Шавкат Мирзиёевнинг маълум қилишича, келгусида Шеробод тумани мисолида, туманни ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш бўйича янги “маҳаллабай” ишлаш тизими жорий қилинади.

Бугунги кунда Шерободда 48 та маҳаллада 8 минг 700 нафар меҳнатга лаёқатли аҳоли ишсиз.  Келгуси беш йилда яна 28 минг ёш меҳнат бозорига кириб келади.

Мисол учун, Айинли, Бойқишлоқ, Боғобод, Хўжақия маҳаллаларида  850 дан зиёд ишсиз аҳоли бор.

Ваҳоланки, ушбу маҳаллалар анорчиликка ихтисослашган бўлиб, 2 миллиард сўм ҳисобига 400 гектар бўз ерларни қайта ўзлаштирилиб, ушбу маҳаллалар аҳолисини тўлиқ банд қилиш мумкин.

Шунингдек, туманда 2 минг 300 гектар ерни фойдаланишга қайтариш ҳисобидан кооперация асосида анор плантациялари ташкил этилиб, туманда 4 мингта иш ўринлари яратилади.

Бунда, кооперативни ташкил этган тадбиркор хонадонлар ва деҳқонларни анор кўчатлари, ўғит ва дорилар билан таъминлайди ҳамда тайёр маҳсулотни кафолатли сотиб олади. Бу орқали, ҳар бир оила йилига 100 миллион сўмгача даромад олиши мумкин.

Бундан ташқари, туманнинг Каттабоғ, Ғуржак, Олтин воҳа ва Шеробод маҳалларида қўшимча 100 гектар майдонда лимончилик йўлга қўйилиб, 1,7 минг нафар аҳоли иш билан таъминланади.

Туманда 700 миллион тонна цемент, 6,5 миллион тонна оҳақтош, 43 миллион тонна минерал тузлар, 2,5 миллион тонна пардозбоп тошлар захираси мавжуд. Шу боис, Шеробод туманида саноат соҳасида умумий қиймати 7 триллион сўм бўлган 90 та лойиҳа амалга оширилиб, 7 мингдан зиёд иш ўрни яратилади.

Жумладан, мавжуд захираларни қайта ишлашга инфратузилма олиб келиниб, Вандоб маҳалласида 200 гектар майдонда Индустриал зона,  Тароқли ва Қорабоғ маҳаллаларида 2 та кичик саноат зонаси ташкил этилиб, 5 мингта аҳоли иш билан таъминлайди.

Шунингдек, мавжуд корхоналар фаолиятини кенгайтириш ҳисобига, 1,5 мингта иш ўринлари яратилади.

Бундан ташқари, туман ҳудудидан ўтган халқаро магистрал йўл бўйидаги ерлар очиқ аукцион орқали савдога чиқарилиб, 160 та хизмат кўрсатиш объектлари барпо қилинади ва 600 та иш ўринлари яратилади.

Туманнинг 7 та “қизил” маҳалласига тадбиркорлик дастурлари доирасида 10 фоизли ставкада 15 миллиард сўм кредит ажратилиб, 2 минг нафардан зиёд аҳоли бандлиги таъминланади.

Умуман, келгуси беш йилда қайд этилган тадбирлар натижасида, туманда 16 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланади.

– Туманнинг ҳозирги кундаги имкониятлари тўлиқ ишга солинса, бирорта ишсиз қолмаслиги керак, – деди Шавкат Мирзиёев.