Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Мажлисни Комиссия раиси З.Низомхўжаев олиб борди.
Комиссия аъзолари 2021 йил 24 октябрь куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари тўғрисидаги масалани кўриб чиқди.
– Пандемия туфайли юзага келган мураккаб шароитга қарамасдан, карантин қоидаларига амал қилган ҳолда Президент сайловида 16 миллиондан зиёд ёки 80,4 фоиз сайловчи ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиб, ўзи муносиб деб билган номзодга овоз берди, – деди З.Низомхўжаев. – Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни миллий сайлов қонунчилигимиз ҳамда умумэътироф этилган демократик тамойилларга мос, юксак ташкилий даражада ўтказишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган барча округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларига, вазирликлар, идоралар, ташкилотлар, бошқа мутасаддиларга, айниқса, оммавий ахборот воситалари вакилларига самимий миннатдорлик билдираман.
Таъкидланганидек, Президент сайловини катта қизиқиш билан кузатиб ва ўрганиб борган халқаро ташкилотларнинг миссиялари, хорижий давлатларнинг мингга яқин кузатувчилари, юзлаб чет эллик журналистлар томонидан мамлакатимиз сайлов қонунчилиги ва амалиётида қисқа муддат ичида амалга оширилган муҳим ўзгаришлар алоҳида эътироф этилди.
Сайлов кодексининг 95-моддасига мувофиқ, Округ бўйича сайлов натижалари фақат участка сайлов комиссияларининг тақдим этилган баённомалари асосида аниқланади. Округ сайлов комиссияси округ бўйича сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг умумий сонини, сайлов бюллетенларини олган сайловчилар сонини, овоз беришда иштирок этган сайловчилар сонини, ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар сонини ҳамда ҳақиқий эмас, деб топилган сайлов бюллетенлари сонини аниқлайди.
Округ бўйича сайлов натижалари округ сайлов комиссиясининг мажлисида аниқланади ва баённомага киритилади. Баённома комиссиянинг раиси, раис ўринбосари, котиби, бошқа аъзолари томонидан имзоланади ҳамда тегишли сайлов комиссиясига тақдим этилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги 14 та округ сайлов комиссиясидан сайлов округи бўйича овоз бериш натижаларини аниқлаш тўғрисидаги баённомалари Марказий сайлов комиссиясига белгиланган тартибда етказиб берилди.
Овоз беришда иштирок этган сайловчилар томонидан ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар сони қуйидагича кўриниш олди:
Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан номзод Баҳром Абдуҳалимовга – 549 минг 766 нафар ёки овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 3,39 фоизи;
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Шавкат Мирзиёевга – 12 миллион 988 минг 964 нафар ёки овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 80,12 фоизи;
Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Нарзулло Обломурадовга – 670 минг 641 нафар ёки овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 4,14 фоизи;
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан номзод Алишер Қодировга – 888 минг 515 нафар ёки овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 5,48 фоизи;
Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзод Мақсуда Ворисовага – 1 миллион 75 минг 16 нафар ёки овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг 6,63 фоизи ёқлаб овоз берган.
Ҳақиқий эмас, деб топилган сайлов бюллетенларининг сони 39 минг 443 тани ёки 0,24 фоизни ташкил қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи Округ сайлов комиссияларининг баённомалари Марказий сайлов комиссияси аъзолари томонидан ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижасида мазкур баённомалар Сайлов кодекси ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 14 апрелдаги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг фаолияти тартиби тўғрисидаги Низом талабларига тўлиқ амал қилган ҳолда расмийлаштирилган, деб топилди.
Мажлис сўнггида комиссия аъзолари 2021 йил 24 октябрь куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижаларини аниқлаш тўғрисидаги баённомани тасдиқлади ҳамда қарор қабул қилинди.
Н.Насриев, ЎзА
Оқилжон Ғуломов (сурат),ЎзА