Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда.
Дастлаб депутатлар “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда атрофлича кўриб чиқмоқда.
Қонун лойиҳасини маромига етказишда истеъмолчилар ҳуқуқларини кафолатлаш, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, иш ва хизмат кўрсатувчи) масъулиятини янада оширишга қаратилган нормалар билан бойитилди.
Шунингдек, қонун лойиҳасида ишлаб чиқарувчи ҳақида, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари, товар тўғрисидаги ахборотни истеъмолчиларга давлат тилида тўлиқ етказиш, товарни экспертизадан ўтказиш ҳолатлари ўз аксини топмоқда. Бундан ташқари, лойиҳада ваколатли давлат органи ва нодавлат жамоат бирлашмаларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколат ва ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Лойиҳа товарларни (ишларни, хизматларни) масофадан туриб, ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда реализация қилиш чоғида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик ва уларнинг олдини олишга қаратилган нормалар билан ҳам тўлдирилди.
Қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди.
Мажлисда халқ вакиллари “Гидрометеорология фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда атрофлича кўриб чиқдилар.
Қонун лойиҳасидаги гидрометеорология хизматини ягона ташкилий-техник тизим сифатида фаолият юритиши учун зарур шароитларни яратишга қаратилган ҳуқуқий нормалар гидрометеорология фаолиятини амалга ошириш тартиби, шу жумладан, гидрометеорология фаолияти объектлари ва субъектлари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тартибга солишда муҳим аҳамият касб этади.
Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аҳолини гидрометеорологик маълумотлар билан таъминлаш тизимини ривожлантириш, гидрометеорология соҳасидаги минтақавий ва халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди.
Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида “Почта алоқаси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди.
Мазкур қонун лойиҳаси юртимиздаги почта алоқаси хизматлари бозорининг ривожланиш даражаси ва жаҳон почта алоқаси хизматлари бозори ривожланишининг замонавий тенденцияларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
“Почта алоқаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ушбу соҳадаги муносабатларнинг барча жабҳаларини белгилаб берувчи базавий қонун ҳисобланади. Лекин бугунги кунга келиб, у почта алоқаси соҳасини ҳуқуқий тартибга солиш замонавий тенденцияларга жавоб бера олмайди.
Хусусан, қонунчилик амалиётига мувофиқ почта алоқаси соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланмаган. Почта алоқаси соҳасини давлат томонидан лицензиялаш орқали тартибга солиниши белгилаб қўйилган бўлсада, бугунги кунгача мазкур фаолиятни лицензиялаш тартиби жорий этилмаган.
Таклиф этилаётган қонун лойиҳасида эса амалдаги “Почта алоқаси туғрисида”ги қонунни почта алоқаси тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ва халқаро шартномалар меъёрларига мувофиқлаштириш, почта алоқаси соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва почта алоқаси турларини белгилаш назарда тутилмоқда.
Халқ вакиллари қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилдилар.
Н.Насриев, ЎзА