Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и

Ҳудудларнинг табиий-иқлим шароитларига мос жун йўналишларидаги майда шохли молларни кўпайтириш, озуқа базасини ривожлантириш, тери ва жунни қайта ишлаш, улардан ярим тайёр ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш, яйлов майдонларида табиий равишда ўсувчи каврак плантациялари захираларидан барқарор фойдаланиш, шунингдек, пиллачилик тармоғи озуқа базасини кўпайтириш, экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида:

1. Белгилансинки:

а) 2022 йил 1 январдан бошлаб 2025 йил 1 январга қадар:

ҳар йили етиштириладиган пилла (ҳўл пилла) ҳосилининг бир килограмми учун 5 минг сўм миқдорида хонадонларда пилла етиштирувчи жисмоний шахсларга республика бюджети ҳисобидан субсидия ажратилади;

тутзорларни суғориш учун фойдаланилган сув ҳажмига сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорда қўлланилади;

б) оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида ажратилган маблағлар жун йўналишидаги қўйларни, шунингдек, қўлда жун йигириш, ипак матолари, гилам ва кигиз тўқиш ускуналарини сотиб олишга ҳам йўналтирилади;

в) Қашқадарё вилоятининг Ғузор ва Деҳқонобод туманлари, Самарқанд вилоятининг Қўшработ тумани ҳамда Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон ва Бойсун туманлари жун йўналишидаги майда шохли молларни етиштиришга ихтисослаштирилади;

г) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4539-сон қарори 9-бандида назарда тутилган молиялаштириш тартиби, истисно тариқасида, қўлда жун йигирувчи, гилам ва кигиз тўқувчи ҳамда қўй ва эчки териларидан тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи ҳунармандларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 февралдаги “Қоракўлчилик тармоғини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4984-сон қарори билан Молия вазирлиги томонидан қоракўлчилик соҳасини янада ривожлантириш мақсадида 200 миллиард сўм маблағ ажратилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Белгилаб қўйилсинки:

а) мазкур маблағларнинг 50 миллиард сўм қисми 1-босқич сифатида жун йўналишидаги майда шохли молларни етиштиришга ихтисослаштирилган туманлардаги тадбиркорлик субъектлари томонидан лойиҳаларни амалга ошириш учун белгиланган тартибда кредит ажратишга йўналтирилади.

Бунда, ихтисослаштирилган туманларда мазкур маблағлар ҳисобидан:

республика иқлимига мос жун йўналишидаги майда шохли молларни импорт қилиш орқали уларнинг сони оширилади;

яйловларда озуқабоп экинларни етиштириш ҳажми ва ем ишлаб чиқариш қувватлари оширилади, жун қирқиш ва йиғиш шохобчалари ташкил этилади;

жунни қайта ишлаш қувватлари ташкил этилади ҳамда аҳоли жунни қайта ишлаш ва ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш йўналишида ҳунармандчиликка ўргатилади;

б) 2-босқичда – 2022 йил 1 апрелга қадар Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан 50 миллион АҚШ доллари эквиваленти миқдоридаги маблағлар 1-босқич маблағларининг ишлатилиши натижаларига кўра тижорат банклари орқали белгиланган тартибда кредит ажратишга йўналтирилади.

3. Қуйидагилар:

Ҳунармандчилик асосида қўлда шойи матолар, шу жумладан, аъло бахмал тўқиш ҳажмини ошириш ва тўқилган матоларни республикада кенг тарғиб қилиш бўйича чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ;

2021-2025 йилларда пиллачилик кластерлари томонидан тутзорларда ҳамда пахта ва ғалла майдонлари атрофида тут кўчатларини экиш прогноз кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Бунда, 2-иловага мувофиқ экиладиган тут кўчатлари “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси таркибидаги пиллачилик кластерларининг маблағлари ҳисобидан экилади.

4. 2021-2025 йилларда:

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳар йили 30 миллион туп;

Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳузуридаги Академик М.Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти ҳар йили 10 миллион туп тут кўчатлари етиштириб беришни таъминласин.

5. Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитаси, Республика “Қоракўлчилик” уюшмаси ва уюшма аъзоларининг:

Пиллачилик ва қоракўлчиликни ривожлантириш қўмитасини Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси (кейинги ўринларда – Қўмита) деб қайта номлаш;

Республика “Қоракўлчилик” уюшмасини “Яйлов хўжалигини ривожлантириш” уюшмаси (кейинги ўринларда – Уюшма) деб қайта номлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

6. Белгилансинки, Қўмитанинг доимий эгалигидаги яйловлар ҳудудида жисмоний ва юридик шахслар томонидан доривор ўсимликларни, шу жумладан, каврак ўсимлигини йиғиш, экиш ва етиштириш Қўмита билан тузилган ижара шартномалари асосида ва унда белгиланган ҳудудларда амалга оширилади.

7. Қуйидагиларга қўшимча вазифалар юклансин:

а) Қўмитага:

жунни қайта ишлаш саноатида рақобатни ривожлантириш, жун етиштириш ва уни қайта ишлаш йўналишидаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш;

жунни қайта ишлашга ҳунармандларни кенг жалб қилиш орқали аҳоли бандлигини таъминлашга ва уларнинг даромадини оширишга кўмаклашиш;

хорижий инвестициялар, жумладан, халқаро молия институтларининг маблағларини жалб қилиш йўли билан соҳани ривожлантириш;

б) Уюшмага:

жун йўналишидаги майда шохли молларни кўпайтириш, жун ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва уни чуқур қайта ишлаш;

Қўмитанинг доимий эгалигидаги яйловлар ҳосилдорлигини ошириш, яйлов ўсимликлари уруғчилигини йўлга қўйиш ва каврак плантацияларини ташкил этишга кўмаклашиш, шунингдек, табиий ҳолда ўсувчи каврак ўсимликларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш;

республика ҳудудларининг табиий-иқлим шароитларига мос келадиган озуқабоп ўсимликлар етиштиришни ташкил этиш ва тайёр маҳсулотни етказиб бериш бўйича таклифлар тайёрлаш;

республика ҳудудларида кавракни саноат усулида етиштириш ҳажмини кўпайтириш чораларини кўриш, маҳсулотни сотиш бозорларини кенгайтириш мақсадида маркетинг тадқиқотларини олиб бориш, экспорт ҳажмини ошириш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш.

8. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2022 йил 1 январдан бошлаб:

қоракўлчилик хўжаликларига улар томонидан етиштирилиб, экспортга сотилган ҳар бир дона қоракўл ва қоракўлча терилари учун;

етиштириладиган пилла (ҳўл пилла) ҳосилининг бир килограмми учун Давлат бюджети ҳисобидан ажратиладиган субсидия Қўмита томонидан берилади.

Молия вазирлиги 2022 йилдан бошлаб бюджет параметрларини шакллантиришда тегишли маблағларнинг Қўмитага ажратиб борилишини таъминласин.

9. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги 2022 йил 1 январга қадар Қўмита таклифига асосан қўй ва унинг гўшти ҳамда гўшт ва ипак маҳсулотларини экспорт қилишда импорт божларини бекор қилиш масаласини шундай импорт божлари мавжуд бўлган хорижий давлатлар билан ўтказиладиган ҳукуматлараро комиссия мажлисларининг кун тартибига киритсин.

10. Қўмита:

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда 2022 йил якунига қадар Фарғона, Наманган ва Андижон вилоятларида, 2025 йилга қадар республиканинг бошқа ҳудудларида қўл меҳнати учун ускуналар харид қилишга субсидия ажратиш тизимидан кенг фойдаланган ҳолда, аъло бахмал ишлаб чиқариш ҳажмини 1 миллион метрга етказиш чораларини кўрсин. Бунда, Фарғона вилояти ҳокимлиги ва тадбиркорлик субъектларининг давлат-хусусий шериклик асосида Фарғона вилоятининг туманларида Ипакчилик-ҳунармандчилик марказларини ташкил этиш тажрибаси Наманган ва Андижон вилоятларида ҳам татбиқ этилиши таъминлансин;

Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Транспорт вазирлиги билан биргаликда халқаро тадбирларда иштирок этувчи ҳамда таълим муассасаларида, авиа ва темир йўллар тизимида хизмат кўрсатувчи аёллар кийимида, шунингдек, республиканинг диққатга сазовор жойларида миллий ипак матоларидан фойдаланиш бўйича амалий чораларни кўрсин.

11. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Қўмитанинг асосланган ҳисоб-китобларига мувофиқ, ҳар йили 1 октябрга қадар кейинги йил учун қўл меҳнати учун ускуналар харид қилиш бўйича харажатларни қоплашга бериладиган субсидиялар миқдорини шакллантирсин ва белгиланган тартибда ажратиб борилишини таъминласин.

12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари:

туманларда замонавий пиллани қайта ишлашга ихтисослашган корхона фаолиятини йўлга қўйиш учун етарли бўлган озуқа базасининг яратилишини;

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан биргаликда ишсиз аҳоли рўйхатининг шакллантирилишини, улар пиллачилик кластерларига бириктирилишини ҳамда пилла етиштириб, даромад топиш бўйича тарғибот ишларининг олиб борилишини таъминласин.

13. Инновацион ривожланиш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 йил 1 июлга қадар илмий-тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ ипак қурти уруғчилиги, тутчилик ва чўл-яйлов озуқабоп экинлар селекцияси, етиштириш агротехникаси соҳасидаги мавжуд муаммоларнинг илмий ечимини таъминлашга қаратилган тадқиқот лойиҳаларининг танлов асосида шакллантирилишини ва зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.

14. Давлат божхона қўмитаси Қўмита билан биргаликда қўлда тўқилган гиламлар экспорти ҳажмини ошириш мақсадида хорижий давлатлардан республика ҳудудига олиб кирилаётган тайёр ва ярим тайёр гиламларни “божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режимида қайта ишлаб, экспорт қилишда тадбиркорлик субъектларига барча зарурий шароитларни яратсин.

15. Қўмита, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ва унинг таркибидаги корхоналарнинг 2022 йилда етиштириладиган пилла (тирик пилла) харид нархини 10 фоизга ошириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

16. Қўмита манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

қоракўлчилик хўжаликларига уларда етиштирилиб экспортга сотилган ҳар бир дона қоракўл ва қоракўлча терилари ҳамда етиштириладиган пилла (тирик пилла) ҳосили учун субсидиялар ажратиш тартибини ишлаб чиқсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

17. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси раиси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари белгилансин.

Қарор ижроси учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ш.М.Ғаниев зиммасига юклансин.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар чорак якуни бўйича ахборот киритиб борилсин.

Ўзбекистон Республикаси

       Президенти            Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2021 йил 8 июль