Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида аҳолининг соғлиғини сақлаш, шу жумладан, одамнинг иммунитет танқислиги вируси (кейинги ўринларда ОИВ-инфекцияси деб юритилади) келтириб чиқарадиган касаллик профилактикаси, диагностикаси ва уни даволаш соҳасида ижобий натижаларга эришилди. Мазкур йўналишда комплекс тадбирларнинг амалга оширилиши эпидемик вазиятнинг барқарорлашишига кўмаклашди.
Шу билан бирга, ўрганишлар ОИВ-инфекцияси тарқалишига самарали қарши курашиш ва шифохона ички инфекцияларини профилактика қилишга тўсиқ бўлаётган бир қатор муаммолар мавжудлигидан далолат бермоқда, хусусан:
биринчидан, шифохона ички инфекциялари билан касалланиш пасайганлигига қарамай, даволаш-профилактика муассасаларида қон орқали юқадиган инфекцияларнинг профилактикасида камчиликлар мавжуд;
иккинчидан, даволаш-профилактика муассасаларини, айниқса, соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинини тиббий асбоблар ва сарфлаш материаллари билан ўз вақтида ва тўлиқ таъминлаш борасида зарур чоралар кўрилмаяпти;
учинчидан, жойларда, айниқса, узоқ туманларда тиббиёт муассасаларини электр энергияси ва тоза ичимлик суви билан узлуксиз таъминлашда муаммолар сақланиб қолмоқда, бу эса тиббий асбобларни стерилизация қилиш сифатига ва амалга ошириладиган даволаш-профилактика муолажаларининг хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмоқда;
тўртинчидан, даволаш-профилактика муассасалари стерилизация бўлинмаларининг зарур ускуна ва инвентарлар билан жиҳозланганлик даражаси талабга жавоб бермайди, стерилизация тадбирларини ташкил этиш услубларига замонавий ёндашув мавжуд эмас;
бешинчидан, республика минтақаларида ОИВни юқтириб олган шахслар стационар даволаш билан етарли даражада қамраб олинмасдан қолмоқда, ОИТСга қарши курашиш минтақавий марказлари ва ОИВ-инфекцияси диагностикаси бўйича туманлараро лабораторияларнинг заиф моддий-техника базаси амалга оширилаётган ишлар сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.
ОИВ-инфекциясини ўз вақтида профилактика ва диагностика қилиш, уни даволаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада кучайтириш, беморларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш, уларни стационарда даволаш кўламини кенгайтириш, шифохона ички инфекциялари билан касалланиш ҳолатларини камайтириш мақсадида:
1. Қуйидагилар ОИВ-инфекциясини профилактика ва диагностика қилиш, уни даволаш бўйича аҳолига кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий ёрдамни янада такомиллаштириш ва кенгайтиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
қон орқали юқадиган инфекцияларни профилактика қилиш соҳасидаги даволаш-профилактика муассасаларининг фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш;
эпидемиологик назоратни, республикада ОИВ-инфекцияси тарқалиши ва шифохона ички инфекцияларининг профилактикаси назорат қилинишини кучайтириш;
тиббий асбобларни стерилизация қилиш ва тиббиёт чиқиндиларини утилизация қилиш функцияларини хусусий тузилмаларга бериш орқали
давлат тиббиёт муассасаларида давлат-хусусий шерикликни босқичма-босқич жорий этиш;
даволаш-профилактика муассасаларини тест-тизимлар ва ретровирусга қарши препаратлар билан узлуксиз таъминлаш, шунингдек, республикада ОИВ-инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича тадбирларни барқарор молиялаштириш мақсадида бюджетдан ажратиладиган маблағлар миқдорини босқичма-босқич кўпайтириш;
ОИВ-инфекциясини даволаш ва шифохона ички инфекцияларини профилактика қилишда фан ва техниканинг энг янги ютуқларига асосланган инновацион ёндашувларни кенг қўллаш;
ОИВни юқтириб олган шахсларни комплекс тиббий-психологик қўллаб-қувватлаш ишларини ташкил этиш;
ОИВ-инфекциясини профилактика ва диагностика қилиш, уни даволаш бўйича тиббиёт ходимларининг касбий билимлари даражасини ошириш;
давлат тиббиёт муассасаларининг ОИВ-инфекциясини профилактика ва диагностика қилиш, уни даволаш билан шуғулланувчи тиббиёт ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни кучайтириш;
ОИТСга қарши курашиш марказлари ва ОИВ-инфекцияси диагностикаси бўйича туманлараро лабораторияларнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, уларни замонавий диагностика ва лаборатория ускуналари билан жиҳозлаш;
хорижий соҳавий муассасалар билан яқин алоқаларни йўлга қўйиш ва ҳамкорликни янада ривожлантириш.
2. ОИВ-инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ва шифохона ички инфекцияларини профилактика қилиш юзасидан амалга оширилаётган тадбирларнинг самарадорлигини ошириш бўйича комплекс қўшимча чора-тадбирлар (кейинги ўринларда – Комплекс чора-тадбирлар) иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Комплекс чора-тадбирларда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши бўйича вазирликлар, идоралар, ҳокимликлар ва бошқа ташкилотларнинг фаолияти самарали мувофиқлаштирилишини ҳамда уларнинг ўзаро ҳамкорлигини таъминласин.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан мониторинг олиб борилишини таъминласин ҳамда бажарилган ишлар тўғрисида ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига ахборот тақдим этсин.
3. Белгилансинки, Комплекс чора-тадбирларда кўрсатилган муассасаларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишларини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан белгиланган тартибда амалга оширилади.
Молия вазирлиги ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда Комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур маблағларни назарда тутсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
а) Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда икки ой муддатда дастлабки босқичда соғлиқни сақлашнинг бирламчи бўғинида тажриба лойиҳаларини жорий этишни, кейинчалик ижобий тажрибани республиканинг барча минтақаларига тарқатишни назарда тутган ҳолда, тиббий асбобларни стерилизация қилиш ва тиббиёт чиқиндиларини утилизация қилиш соҳасида давлат-хусусий шерикликни босқичма-босқич жорий этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;
б) Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, “Ўзбекэнерго” АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда даволаш-профилактика муассасалари, жумладан, стерилизация бўлинмалари ва операция блокларининг сув, газ ва электр энергияси билан узлуксиз таъминланганлиги ҳолатини ўрганиб чиқсин ҳамда ривожланиш давлат дастурларига биринчи навбатда уларни киритиш юзасидан ҳар бир ҳудуд кесимида таклифлар тайёрласин;
в) Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда республика ҳудудларида ОИВни юқтириб олган шахсларнинг стационар даволаш билан қамраб олинишини кенгайтиришга ҳамда даволаш-профилактика муассасаларини кўп марта ва бир марта ишлатиладиган тиббий асбоблар, тиббиёт буюмлари ва сарфлаш материаллари билан тўлиқ ва ўз вақтида таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни кўрсин;
г) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда тегишли ҳудудда ва умуман республика бўйича ОИВ-инфекцияси ва шифохона ички инфекциялари тарқалиши профилактикасининг ҳолатини доимий равишда комплекс баҳолашни таъминласин, уларнинг ҳолати ёмонлашишига муносабат билдириш юзасидан аниқ тадбирларни ишлаб чиқсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда жазони ижро этиш муассасаларида, шунингдек, ички ишлар органларининг тиббиёт муассасаларида эпидемиологик назорат ҳамда ОИВ-инфекцияси ва шифохона ички инфекциялари тарқалиши устидан назорат қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Адлия вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси манфаатдор вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари билан биргаликда ОИВни юқтириб олган шахсларни ижтимоий, ҳуқуқий, маънавий ва тиббий-психологик қўллаб-қувватлаш, ёшлар ўртасида, айниқса, ОИВ-инфекцияси тарқалиши масалалари бўйича кенг тушунтириш ва тарбиявий тадбирлар ўтказиш, жамиятда оила ва маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш ишларини кучайтирсин.
7. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда мавзуга оид мақолалар, туркум телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар ташкил этиш орқали аҳоли ўртасида ОИВ-инфекциясига қарши курашишнинг долзарб масалалари мунтазам ва кенг ёритилишини таъминласин.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.С.Қосимов, Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори О.Б.Муродов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2018 йил 22 июнь