Марказий сайлов комиссияси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда 2019-2021 йилларда сайлов жараёнини қўллаб-қувватлаш” қўшма лойиҳасини амалга оширмоқда.
Ушбу лойиҳа доирасида “Сайлов ва гендер: сиёсат соҳасида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича халқаро ва миллий амалиёт” мавзусидаги семинарларга старт берилди.
Мазкур лойиҳа юзасидан 2021 йилда амалга ошириладиган тадбирлар Президент сайлови кампанияси даврида ҳамкорлик қилишга қаратилган бўлиб, сайлов жараёнининг шаффофлиги ва инклюзивлигини таъминлаш, аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайловда фаол иштирокини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларига бағишланади.
Ўқув -семинарлар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари, аёлларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари хотин-қизларининг сайлов жараёнидаги иштироки борасидаги касбий билим даражасини оширишга қаратилган бўлиб, аёлларнинг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг барча босқичларида иштирок этиш имкониятларини янада оширади.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низомхўжаев, Швейцариянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси К.Оболенский, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили М.Димовска, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Г.Маруфова иштирок этди.
– Ўзбекистонда Президент сайловига тайёргарлик жамиятни демократлаштириш жараёнлари тобора кенгайиб, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги юксалаётган, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтларининг роли ошиб бораётган, шунингдек, мамлакатимизнинг сайлов тизимини модернизация қилиш ишлари жадаллашган шароитда амалга оширилаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Бунинг учун Ўзбекистонда барча ҳуқуқий асослар ва имкониятлар яратилган: умумэътироф этилган асосий халқаро сайлов стандартлари ва нормалари имплементация қилинган миллий сайлов қонунчилиги ҳам, сайловларни ўтказиш борасида кўп йиллик миллий тажриба ҳам, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳам бор, – деди Зайниддин Низомхўжаев.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда гендер тенглик масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бугунги кунга келиб соҳага оид 25 та қонун ҳужжати қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати таркибида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши каби янги тузилмаларнинг ташкил этилиши Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқлари, гендер тенглигини таъминлашнинг ягона яхлит механизмига айланди.
Ўзбекистон тарихида илк маротаба миллий парламентда хотин-қизлар сони БМТ томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етди. Мамлакатимиз парламенти хотин-қизлар сони бўйича дунёдаги 190 та миллий парламент ўртасида 37-ўринга кўтарилди. Бугунги кунда сиёсий партияларда фаолият юритаётган хотин-қизлар улуши 44 фоизга, бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга етди.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва гендер тенглигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг давоми сифатида жорий йилда бўлиб ўтган Сенатнинг 15 ялпи мажлисида “Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси” қабул қилинганлиги таъкидланди.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни яратиш устувор йўналишлардан бири. Стратегияда кўзда тутилган бу борадаги тадбирлардан келиб чиққан ҳолда, Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловнинг барча босқичларида ҳотин-қизлар ва эркакларнинг тенг асосда иштирок этишини кузатувчи 11 та индикаторлар ишлаб чиқилди.
Ушбу индикаторлар бу йилги сайлов кампаниясидан бошлаб амалиётга табиқ қилинмоқда. Бугунги кунда индикаторлардан 7 таси бўйича тўлиқ маълумотлар мавжуд.
Ўқув- семинарларга БМТТДнинг халқаро экспертлари жалб қилинган.
Нурилло Насриев, ЎзА