Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилояти сайловчилари билан учрашувда вилоят аҳолисини қийнаб келган муаммоларга тўхталди.
Вилоятда 115 минг нафар аҳоли ишсиз. Бунга қўшимча равишда ҳар йили меҳнат бозорига 39 минг нафар ёшлар кириб келмоқда, 131 минг оила доимий даромад манбаига эга эмас. Соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида ҳам кўплаб камчиликлар мавжуд.
Энг оғир вазият – мактабгача таълим тизимида. Бандихон, Денов ва Қумқўрғонда мактабгача таълим билан қамров даражаси 30 фоизга ҳам етмайди. Вилоятда 119 та маҳаллада ҳали боғча мавжуд эмас.
58 та мактаб қувватига нисбатан 2 баравар кўп юклама билан ишламоқда, 2 мингдан зиёд педагог иш жойлари вакант.
– Энг ачинарли ҳолатлардан бирини бугун эсламаслик мумкин эмас. Чунки вилоятни шу аҳволга келиб қолишига, баъзи идораларда илдиз отиб кетган адолатсизликлар ҳам сабаб бўлган. Одамлар ҳеч нарсага ишонмай қолганди. Қўлидан иш келадиган тадбиркорлар ноҳақ қамалган ёки қочиб кетганди. Шунинг учун вилоятда тадбиркорлик республикада энг охирги ўринларда эди. Мана шу сабаблар ҳам, вилоят тараққиётига жиддий тўсиқ бўлиб келган, – деди Шавкат Мирзиёев.
Бу номаъқулчиликларни бартараф қилиш учун қонун устуворлиги таъминланиб, барчаси жой-жойига қўйилгани айтилди.
Юқоридаги муаммоларни ҳисобга олиб, Сурхондарёда аҳоли ҳаётини яхшилаш ва инсон қадр-қимматини таъминлаш бўйича беш йиллик дастур тайёрлангани маълум қилинди.
Шавкат Мирзиёев айни пайтда мазкур дастурга кирган режаларни вилоят сайловчилари билан муҳокама этмоқда.