Андижон фаоллари йиғилишида вилоятда уй-жой, ичимлик суви, йўл-транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини яхшилаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида вилоятда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг учун 1,3 триллион сўм маблағ ажратилган.

Вилоятда жорий йилда 6 минг 346 хонадонли 271 та кўп қаватли, шунингдек, ипотека асосида 2 минг 500 та якка тартибдаги уйлар қурилади. Шундан ушбу дастур асосида 2 минг 710 та хонадонга субсидия ажратилади.

Натижада аҳоли ўз хонадонида косиблик, ҳунармандчилик, тикувчилик, хизмат кўрсатиш ва бошқа тадбиркорлик фаолиятларини кенгайтириш имкониятига эга бўлади.

– Мана, кеча Андижон туманида 4 минг гектарлик адир ерларда барпо этиладиган Янги Андижон шаҳрига тамал тошини қўйдик. Ушбу янги шаҳарда жами 130 мингдан ортиқ квартирали кўп қаватли уйлар, таълим, соғлиқни сақлаш, савдо ва хизмат кўрсатиш масканлари, саноат зоналари, яшил ҳудудлар ва инфратузилма қурилади. Янги Андижон лойиҳаси – аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш билан бирга, улкан қурилиш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш орқали, вилоятни ривожлантириш бўйича янги “драйвер” бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бу лойиҳа орқали қурилиш материаллари, электротехника, мебелсозлик, тўқимачилик, полиэстер ва сунъий тола ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш каби йўналишларда кўплаб янги лойиҳаларни амалга ошириш учун имконият яратилади.

Мазкур улкан қурилиш жараёнида 10 мингта янги иш ўрни, шаҳар қурилиши якунланганидан кейин эса, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳаларида қарийб 100 мингта янги иш жойи яратилади.

Президентимиз 2022 йил 1 мартдан бошлаб Андижон шаҳри таркибида Янги Андижон тумани ташкил этилишини маълум қилди.

Янги Андижон ҳудудига тезкор транспорт қатнови йўлга қўйилади. Тошкент шаҳрида ва Андижонда Туркиянинг тажрибали лойиҳа компаниялари филиаллари ташкил этилиб, мутахассисларни ўқитиш белгиланди.

 

ЎзА