Мамлакатимиз муҳим сиёсий жараён арафасида турибди. 24 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Бугунги кунда аҳоли ўртасида, жумладан корхона ва ташкилотларда сайлов қонунчилиги, сайлов жараёни ҳақида маълумотлар бериш мақсадида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Навоий кон-металлургия комбинати Геология-қидирув экспедицияси мажлислар залида комбинат ишчи-хизматчилари, муҳандис-техник ходимлари иштирокида ўтказилган ана шундай тадбирда Марказий сайлов комиссияси аъзоси Шуҳрат Жўраев, 5-Навоий сайлов округи аъзоси Холмамат Раупов ва матбуот котиби Темур Эшбоевлар иштирок этди. Тадбирда сўзга чиққанлар сайлов натижалари Ўзбекистон келажаги, юртимизда бошланган кенг кўламли ислоҳотларнинг давомийлигини таъминлашга бевосита дахлдор эканлигини таъкидлаб, фуқароларни сайловда фаол иштирок этиб, ўзларининг конституциявий бурчларини бажаришга даъват этди.

Тадбирда шунингдек, 2019 йилнинг 25 июнида қабул қилинган Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти, демократия кўзгуси ҳисобланган бу сиёсий жараённи юқори савияда, қонунчилик талаблари ва халқаро стандартлар талаби даражасида ташкил этиш ҳамда фуқароларнинг сайловда фаол иштирокини таъминлаш муҳим вазифа эканлиги таъкидланди.

Муҳим сиёсий жараёнга бағишланган тарғибот тадбирида сайловчиларнинг мавзуга оид саволларига жавоб берилди.

 

НКМК Матбуот маркази.