Шавкат Мирзиёев фарғоналик сайловчилар билан учрашувда Фарғона водийсидан етишиб чиққан жадид боболаримизнинг эл-юртимиз маърифати, равнақи йўлидаги хизматларини ёдга олди.

– Биз бундан беш йил олдин Фарғонада маданият  ва санъат соҳасини ривожлантириш бўйича  катта режалар тузган эдик. Хусусан, халқимиз кўнглидан жой олган улуғ адиб ва санъаткорларимиз хотирасига бағишлаб гўзал бир маскан барпо этиш ҳақида фикрлашган эдик.

Бугунги кунда Марғилон шаҳрида ташкил этилган Ижодкорлар боғи, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидов номидаги

Ижод мактаби, шоирнинг мемориал музейи ва муаззам ҳайкали  нафақат Фарғона водийси, балки бутун мамлакатимизнинг адабий-маънавий муҳитига, ёшлар тарбиясига беқиёс таъсир ўтказмоқда.

Мен бугунги фурсатдан фойдаланиб, инсон қадрини,  маънавият ва маърифатни доимо улуғлаб яшайдиган Фарғона аҳлини мана шундай эзгу ишларни  давом эттиришга чақирмоқчиман.

Бу борада ўзбек мумтоз адабиётининг йирик сиймоларидан бири  – Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқатнинг ҳаёти ва фаолияти  алоҳида ўрин тутади.

Фурқат 50 йиллик қисқа умри давомида моҳир публицист,  тадқиқотчи, жаҳонгашта олим сифатида ноёб истеъдодини намоён этган. Унинг бундан кейинги фожиали ҳаёти, мусофирликда қолиб,  Ватанни соғиниб яшагани ҳам сизларга яхши маълум.

Фурқат  – Фарғона жадидларининг маънавий отаси бўлган. Мана, биз юртимизда  Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга  ҳаракат қиляпмиз. Ҳеч шубҳасиз, агар мустамлака тузумининг қатағон сиёсати бўлмаганида, ушбу Ренессансни маърифатпарвар жадид боболаримиз  яратган бўлар эди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари Зокиржон Фурқатнинг эл-юртимиз олдидаги буюк хизматларини инобатга олиб, унинг ижодини янада кенг оммалаштириш,  жумладан, Қўқон шаҳри марказидаги Фурқат боғида шоирнинг ҳайкалини ўрнатишни таклиф этди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев она тилимизни асраб-авайлаш,  унинг равнақини таъминлаш учун курашган, юртимизда илк бор  “Ўзбек тили” дарслигини яратган атоқли олим, журналист ва таржимон,  жамоат арбоби Ашурали Зоҳирийни ҳам ёдга олди. Бутун умрини эл-юртни маърифатли ва маданиятли қилишга бағишлаган, 1937 йили “халқ душмани” сифатида қатағон қурбони бўлган бу инсоннинг хотирасини абадийлаштириш зарурлигини таъкидлади.

 

ЎзА