12 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида корхоналарнинг кредит қарздорлиги ортиб кетаётгани, пул маблағларининг банкдан ташқари айланиши каби жиддий камчиликлар борлиги қайд этилди.
– Яна битта муаммо, бу маблағларнинг банкдан ташқари айланишидир. У тармоқлар ва ҳудудлар раҳбарларининг бепарволиги туфайли юзага келган. Бу дегани, ўзларинг коррупция қилаяпсизлар. Нима кўрмаяпсизларми маҳсулот ишлаб чиқаряпти, кўрмаяпсизларми корхона ишлаяпти, хизмат ишлаяпти. Нимага солиқчи бормайди, нимага Қудбиев жар солмайди? Нимага вилоят ҳокимлари қўлига қалам олмайди? – деди давлатимиз раҳбари.
Маълум қилинишича, ўтган 3 йилда ҳудудий дастурлар доирасида 16 триллион сўмлик кредит ҳисобига амалга оширилган 4,2 мингта лойиҳанинг 50 фоизи, жорий йилдаги 11,5 триллион сўмлик 2,6 мингта лойиҳа бўйича 80 фоиз пул тушумлари банкдан ташқари айланмоқда.
Жумладан, Қашқадарё вилоятида – 477 та, Сурхондарё вилоятида – 463 та, Қорақалпоғистонда – 424 та, Хоразм вилоятида – 415 та, Наманганда – 414 та Андижонда – 370 та, Фарғонада – 356 та.
– Мана сизларнинг юзларинг қандай? Жаноб Қўчқоров, столни сиз қаттиқ уришингиз керак. Тизимингиз бор, биринчи ўринбосарларингиз, банклар бор, вилоят ҳокимлари, биринчи ўринбосарлари сизга бўйсунади. Селекторларда менга фалон фоиз ишчи жойи қилаяпман деб баланпарвоз ҳисобот беради. 16 триллион катта пулми биз учун? Жуда катта пул! Корхона ишлатмаётгани, пул банкдан ташқари айланаётгани қип-қизил коррупция эмасми? – деди Президент.
Бу рақамлар жойлардаги лойиҳалар фақатгина кредит олиш мақсадида, кўзбўямачилик учун амалга оширилаётганини англатиши таъкидланди.
– Шунча маблағ банкдан айланса, солиқ тушса бизнинг қанча-қанча имкониятларимиз, кўрсаткичларимиз ошади. Шу пайтгача бунақа тизим бўлгани йўқ, тадбиркорлар ҳам бунча пулни кўргани йўқ. Лекин бунинг ҳисоб-китоби бўлиши керакми? – деди Шавкат Мирзиёев.
Йиғилишда Бош вазир ўринборсари Ж.Қўчқоров ва Давлат солиқ қўмитаси раиси Ш.Қудбиев мазкур масала бўйича ахборот берди. Корхоналарнинг кредитни қайтариш кўрсаткичи паст ва пул маблағларининг банкдан ташқари айланиш ҳолларига йўл қўяётган ҳудудлар ҳокимлари қаттиқ жазоланиши эслатиб ўтилди.
Қайд этилишича, жойларда кредит ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг аксариятида инфратузилмага улаш, технолог, маркетолог топишда ёрдам бериш, маҳсулот бозорини топиш орқали уни сотишга кўмаклашиш бўйича бирорта тармоқ, ҳудуд, сектор ва тижорат банклари раҳбарлари тизимли ишларни ташкил этмаган.
Йиғилишда мутасаддиларга тижорат банклари раҳбарлари билан бирга икки ой муддатда ушбу корхоналар муаммоларини аниқлаб, уларни “соядан” чиқариш бўйича топшириқ берилди.
Жойларда давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича белгиланган параметрларни бажаришда рақамларни бўрттириб кўрсатиш кўп учраётгани маълум қилинди.
Бош прокурорга кредитларнинг мақсадли ишлатилиши бўйича кунлик назорат ўрнатиш ва айбдорларга нисбатан қатъий чоралар кўриш юзасидан топшириқ берилди.