2020 йил 18 декабрда бўлиб ўтган МДҲ давлат раҳбарлари саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасида координацияни кучайтириш ва ҳуқуқий ахборот алмашиш учун Ягона электрон платформани яратиш ташаббуси илгари сурилди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур ташаббусини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан алоқадор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ахборот алмашиш учун Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг Ягона электрон платформасини яратиш бўйича концепция лойиҳаси тайёрланиб, янада такомиллаштириш учун МДҲ Ижроия қўмитасига юборилди.

Мазкур концепция лойиҳасини келишиш бўйича экспертлар гуруҳининг йиғилиши Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги раислигида видеоконференция шаклида ўтказилди.

Тадбир МДҲ Ижроия қўмитаси томонидан ташкил этилган бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идоралари экспертлари билан бир қаторда Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Республикалари, Россия Федерацияси, шунингдек, МДҲ Ижроия қўмитаси ва тармоқ ҳамкорлиги органларининг ваколатли вакиллари ва экспертлари иштирок этди.

Очиқ ва конструктив мулоқот руҳида ўтган йиғилиш чоғида томонлар концепция лойиҳаси матни юзасидан фикр алмашди.

Томонлар концепция лойиҳасини қўллаб-қувватлади ва ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасида электрон ҳужжатлар алмашинувини амалга ошириш имконини берадиган ҳуқуқий ахборот алмашиш учун МДҲ Ягона электрон платформаси ўз вақтида яратилаётгани ва мақсадга мувофиқлигига доир якдил фикр билдирди.

Йиғилиш якунлари бўйича томонлар эксперт гуруҳининг кейинги йиғилишида концепция лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклифларни тақдим қилиш, муҳокамалар асосида ҳужжатни мукаммал ҳолга келтиришга келишиб олинди.

 

           Н.Абдураимова, ЎзА