мақсадли кўрсаткичлар 4-иловага мувофиқ;

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетининг мутахассислик кафедраларини илмий-тадқиқот муассасалари, тармоқ корхона ва ташкилотларга бириктириш жадвали 5-иловага мувофиқ;

Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида ташкил этиладиган янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари рўйхати 6-иловага мувофиқ;

2023-2026 йилларда Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси тизимида фаолият юритаётган олий ва профессионал таълим ҳамда илмий-тадқиқот институтлари объектларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлашнинг манзилли рўйхати 7-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

10. 2022 йил 1 майдан бошлаб Ветеринария илмий-тадқиқот институтининг илмий ходимлари (катта ва кичик илмий ходим) меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилсин.

11. Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг Тошкент ва Нукус филиаллари тегишли равишда Университетнинг Тошкент ва Нукус филиаллари деб қайта номлансин.

Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг академик лицейи ва СамарқандУргутНукусАндижон ветеринария медицинаси техникумлари Университет таркибига ўтказилсин.

12. Белгилансинки, Университет фаолияти Давлат бюджети маблағлари, Университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари, ҳомийлик хайриялари ва грантлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

13. Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети фаолиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилсин ва қуйидагилар унинг молиявий манбалари этиб белгилансин:

Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармасининг ажратмалари;

Қоракўлчиликни ривожлантириш жамғармасининг ажратмалари;

хорижий инвесторлар билан инвестиция келишувларида назарда тутилган илмий тадқиқотлар, кадрлар тайёрлаш ва лойиҳаларни амалга ошириш учун ажратиладиган маблағлар;

кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, ветеринария ва чорвачилик ҳамда бошқа йўналишларда жалб этиладиган донор ташкилотларнинг грант маблағлари;

қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Жамғарма маблағларини шакллантириш ва фойдаланиш тартиби Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.

14. Белгилансинки, Университет Ветеринария илмий-тадқиқот институти, Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти, Балиқчилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти билан ўзаро ҳамкорликда:

магистрларни профессор ва илмий ходимларга бириктирган ҳолда, “фан–таълим–ишлаб чиқариш” тамойили асосида кадрлар тайёрлашнинг кластер тизимини, шунингдек, докторантларнинг бевосита илмий-тадқиқот институтлари лабораторияларида илмий иш олиб боришини йўлга қўяди;

минтақада ветеринария, чорвачилик, биотехнология ва агротехнология соҳаларида мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан фундаментал, илмий-тадқиқот институтлари билан фундаментал, илмий-амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб боради ҳамда маҳаллий ва халқаро грант маблағларини жалб этади.

15. Бошқарув кенгаши (Б.Норқобилов):

а) икки ой муддатда:

Бошқарув кенгаши фаолияти тўғрисидаги низомни тасдиқласин;

замонавий таълим йўналишларини инобатга олган ҳолда, Университет кафедраларининг илмий фаолиятини соҳа ва тармоқлар муаммоларининг ечимига йўналтириш мақсадида уларни қайтадан ташкил этсин;

Университет раҳбарияти, кафедралари ва таркибий бўлинмалари фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларини ҳамда юқори натижадорликка эришганларни рағбатлантириб бориш тизимини жорий қилсин;

б) ўқув жараёнига хорижий профессор-ўқитувчиларни танлов асосида жалб қилиш ва Университет профессор-ўқитувчиларининг хорижий олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида малакасини ошириш чораларини кўрсин;

в) 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб ветеринария ва чорвачилик йўналишлари бўйича хорижий давлатларнинг нуфузли олийгоҳлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари ҳамда кенг кўламли фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларни ташкил этиш чораларини кўрсин.

16. Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

17. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ш.М. Ғаниев белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А. Абдувахитов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

        Президенти                                                                                               Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2022 йил 31 март