Қорақалпоғистон Республикаси Шуманой туманида сектор раҳбарларининг ташаббуси билан “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган 13 та оила фарзандларининг суннат тўйи ўтказиб берилди.
Тадбирда туман ҳокими Б.Янгибоев ва бошқа сектор раҳбарлари давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда кам таъминланган ва ногиронлиги бор оилалар, аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.
Муборак Рамазон ойида ёрдамга муҳтож ва эҳтиёжманд шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хайрли ва савобли ишларни амалга ошириш халқимизга хос азалий қадриятларимиздан ҳисобланади. Бундай меҳр-оқибат ва хайру саховат тадбирлари ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, азалий анъана ва қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Болажонларга ҳомийлар томонидан эсдалик совғалари тақдим этилди.
Тўйи нишонланаётган болажонларнинг ота-оналари ва яқинлари ёрдамга муҳтож оилаларга кўрсатаётган бундай ғамхўрлик учун ўз миннатдорлигини билдирди.
Санъаткорлар томонидан намойиш этилган концерт дастури тадбирга янада кўтаринкилик бағишлади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА