Барча соҳалар ривожида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва амалиётга татбиқ этишнинг аҳамияти беқиёс.
Ўзбекистон нотариал палатаси шу нуқтаи назардан халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтирмоқда. Кўплаб мамлакатлар нотариал ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандумлар имзоланди.
Жумладан, Нотариал палата томонидан Литва, Украина, Беларусь, Озарбайжон ва Қозоғистон Нотариал палаталари билан имзоланган меморандумлар доирасида фаол ҳамкорлик қилинмоқда.
Италия нотариуслар миллий кенгаши, Германия нотариуслари Федерал палатаси, Испания нотариуслари кенгаши ҳамда Халқаро нотариуслар иттифоқи билан эса ҳамкорлик ҳақида музокаралар олиб борилмоқда.
Шуни алоҳида айтиш жоизки, Ўзбекистон нотариал палатаси Халқаро нотариуслар иттифоқига аъзо бўлиш ва мамлакат нотариатини жаҳон нотариат тизими даражасига кўтариш борасида тизимли ишларни давом эттираётир.
Нотариал палата эндиликда Франция ҳамда Россия давлатлари Нотариал палаталари билан ҳам ҳамкорликни ривожлантиради.
Ўзбекистон нотариал палатасига ушбу мамлакатлар делегацияларининг ташрифида шу ҳақда келишиб олинди.
Нотариал палата раиси Дилшод Ашуров меҳмонларни қабул қилар экан, уларга мамлакатимизда нотариал соҳани ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Нотариал хизмат кўрсатишни замонавийлаштириш ва қулайлаштириш учун ушбу соҳа давлат секторидан хусусий секторга ўтказилгани катта ижобий натижа кўрсатди. Хусусий нотариуслар иш сифатига эътибор қаратаётгани, мижозлар ишончини оқлашга интилаётгани соҳада ўз-ўзидан бюрократия, коррупция каби иллатларга барҳам берди.
“Нотариус” электрон ахборот тизимининг ишга туширилгани иш олиб боришни тезлаштириш билан бирга сифатига ҳам катта ижобий таъсир кўрсатди.
Барча нотариуслар палата билан ҳамкорликда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга ҳаракат қилаётгани, яъни очиқ мулоқотларда фуқаролар билан фикрлашиб, уларнинг саволларига жавоб бериб бораётгани ишлар самарадорлигини оширмоқда.
Айтиб ўтиш керакки, Франция нотариуслари олий кенгаши ҳамда Россия Нотариал палатаси делегацияларининг ташрифи дастлаб Бухоро ҳамда Самарқанд вилоятларида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолияти билан яқиндан танишишдан бошланган эди.
Ўзаро мулоқотда меҳмонлар электрон нотариат мамлакатнинг барча ҳудудларида бир хил ишлаши, “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизимига бошқа давлат хизматларининг интеграция қилингани хизмат кўрсатишни қулайлаштирганига гувоҳ бўлганини таъкидлади.
– Нотариал палата таклифига биноан Ўзбекистонга келдик, – дейди Федерал нотариал палатаси президенти маслаҳатчиси Александр Янин. – Бухоро ҳамда Самарқанд вилоятларида ҳудудий бошқармалар ҳамда нотариуслар фаолияти билан танишдик. Нотариуслар идораларида яратилган қулайликлар билан яқиндан танишдик. Таассуротларимиз фақат ижобий, бугунги давра суҳбатида мамлакатингиз нотариат соҳасидаги янгиликлар ҳақида янада кўпроқ маълумотга эга бўлдик. Биз ҳам ўз тажрибаларимиз ҳақида маълумот бериб, келгусида қандай йўналишларда ҳамкорлик қилишимиз ҳақида келишиб оламиз.
– Ташриф давомида Ўзбекистон нотариат тизимида рўй берган янгиликларнинг кўплиги бизни ҳайратда қолдирди, – дейди Верту шаҳри нотариуси, Халқаро нотариуслар иттифоқининг Шарқий Европа мамлакатлари билан ҳамкорлиги бўйича масъули Антуан Дежуа. – Ўзбекистон нотариати рақамлаштириш йўлида жадал бораётгани эътиборга молик. Ўйлайманки, электрон нотариат лойиҳаси келгусида ўз мевасини беради. Биз Ўзбекистон Нотариал палатасининг Халқаро нотариуслар иттифоқига аъзо бўлишини истаймиз ва бу йўлда кўмагимизни аямаймиз. Франция нотариати тажрибаси икки асрга тенг. Рақамлаштириш давлатга ҳам, аҳолига ҳам фойда экани бизнинг тажрибада ҳам исботини топди.
Делегация аъзолари Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
Н.Абдураимова, ЎзА