АҚШда Ўзбекистон байроғи кўтарилади

Енгилмас профессионал боксчимиз Шоҳжаҳон Эргашев (11 0, КО 11) навбатдаги жангини 2018 йилнинг 12 январь куни АҚШнинг Нью-Йорк шаҳридаги «Турнинг Стоне Cасино Ресорт» аренасида америкалик Сони Фредриксонга (18 0-0, КО12) қарши ўтказади.
Мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келаётган Шоҳжаҳон Эргашев ўзининг ушбу жангга қандай тайёргарлик кўраётгани ҳақида ЎзА мухбири билан суҳбатлашди.
– Америкалик рақибингиз ҳақида нима дея оласиз?
– Сони ёш бўлишига қарамасдан жуда тажрибали боксчи. У бугунга қадар 18 жанг ўтказиб, уларнинг ўн иккитасида муддатидан аввал ғалаба қозонган. Унинг ўнг қўл зарбалари бироз кучли.
– Шоҳжаҳон ушбу жангга қандай тайёргарлик кўрмоқдасиз?
– Жангларга Нью-Йорк шаҳрида тайёрланаман. 12 январь куни бўлиб ўтадиган баҳсга доимгидек техник ва тактик, тезкорликни оширувчи машқларни бажармоқдаман. Нафақат боксда, балки спортнинг барча турларида спортчининг жисмоний ҳолати яхши бўлиши керак. Бунинг учун эса тинимсиз меҳнат, ғалабага бўлган интилиш жуда муҳимдир. Мен бўлажак жангга тайёрман!
– Фаолиятингиз давомида 11 жангни нокаут билан ютгансиз. Бу юксак ғалабаларини қўлга киритишингизга нима далда бўлади?
– Аввало ғалабага бўлган иштиёқим ва боя айтганимдек тинимсиз меҳнат. Шунингдек, онамнинг ва бошқа яқинларим, халқимизнинг ишончи ва уларнинг дуолари менга далда бўлади. Ҳар бир жангдан олдин Ўзбекистонимиз шарафини янада юксалтиришни ўз олдимга мақсад этиб қўяман.
– Келгусидаги режаларингиз?
– Энг катта мақсадим профессионал бокснинг ярим енгил вазн тоифасида чемпион бўлиш. Шунингдек, барча спортчиларимизнинг юксак ғалабаларга эришишини хоҳлайман.

 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА