Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан сув хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш, минтақада сув ресурсларидан самарали фойдаланишга қаратилган чора-тадбирларга оид фармон ва қарорлар ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан оммавий ахборот воситаларини яқиндан таништириш мақсадида “Сув тежовчи технологиялар – замон талаби, ҳаётий зарурат” мавзусида пресс-тур ташкил қилинди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб сув тежовчи технологияларни ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг бири «Nukus Polimer» масъулияти чекланган жамияти билан танишди. Ҳозирги кунда ушбу корхонада диаметри 12 мм дан 630 мм гача бўлган полиэтилен сув қувурлари ишлаб чиқарилмоқда. Шундан сув тежовчи технологияларида энг кўп қўлланиладиган 12 мм ва 16 мм бўлган шланг ва ленталар ҳамда томизгич, улагич каби қўшимча махсулотлар ҳам ишлаб чиқарилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида сув тежовчи технологияларни ишлаб чиқарувчи корхоналар яқин вақтгача йўқ эди. Жорий йилда «Аркавой мелиоратор» масъулияти чекланган жамияти томонидан томчилатиб суғориш ленталарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлса, ҳозирги кунда бу йўналишда бир неча корхона фаолият олиб бормоқда.

Ушбу корхоналарнинг сув тежовчи технологияларни ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйгани Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ҳудудларимизда сув тежовчи технологияни кенгроқ қўллаш имкониятини оширади. Мазкур қарор доирасида барча йўналишлар бўйича 45 минг 423 гектар майдонда сув тежайдиган технологияларни жорий қилиш назарда тутилган. Бунда томчилатиб, дискретли суғориш усулларидан ташқари 38 минг гектар майдон ерни лазерли текислаш вазифаси белгиланган.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йилнинг 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида сув хўжалиги соҳасини ривожлантириш, мавжуд сув манбаларидан самарали фойдаланиш ва экин майдонларининг шўрланиш даражасини камайтириш бўйича бир қатор вазифаларни белгилаб берган эди. Мазкур вазифалар доирасида Оролбўйига 200 та ер текисловчи лазер қурилмасини олиб келиш белгиланган эди. Ҳозир ушбу лазер қурилмаларининг аксарияти олиб келиниб, қарор доирасида белгиланган майдонларни лазер ускунаси ёрдамида текислаш ишлари олиб борилмоқда.

Тадбир иштирокчилари Нукус туманида жойлашган “Қизкеткен-Кегайли” ирригация тизими бошқармасига қарашли гидроиншооти, “Сувчилар боғи” ва «Қуваниш-Жарма» каналига ўрнатилган “Ақлли сув” қурилмаси билан танишди.

“Дўстлик” магистрал каналининг ПК252 нуқтасида жойлашган “Дўстлик-1” гидроиншооти 1962 йили фойдаланишга топширилиб, Нукус, Кегайли, Чимбой, Қораўзак ва Тахтакўпир туманларига “Кегайли”, “Қуваниш-жарма”, “Кўк-ўзяк” ва “Естек” каналлари орқали жами 161 минг 844 гектар ер майдонига сув етказиб берувчи асосий иншоот ҳисобланади.

«Қуваниш-жарма» каналига ўрнатилган “Ақлли сув” қурилмаси грант маблағи ҳисобидан Кореянинг “КОИКА” компанияси томонидан ўрнатилган. Бугунги кунгача “Дўстлик”, “Анасой”, “Суенли”, “Параллель” ва “Тахиаташ ГРЭС” каналларининг сув олиш қисмларига “Ақлли сув” қурилмалари ўрнатилиб, ишга туширилган. Шунингдек, “Кегейли”, “Кўкўзак” каналларига, Амударёнинг “Қизилжар” нуқтасига ва “ККС” коллекторига мана шундай қурилмаларни ўрнатиш режалаштирилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, “Ақлли сув” қурилмалари ўрнатилгач сув хўжалиги иншоотларида реал вақт режимида сувни назорат қилиш ва унинг ҳисобини юритиш, туман чегарасида етказиб берилаётган сув ресурсларини онлайн кузатиб бориш, аниқ ҳисоб-китобини юритишга эришилади. Сувни бошқариш жараёнларида инсон омилини камайтириш, сувни техник йўқотишларнинг олдини олиш, сувдан белгиланган лимит асосида фойдаланиш, сувни оператив бошқариш имконияти яратилади.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари Хўжайли ва Тахиатош туманларида сув тежовчи технологиялар жорий қилинадиган далаларда амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича таклиф билдирган 15 та кластер ва 591 та фермер хўжалигининг 22635 гектар майдонида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш, 5 та ғалла кластери ва 12 та фермер хўжалигининг 494 гектар майдонида ёмғирлатиб суғориш, 5 та фермер хўжалигининг 100 гектар майдонида дискрет суғоришни жорий қилиш бўйича қурувчи корхоналар билан шартнома тузиш ишлари олиб борилди. Бундан ташқари 240 комплект эгилувчан қувурни харид қилиш бўйича “Жиззахпластмасса” корхонаси билан шартнома расмийлаштирилди. Бугунги кунда 9787 гектар майдонда қурилиш ишлари давом этмоқда.

Жорий йилда кузатилаётган сув танқислигини юмшатиш мақсадида, суғориш даврида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ҳисобига 26 млн. куб.м. ерларни лазер текислаш ҳисобига 133 млн. куб.м. ирригация тармоқларини таъмирлаш-тиклаш ҳисобига 197 млн. куб.м. рақамли технологияларни жорий этиш ҳисобига 42 млн. куб.м. ҳамда бошқа агротехник тадбирлар ва зовур сувларидан фойдаланиш ҳисобига 2 миллиард 113 миллион, жами 2,5 миллиард куб метргача сув тежаш режалаштирилган.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармасининг ёрдамчи хўжалигида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам танишди. Шу ернинг ўзида журналистлар учун брифинг ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А.Мамбеткаримов, Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси раҳбари К.Сарибоев амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги режалар тўғрисида батафсил маълумот берди. Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан тегишли жавоб олди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА