Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган истиқболли лойиҳаларнинг ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши вакиллари, вазирлик ва идоралар, ҳудудларга бириктирилган банклар раҳбарлари, шаҳар ва туман ҳокимликлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар билан бирга ечимини кутаётган айрим муаммоларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Таъкидланганидек, бу бўйича қабул қилинган Дастур ижроси устидан Парламент назоратини ташкил этиш мақсадида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси томонидан Сенат аъзолари билан ҳамкорликда бевосита жойларга чиқиб мунтазам таҳлилий ўрганишлар ўтказилмоқда. Ушбу жараёнида нафақат назорат тадбирлари амалга оширилмоқда, балки, тадбиркорлар ва аҳоли фаоллари билан учрашувлар ташкил этилиб, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

Қарорга мувофиқ, ҳар бир шаҳар ва туманнинг имкониятларидан келиб чиққан ҳолда “ўсиш нуқталари” белгиланган. Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат, тўқимачилик, нефт-кимё саноати, боғдорчилик, иссиқхоналар ташкил қилиш, ипакчилик, туризм соҳаси шулар жумласидандир. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, ҳар бир ҳудудга вазирлик ва идоралар, тижорат банкларидан вакиллар бириктирилган. Белгиланган мақсадли кўрсаткичлар ва лойиҳаларни амалга оширишга қулай шарт-шароит яратиш учун қарор билан тадбиркорлик субъектларига ер солиғи, мол-мулк солиғидан озод қилиш ва бошқа қатор имтиёз ҳамда енгилликлар тақдим этилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида 2020-2022 йиллар давомида 1359 та устувор лойиҳани амалга ошириш ва 17631 та янги иш ўрни яратиш белгиланган. Шундан ўтган йилда 588 та лойиҳанинг ишга туширилиши белгиланиб, 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига амалда 1206 та лойиҳанинг 5 триллион 887 миллиард 424 миллион сўмлик инвестиция маблағи ўзлаштирилди ва 705 та лойиҳа ишга туширилди.

2021 йилда 592 та устувор лойиҳанинг амалга оширилиши ва 10 495 та янги иш ўрни яратилиши белгиланган. Жорий йилнинг I чорак якунига кўра, Дастурда белгиланган 1237 та лойиҳага 6 триллион 68,1 миллиард сўм, шундан 2021 йилнинг ўзида 53 та ташаббускорнинг 110,4 миллиард сўмлик инвестиция маблағи ўзлаштирилди. Жами 840 та лойиҳа ишга туширилиб, 5075 та янги иш ўрни, шундан 2021 йилнинг ўзида 133 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилди ва 738 та янги иш ўрни яратилди.

2021 йилнинг I чорак якуни билан 99 та лойиҳани амалга ошириш ва янгидан 902 та иш ўрнини яратиш режалаштирилган бўлиб, 77 та лойиҳа ишга туширилди. Дастурга асосан ушбу чоракда 56 та лойиҳа муддатидан олдин ишга туширилди ва 293 та янги иш ўрни яратилди.

Республика ҳудудларида амалга оширилаётган халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан қиймати 3983 миллион АҚШ долларилик истиқболли лойиҳалар мавжуд. Шундан, Қорақалпоғистон Республикасининг ижтимоий соҳа ва инфратузилма тизимини ривожлантириш мақсадида 20 та истиқболли лойиҳа доирасида 1326,7 миллион долларлик маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳалар бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Йиғилишда амалга оширилган ишлар билан бирга бир қатор муаммолар мавжудлиги қайд этилди. Бугунги кунга қадар 5 та банк томонидан 5 та лойиҳага 7,92 миллиард сўмлик кредит маблағи ўз вақтида ажратилмаган. Бундан ташқари 5 та туман ҳокимлиги томонидан қиймати 5 та лойиҳага ўз вақтида ер майдони ажратиб берилмаган. Фермерлар кенгаши томонидан 1 та лойиҳага кредит ресурси ўз вақтида келиб тушмаган. Шунингдек, қолган 11 та лойиҳа эса ташаббускорлар томонидан асосан ҳисоб-китобларда ноаниқликлар бўлганлиги туфайли ўз вақтида ишга туширилмаган.

Мазкур муаммоларни бартараф этиш бўйича фикр-мулоҳазалар тингланди. Тижорат банклари томонидан тармоқ жадваллари асосида лойиҳалар учун кредит маблағларини ажратишни таъминлаш, туман ҳокимликлари ва тижорат банклари ташаббускорлар билан келгусида амалга ошириладиган лойиҳаларни ўз муддатида ишга тушириш чораларини кўриш, дастурга киритилган лойиҳалар учун кредит маблағини ажратиш мезонларини қайта кўриб чиқиш бўйича масъулларга топшириқлар берилди. Шунингдек, ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва лойиҳаларни оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш бўйича келишиб олинди.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА