Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Саудия Арабистони Подшоҳлигининг мамлакатимизга Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Юсуф ал-Утайбийни қабул қилди.

Вазир ишонч ёрлиқлари нусхаларини қабул қилиб олар экан, элчини Ўзбекистондаги фаолиятини бошлагани билан табриклади ҳамда унинг масъулиятли лавозимдаги фаолиятига муваффақиятлар тилади.

Суҳбат чоғида томонлар мунтазам мулоқотни давом эттириш ва амалий ҳамкорликни, жумладан, ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар ҳамда Савдо, иқтисодиёт, фан ва технологиялар, маданият, спорт ва ёшлар масалалари бўйича Ҳукуматлараро комиссиялар мажлисларини ўтказиш орқали ҳамкорликни янада ривожлантиришга ўзаро тайёр эканликларини билдирдилар.

Энергетика, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида инвестиция лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқот чоғида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

 

ЎзА