Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида мактаб ва олий таълим муассасаларида чет тилларни ўқитиш сифатини ошириш учун халқаро андозаларга мос дарслик ва методик қўлланмаларни жорий этиш масаласига ҳам эътибор қаратилди.

Инглиз тили бўйича Кэмбриж университети нашриёти дарсликларини 200 та мактабда синовдан ўтказиб, кейинги йилдан барча мактабларда татбиқ этиш вазифаси қўйилди.

Давлатимиз раҳбари йил якунига қадар бу ишларни немис, корейс, хитой ва француз тиллари бўйича ҳам ташкил этиш лозимлигини таъкидлади.

– Ўқитувчиларимиз ўз соҳасида бўлаётган ўзгаришлар, янги адабиёт ва қўлланмалардан мунтазам хабардор бўлиб боришлари керак. Бунинг учун, янги ўқув йилидан бошлаб, мактаб ўқитувчиларига янги адабиёт ва қўлланмаларни сотиб олиш учун бюджетдан 1 миллион сўмдан маблағ ажратилади (53 минг ўқитувчига йилига жами 53 миллиард сўм – таҳ.).Шу каби Мактабгача таълим вазирлиги ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда, йил якунига қадар 7 ёшгача болаларга чет тилларини ўқитиш бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқиб, боғчаларда жорий этилишини таъминласин, – деди Президент.

Йиғилишда чет тилларини ўқитиш учун олий таълим тизимида мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан ошириш кераклиги қайд этилди.

– Ҳозирги кунда олийгоҳлардаги 78 фоиз профессор-ўқитувчиларнинг чет тилини билиш даражаси қониқарсиз аҳволда. Масалан, Нукус тиббиёт, Андижон иқтисодиёт ва қурилиш, Миллий рассомчилик ва дизайн институтлари каби 18 та олийгоҳда бирорта ўқитувчи хорижий тилни билиш сертификатига эга эмас. Ҳар бир олийгоҳ ректори бир йил ичида чет тили ўқитувчилари – 100 фоиз, келгуси 3 йилда эса касбий фанлар ўқитувчиларининг 50 фоизи халқаро сертификат олишига эришиши зарур, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бунда олийгоҳлар ўқитиш ва сертификат олиш харажатлари ўз жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.

 

ЎзА