Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев бугун, 22 сентябрь куни Хива шаҳрида Хоразм вилояти сайловчилари билан учрашмоқда. Тадбир Хива шаҳрида яқинда ишга туширилган “Фаровон” меҳмонхонасида бўлиб ўтмоқда.

Учрашувни номзоднинг Хоразм вилояти бўйича ишончли вакили Аминбой Вафоев очди. Шу йил 24 октябрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига Хоразмда ҳам пухта тайёргарлик кўрилаётганини таъкидлади. Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан вилоятда амалга оширилган бунёдкорлик ишларига қисқача тўхталди.

 – Ҳар бир кунимизга шукрона айтишимиз, қадрига етишимиз керак. Оддийгина мисол, қаерда ўтирибмиз ҳозир? Бундай кошоналарни Урганчда эмас, Хивада ҳам қурсак, мана шундай шароитларни яратсак бўларкан-ку! Агар биз ислоҳотларимизни ўйласак, одамларнинг оғирини енгил қиламиз десак, аввало шароит яратишимиз, чекка ҳудудларда ҳам замонавий хизматларни йўлга қўйишимиз керак. Бу – ҳали бошланиши. Хивага бундай меҳмонхоналарнинг ўнтаси ҳам етмайди, – деб сўзини бошлади Шавкат Мирзиёев.

Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилмоқда.